Ўш: Монополияга қарши агентлик гўштнинг нархи икки ҳафтадан кейин арзонлайди деб ваъда қилди

424
Сурат: «Ынтымак» сайтидан олинди

Ўш вилоятида гўштнинг нархи икки ҳафтадан кейин арзонлаши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат монополияга қарши агентлигининг Ўш шаҳри ва Ўш вилояти бўйича бўлимининг раҳбари Исматилла Сатимбаев «Клооп»га билдирди.

«Фермерлар ҳозир икки ой олдин ҳайвонлар қимматлаганда олган молларини сўйиб, сотувга чиқаришмоқда. Айни вақтда молларнинг нархи анча арзонлади. Қиммат олинган моллар сўйилиб битса, гўшт яна арзонлаши керак», — деди Сатимбаев.

Шунингдек, у гўштни арзонлаши учун ҳукумат қарор қабул қилганини айтди. Ноябрь ойида ҳукумат бошқа давлатларга ҳайвонларни чиқаришни тақиқлаган қарор қабул қилган. Мазкур қарор олти ой амалда бўлади.

Сатимбаевнинг айтишича, гўшт сентябрь ойидан бошлаб 5-7%га кўтарила бошлаган. Ҳукумат нарх 20%дан ошиб кетсагина назоратга олинади, унга етмаса таклиф бериш билан чекланади деди.

Қорасув туманида фермер бўлиб ишлаган Бакит Машиев гўштнинг қимматлашига емнинг нархи ҳам таъсир қилишини айтди.

«Ҳозир ҳайвонларни бошқа давлатларга чиқариш тақиқланди, агар шу чеклов жорий йилнинг январь ойида қўйилганда емнинг нархи ҳам арзон бўлар эди. Ҳозир молларнинг нархи арзонлагани билан бари бир емнинг баҳоси қиммат бўлмоқда», — дейди Машиев.

Сатимбаевнинг айтишича, ҳозир мол гўштининг баҳоси Ўзган туманида 400 сомга тушган. Қорасув, Аравон туманларида ва Ўш шаҳрида 450-460 сомдан сотилмоқда. Янги йил байрами муносабати билан нархлар 420 сомгача арзонлаши мумкин.