Текебаев референдум бўйича: Депутатларнинг оёқ-қўлини қайириб қўл қўйдириб олган

272

«Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаев референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси парламент қўмитасида қаралмаганини, бу регламентга қарши эканини «Азаттык»қа билдирди.

2021 йилнинг 10 январида ўлкада референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси қўмитада маъқуллангани маълум бўлган. Референдумда фуқароларга президентлик ёки парламентлик бошқарув формасини танлаш таклиф қилинади.

Текебаевнинг айтишича, қонун лойиҳасини Конституциявий қонунлар, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитанинг муҳокамасига қўйилишига ўн кунга яқин вақт бўлган. Шунга қарамай, мазкур масала қўмитада қаралмаган.

“Садир Жапаров «консультатив референдум бўлади» деб 7-каналдан айтгандан бери ўн кун ўтди. Ўн кун ичида қўмитанинг хулосасини чиқаришга ҳеч ким ҳаракат қилмади. Қўмита аъзоларига қонун лойиҳасини тарқатиб беришмаган. Биттадан қўл қўйдириб олди. Буни мен «фирибгарлик» ва «ўғрилик» деб атайман. Ўн кун ичида камида беш марта хулоса чиқарса бўлади. Қўмита эмас, президент аппаратидагилар депутатларнинг қўл-оёғини қайириб қўл қўйдириб олган деб ҳисоблайман”, — деб билдирди Текебаев.

Шунга қарамай Жогорку Кенеш қўмитасининг 17 аъзосидан тўққизи қонун лойиҳасини қўллаб, имзо қўйишган. Қўмитанинг қолган етти аъзоси лойиҳани қўллаган эмас — уларнинг орасида Текебаев ҳам бор.

Қўмитанинг бошқа аъзоси, депутат Айнуру Альтибаева ҳам қонун лойиҳасини муҳокама қилиш учун қўмита йиғини бўлмаганини «Кактус» нашрига айтган.

Референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилган депутат Акилбек Жапаров қўмитада савол-жавоб усули қўлланилганини айтди.

“Қўмитада булар «кворум йиғолмаяпмиз, савол-жавоб йўли билан битирамиз» дейишган. Шу йўл билан тугатишди”, — деди Акилбек Жапаров.

Ҳозирда референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси Жогорку Кенеш муҳокамасида.