«Биримдик» ва «Мекеним Қирғизистон»нинг собиқ номзоди МСК етакчисининг маслаҳатчиси бўлди

324
Данир Иманалиев. Сурат: Акипресс

Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати Данир Иманалиев МСКнинг етакчиси Нуржан Шайлдабекованинг маслаҳатчиси бўлиб тайинланганини билдирди.

Данир Иманалиев собиқ божхоначи, Қирғизистондан 700 млн долларни чиқариб кетиш ишининг фигуранти Райимбек Матраимовга тегишли дейилган «Мекеним Қирғизистон» партиясидан номзод бўлган. Партиянинг рўйхатида Иманалиев 188-рақамда қайд қилинган. 4-октябрдаги парламент сайловига қатнашиш учун Иссиқкўл туманининг ҳокими хизматини ўтказиб берган.

Аммо кейинчалик Иманалиев «Мекеним Қирғизистон»нинг рўйхатидан чиқиб, «Биримдик» партиясининг қаторига қўшилган. Мазкур партияни ўшанда собиқ президент Сооронбай Жээнбеков билан боғлашган.

«Биримдик» ва «Мекеним Қирғизистон»

Ҳукуматга яқин деб айтилган «Мекеним Қирғизистон» билан «Биримдик» партиялари 4-октябрда ўтган парламент сайловида ғалабага эришган партияларнинг орасида бўлган. Сайлов  олди кампания вақтида икки партия ҳам №2 формаси орқали овоз сотиб олишга ҳам маъмурий ресурсни қўлланишда ҳам айбланган.

Бироқ, митинглар натижасида 6-октябрга ўтар кечаси Оқ уй босиб олингандан кейин Марказий сайлов комиссияси сайловнинг натижасини бекор қилган.

Кейин олтинчи чақирилишнинг депутатлари парламентга қайтадан сайлов ўтказишни 2021-йилга жилдиришга ва конституция реформаси ўтказишга йўл берувчи қонун қабул қилишган.