Ўшда йўл ҳалокатидан икки киши вафот этиб, беш киши касалхонага тушди

246

Ўш шаҳрида 3 декабрга ўтар кечаси уч машина иштирокида йўл ҳалокати содир бўлиб, икки киши ҳалок бўлди. Беш йўловчи эса касалхонага тушган.

Ўш ШИИБнинг матбуот котиби Абсаттар Тавакалов билдиришича, тунги соат 1:00лар атрофида Ўш — Новқат йўлида қарама-қарши томонда келаётган икки «Хонда Фит» русумидаги машиналар тўқнашган.

Машиналар ортида келаётган «Деу Некция» русумидаги машина ҳайдовчиси тўқнашувдан қочишга ҳаракат қилиб, бошқарувни йўқотиб қўйган — у тоғ бағрига урилиб тўхтаган.

Йўл ҳалокатида «Хонда Фит» машиналарининг бирини ҳайдовчиси ва йўловчиси воқеа жойда ҳалок бўлган. Қолган икки машинадаги умумий беш йўловчи турли тан жароҳати олган.

«Ҳалок бўлган ҳайдовчи 25 ёшли йигит экани аниқланди. Йўловчининг эса шахси аниқланмоқда», — деди Тавакалов.

Ҳозирда фалокат бўйича текширув ишлари бормоқда.

10 кун олдин шу Ўш — Новқат йўлида икки машина тўқнашиб, йўловчи қатори кетаётган 47 ёшли аёл воқеа жойда ҳалок бўлган.

Ўш вилоят суд-тиббий экспертизаси бюросининг танатология бўлимини маълумотига кўра, 11 ой ичида умумий ўликхонага йўл ҳалокатидан қурбон бўлган 30дан ортиқ одамнинг жасади келган.