Абдураимов: Қорасувнинг ҳокимлигига талабгор бўлганларнинг Матраимовга алоқаси йўқ

Жарасул Абдураимов

Ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакили Жарасул Абдураимов 24 ноябрда маҳаллий журналистлар билан учрашди. Унда «Клооп»нинг журналисти нима учун Қорасув туманига ҳоким бир ярим ойдан бери тайинланмаслиги бўйича сўради.

Абдураимов ҳукуматга икки номзодни таклиф қилганини билдирди ва уларни собиқ божхоначиси Райимбек Матраимовга «алоқаси йўқ» деб ишонтирди. Уларнинг бири Мурадил Тешебаев, иккинчи номзод Нурлан Абдаев деди.

Тешебаев — ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакиллиги аппаратининг раҳбари. Адаев олдин Қорасув тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Икки номзод ҳам Қорасувдан бўлишади.

«Қорасувда резонансли воқеалар бўлгани сабаб бугунги кунгача ҳоким сайланмаяпти шекилли. Бироқ мен таклиф қилган номзодлар бор. Улар ҳам ўтмаяпти. Кўриб чиқишяпти шекилли. Менинг фикримча, интеллекти баланд, иқтисодни тушунган, туманга бирдай қараган, халқ ичида ҳурмати бор, тажрибали мутахассис келиши керак», — деб тушунтирди Абдураимов.

Ўш раҳбарининг фикрича, ҳудудлардаги энг катта муаммо — интеллекти кам, балки билаги зўр кишиларни хизматда ўтиргани.

«Матраимовларнинг таъсирини сезмадим»

Мен таклиф қилган номзодларни Матраимовларга алоқаси йўқ. Сабаби махсус хизматдагилардан биринчи маълумот сўрайман. Улар вақтида Қорасувда ишлаганлар, ҳукумат аппаратида ишлаб кетганлар, бизни аппаратда ҳам ишлаган, улар билан суҳбатлашганда муносиб йигит бўлиб кўриняпти», — деди у номзодлар бўйича фикрида.

Абдураимов Қирғизистонда энг таъсирли бўлган Матраимовларнинг таъсирини «мен сезмадим» деди. Унинг айтишича, у хизматга келгандан бери Матраимовлардан шикоят қилганлар бўлмаган.

Агар мурожаатлар бўлса, чора кўрилади деб ишонтирди.

Абдураимов ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакили этиб 19 октябрда тайинланган. У Олай туманининг Гулчў қишлоғида туғилиб-ўсган. Касби бўйича иқтисодчи. «Ишеним» партиясининг асосчиларидан бири ва етакчиси, Нанотехнологиялар институтига асос солган. Бундан ташқари, у ўндан ортиқ компаниянинг асосчиси бўлиб ҳисобланади.

Матраимовларнинг клани

Матраимовларнинг оиласи Қирғизистон жанубидаги энг таъсирли оила деб саналади. Бу оиладаги тўрт оға-ини давлатнинг юқори лавозимларида ишлаган.

Искендер Матраимов — Жогорку Кенешнинг депутати. Яна бир укаси Ислам жорий йилнинг июнь ойигача финполнинг ички суриштирув бошқармасини бошқарган.

Яна бир укаси Райимбек Матраимов — собиқ божхона раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Халқ орасида уни Райим-миллион деб аташади. У божхонадаги коррупция ва контрабанда бўйича журналистик суриштирувларнинг фигуранти.

Тилек Матраимов — Ўш вилоятидаги Қорасув туманининг собиқ ҳокими. Бу лавозимда 8 йил ишлаган.

Матраимов сайлов натижасидан норози бўлган томонлар Бишкекда Оқ уйни босиб олгандан кейин 6 октябрда ҳокимлик ваколатларини ўтказиб берган. Шу куни Ўзбекистон орқали чиқиб кетишга ҳаракат қилганда чегарада қўлга олиниб, Қирғизистоннинг МХДҚга ўтказиб берилган.

9 октябрда Ўш шаҳар суди Тилек Матраимовнинг қўлга олинишини қонуний деб топиб, бир ойга МХДҚнинг Ўш вилояти бўйича вақтинча сақлаш жойига киритилган. Бироқ суд 15 октябрда Тилек Матраимовни уй қамоғига чиқарган.

Кўп ўтмай, Тилек Матраимовни Қорасув тумани маъмурияти бошчилигига қайтиб келди деган маълумот тарқалган. Бироқ бу маълумотни акаси депутат Искендер Матраимов инкор қилган. Шунингдек, Искендер Матраимов укасида икки томонлама пневмония аниқланиб, даволанаётганини айтган.

Ҳозирда Қорасув тумани ҳокимининг вазифасини биринчи ўринбосар Капарбек Абдиев бажармоқда.