Олий суд собиқ бош вазир Сапар Исаков ва президент аппаратида ишлаган Мира Карибаевага нисбатан Биринчи май туманининг ҳамда Бишкек шаҳар судининг ҳукмини бекор қилди. Бунга қадар мазкур инстанциялар Исаков ва Карибаевани Бишкекдаги Тарих музейини ҳамда Чолпон-Атадаги от майдонини қайта таъмирлашда коррупция ва лавозимини суиистеъмол қилган деб топган.
«Ишни қайта кўриш учун Бишкекнинг Биринчи май туман судига юборди», — деб айтди собиқ бош вазирнинг адвокати Бакитбек Автандил ўғли.
Исаковнинг яна бир адвокати Нурбек Токтакунов собиқ премьерга нисбатан Бишкек ИЭМини модернизациялаш иши бўйича суднинг ҳукумидан шикоят қилиб, уни ҳам бекор қилишга эришишини билдирди. Мазкур иш бўйича Сапар Исаков 2019-йили 15 йилга озодликдан ажратилган.
«Олий суд тавсияни қараб чиқади. Суд йиғини 28-декабрда ўтади. Биз ҳукмларнинг барини бекор қилиб, ишни қайта кўришга жўнатишни сўраймиз», — деди у.
Собиқ бош вазир Сапар Исаков 4-июнда ипподром ва Тарих музейини реконструкциялашдаги коррупцияда айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан ажратилган. Аммо ИЭМни янгилаш иши бўйича аввалги ҳукмни ёдга олиш билан (15 йил озодликдан маҳрум қилиш) Исаков натижада 18 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, 247 млн 650 минг сом жаримага тортилган.
Яна бир музей ва от майдонини реконструкциялаш иши бўйича айбланаётган президент аппаратининг фуқаровий тараққиёт бўлимининг етакчиси Мира Карибаева зиммасига суд мамлакат фойдасига 260 минг сом жарима тўлашни юклади.
Икки айбланувчи ҳам айбини тан олмаган ва ҳукмга рози эмаслигини билдирган. Исаковнинг адвокатлари эса суд йиғинидаги қонунбузарликлар ҳақида бир неча бор айтиб келган.
Собиқ премьер айни вақтда қаерда экани номаълум. У 6-октябрга ўтар кечаси қамоқдан бўшатилган. Ўшанда парламент сайловининг натижасидан рози бўлмаганлар оқ уйни босиб олиб, сўнгра қамоқдаги сиёсатчилар озодликка чиқишган.
6-октябрдаги мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғинида Исаков «қонун асосида 7 кунга озодликка чиққанини» билдирган, аммо бу муддат ўтгандан кейин амалдор колонияга қайтиб келмаган.
26-октябрда Жазони ижро қилиш хизмати жазодан қочганлиги учун соби бош вазирни халқаро қидирувга эълон қилган.
Тарих музейини реконструкциялаш бўйича иш
Бишкекдаги Тарих музейи собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ташаббуси бўйича 2016-йили мартда реконструкцияга ёпилган.
Реконструкция жараёнига Атамбаевнинг даврида президент маъмуриятининг раҳбар ўринбосари бўлиб турган Сапар Исаков бош бўлган.
2018-йили май ойида депутатлар реконструкцияланган музейга бориб, бино тендерсиз ва лойиҳа-смета ҳужжатларисиз таъмирдан чиқарилганини билдирган.
Ўша вақтда МХДҚ тарих музейининг реконструкциясига сарфланган маблағларни дархол текшира бошлаган. Кейинчалик таъмир нархи ортиқча қимматлатилган деб билдирган.
Бу иш билан Чолпон-Атадаги от майдонини қуришдаги коррупция ишлари бир бир жиноят ишига бирлаштирилган. Жазо кодексининг 303-моддаси («Коррупция») бўйича олти кишига айб қўйилган. Уларнинг орасида собиқ ҳукумат етакчиси Сапар Исаков ҳамда Мира Карибаева ҳам бўлган.
Давлат прокурорлари Исаков «ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, Мира Карибаева билан ҳуқуққа қарши доимий алоқа қурган» деб ишонтирган.
Бу Исаков айбланувчи қатори ўтаётган ёлғиз иш эмас. Тергов уни Бишкек ИЭМини янгилашдаги коррупцияда айблаган.
Исаков — собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг энг яқин тарафдори. Ҳукумат унга қарши жиноят ишларини Атамбаев билан ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековнинг зиддияти вақтида қўзғалган.