Ташиев: Олий суднинг раиси Гулбара Калиевага жиноят иши қўзғалди

293

Олий суднинг раиси Гулбара Калиевага нисбатан жиноят иши қўзғалди. Бу ҳақда МХДҚнинг етакчиси Камчибек Ташиев журналистлар учун уюштирилган матбуот анжуманида билдирди.

Ташиев Олий суд раисининг жиноий жавобгарликка тортиш бўйича етарли далиллар бор эканини айтди. Ҳозирда тергов ишлари давом этаётганини қўшимча қилди.

«Жиноят ишини дисциплинар комиссияга топширдик. Агар мазкур комиссия уни жиноий жавобгарликка тортишга мақуллик берса биз уни эгаллаган юқори лавозимига қарамай жавобгарликка тортамиз», — деди Ташиев.

У шунингдек, Калиеванинг ноқонуний ҳаракатлари сабаб давлатга йирик миқдорда зарар етганига тўхталди. Шу билан бирга агар комиссия Калиевани жавобга тортишга розилик берса МХДҚ уни дарҳол қўлга олишини айтди. Агар бермаса унда ҳеч нарса қила олишмаслигини билдирди.

Айни вақтда у Калиева қайси жиноят иши учун жавобга тортилишини аниқ айтгани йўқ.

«Тергов маҳфийлигига боғлиқ қайси факт бўйича жавобга тортилишини айта олмайман. Аммо уни ушлашга етарли далиллар бор», — деди у.

Гулбара Калиева 2018-йили 22-сентябрда Олий суднинг раиси бўлиб тайинланган. Суднинг биринчи  квалификация классига эга. Давлат хизматиннг III классдаги маслаҳатчиси.

Гулбара Калиева ким?

Гулбара Калиева 1959-йили 3-августда Иссиқкўл вилоятида туғилган. 1981-йили Ленинград давлат университетининг юриспруденция мутахассислиги бўйича таълим олган.

Меҳнат фаолиятини  1981-йили Чуй вилоятининг Аламудун тумани прокурорининг ёрдамчиси бўлиб бошлаган. Кейин Фрунзе шаҳрининг Ленин туман судининг судьяси, етакчининг ўринбосари бўлган.  1994-1999-йиллари эса Бишкек шаҳар судининг судьяси бўлиб ишлаган. Бундан ташқари Чуй вилоятининг Панфилов ва Сокулук туманларининг суди бўлган.

2004-2005-йиллари Олий суднинг бўлим етакчиси, 2005-2006-йиллари МСКнинг ҳуқуқ бўлимининг етакчиси, мазкур идора аппаратининг етакчиси қатори меҳнат қилган.

Шунингдек, Жогорку Кенешнинг вице-спикерининг ёрдамчиси бўлган. Олий суднинг етакчиси бўлиб тайинлангунга қадар уч йил Олий суднинг судьяси бўлиб ишлаган.