ИИВ Жанар Акаев билан Мирлан Жеенчороевни сўроққа чақирди

293

Ички ишлар вазирлиги Жогорку Кенешнинг депутатлари Жанар Акаев ва Мирлан Жеенчороевни сўроққа чақирди. Бу ҳақда «Клооп»га вазирликнинг матбуот котибаси Адинай Шаршеева билдирди.

«5-6 октябрда бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар факти бўйича ИИВнинг тергов хизматига гувоҳ қатори чақирилган», — деди Шаршеева.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган чақирувда Акаев сўроққа 19 ноябрга келиши кўрсатилган.

«24.kg» нашри шахсий манбаларга таяниб, Мирлан Жеенчороевнинг сўроқ муддати бошқа вақтга жилдирилганини ёзди — депутат ҳозир пневмонияга чалиниб, даволанмоқда.

Октябрдаги норозиликлар

5 октябрда Бишкекнинг марказий майдонида парламент сайловининг натижасига қарши чиққанларнинг оммавий норозилиги бошланган. Митинг иштирокчилари сайлов қонуни бузилганини, айрим партиялар овоз сотиб олишганини ва маъмурий ресурсдан фойдаланишганини айтишган.

Норозилик митингига чиққанлар билан куч тизимлари ўртасидан тўқнашув бўлиб, натижада ўлкада ҳукумат алмашган.

Митингчилар овоз чиқарувчи граната, сув ва елим ўқлар билан тарқатилган. Расмий маълумот бўйича, мингдан ортиқ одам тиббий ёрдам олган, уларнинг орасидан 439 митингчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Кўнгиллилар парламент биноси ва бошқа давлат объектларини қўриқлаб, уларни уларни митингчилар талон-тарож қилишдан ҳимоя қилишган.

Бироқ митингчилар иккинчи ҳаракатдан сўнг Оқ уйни босиб олиб, жиҳозларини бузиб, ёқиб юборишган. Бундан ташқари, пойтахт кўчаларида милициянинг бир нечта машинаси ёқилган. Юзлаган одамлар яраланиб, 19 ёшли Умутбек Альтинбек ўғли ҳалок бўлган. Бундан ташқари, елим ўқлар сабаб кўзидан айрилганлар ҳам бор.

Ички ишлар вазирлиги бу воқеалар бўйича «Оммавий тартибсизликлар» моддаси асосида судгача текширувни бошлаб, Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сўроққа чақиришга ҳаракат қилган.