Янги биометрик электрон паспортлар 2021-йилнинг апрель ойидан берила бошлайди. Бу ҳақда Давлат рўйхатга олиш хизмати раисининг ўринбосари Тилек Батирканов матбуот анжуманида билдирди.
Унга кўра, янги электрон паспортлар шахсни тасдиқловчи энг замонавий ҳужжатлардан бири, шунингдек хавфсизлик жиҳатидан аввалгисига қараганда анча яхши.
Шунингдек, биометрик паспортлар билан давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларни аниқлаш ва рўйхатдан ўтказишни яхшиланади.
«Бу шунингдек, одам савдоси, ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишни ўз ичига олган трансчегаравий жиноятчиликнинг олдини олиш, аниқлаш ва тўхтатиш чораларининг самарадорлигини оширишга имкон беради. Ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда ноқонуний фойдаланиш билан янада самарали курашишимиз мумкин бўлади. Шундай қилиб, Қирғизистоннинг дунёда обрўси ошади», - деди ДРХ етакчисиннг ўринбосари.
Батиркановнинг шунингдек ҳукумат биометрик электрон паспортларни 2015 йилда жорий этишга қарор қилганлигини таъкидлади. Қирғизистонда электрон паспортларни бериш 2019 йилда бошланиши керак эди. Аммо паспорт сотиб олиш учун эълон қилинган тендер бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан олиб борилган тергов ишлари туфайли жараён кечиктирилган.
Жанжалли тендер
ДРХ 2018-йили электрон паспортларнинг бланкларини олишга 1,2 млрд сомлик тендер эълон қилган эди. Ўшанда тендерга «Қозоғистон Республикаси Миллий банкиннг Банкнот фабрикаси» (Қозоғистон), Mühlbauer ID Services GmbH (Германия), IDEMIA Identity and Security France (Франция) ҳамда Garsu Pasaulis (Литва) компаниялари қатнашган.
Натижада хизмат ҳақини 940 млн сомга баҳолаган Литванинг Garsu Pasaulis компанияси ғолиб деб топилган.
Бироқ Mühlbauer ID Services GmbH ва IDEMIA Identity and Security France компаниялари тендер қоида бузарликлар билан ўтганини билдириб, конкурс комиссиясининг қароридан шикоят қилишган.
2019-йилнинг февраль ойида, МХДҚ жиноят ишини қўзғаб, Garsu Pasaulis компанияси ДРХнинг амалдорлари билан енг ичида келишувга борган деб билдирган. Суд эса тендер комиссиясиннг қарорини бекор қилган.
Бу иш бўйича «Инфоком» давлат идорасининг директори Талант Абдуллаев, ДРХнинг статс-котиби Данияр Бакчиев ҳамда ДРХ етакчисининг ўринбосари Русланбек Сарибаев қўлга олинган. Суд қарори бўйича уларга 500 минг сом жарима солинган.
ДРХнинг собиқ етакчиси Алина Шаикова можаро ортидан хизматдан кетиб, мамлакатдан чиқиб кетган.
ДРХ эса янги тендер эълон қилиб, уни Германиянинг Mühlbauer ID Services GmbH компанияси ютиб чиққан.
Виза чекловлари
2020 йил бошида Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон фуқаролари учун виза чекловларини жорий қилди. Чекловлар иммиграцион визалар ва грин-карталарга таъсир кўрсатди. Ўша вақтда АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Доналд Лу «Қўшма Штатлар қирғиз паспортларининг обрўси, шунингдек уларни бериш жараёнидан хавотирда» деб билдирган эди.
Унга кўра, икки мамлакат расмийлари музокаралар олиб бормоқда ва Қирғизистон паспортларини ҳимоя қилиш даражасини кучайтиришни назорат қилишмоқда. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон паспорт муҳофазасини такомиллаштириш бўйича таҳлил ўтказиб, жараёнда ютуқлар кўрилиши биланоқ чекловларни олиб ташлайди.