Депутат Эмил Токтошев ИИВга сўроққа чақирилди

303
Токтошев

«Ата Мекен» фракциясидан депутат Эмил Токтошев 19 ноябрда ИИВга сўроққа чақирилди. Бу ҳақда Токтошев фейсбукда билдирди.

У «ҳукуматнинг нотўғри ишларини танқид қилганини», фракция лидери Ўмурбек Текебаев қамалганда ҳам «ҳар томонга қочмай, бир позицияда турганини» таъкидлайди.

«Сиёсий фаолиятимда жамиятдаги нотўғри воқеаларни, сиёсий тенгсизликни ҳар доим холис фикримни билдириб келганман. Шу вақтгача сўз эркинлиги борлиги учун жамиятдаги, сиёсатдаги барча нотўғри ишларни айтиб келдик! Мана, шу кун ҳам келди...», — деб ёзди у.

ИИВдан Токтошев 5-6 октябрда бўлиб ўтган оммавий тартибсизлик факти бўйича гувоҳ қатори чақирилганини билдиришди.

Шу билан бирга Токтошев мазкур факт бўйича сўроққа 19 ноябрда чақирилган учинчи депутат — ИИВ шу куни депутатлар Жанар Акаев ва Мирлан Жеенчороевга ҳам чақирув берган. Бироқ Жеенчороевнинг соғлиги сабаб сўроқ муддати жилдирилган.

Токтошев ўзи бир кун олдин Конституциянинг янги лойиҳасига қаршилигини айтган эди — у қонун лойиҳасининг муаллифи қатори кўрсатилгани билан унга қўл қўймаганини билдирган.

Конституциянинг янги лойиҳаси жамоатчиликда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Унга кўра, президентнинг ваколатлари кенгайтирилиб, «Халқ қурултойи» деган янги органни киритиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, Бош қонуннинг лойиҳасида «премьер-министр» хизмати «ҳукумат раҳбарига» ўзгартирилган, бироқ ҳукуматни президент бошқаради.

Шунингдек янги лойиҳада сўз эркинлиги чекланиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам бор. Шу сабаб айрим фаоллар, юристлар ва фуқаровий жамият вакиллари норози бўлиб, қаршилик акцияларини уюштиришни таклиф қилишмоқда.