Ўш мэрияси олдида очлик эълон қилган Кундуз Усупбаеванинг синглисини уриб кетган томон фикр билдирди. Ҳайдовчининг отаси Сатарали Мингбаев «Клооп»га воқеани батафсил айтиб берди.
Мингбаев — Новқат туманининг Кўкжар қишлоқ ҳукуматининг раҳбари эканини тасдиқлаб, жабрланган томонга имкони борича ёрдам беришаётганини билдирди.
У воқеа уларнинг яқинларидан бири вафот этган кунга тўғри келиб қолганини айтди.
«Фалокат экан. Ўғлим уриб кетгандан кейин ўзи касалхонага олиб бориб, машинасининг рақамларигача ташаб келган. Яқинимизнинг таъзияси бўлгани сабаб шу кунига бизга айтолмай кейинчалик билдик», — деди у.
Мингбаев улар воқеадан хабардор бўлгандан сўнг олдин қизнинг опаси билан боғланишга ҳаракат қилишганини таъкидлади. Бироқ у «синглисини касалхонага ётқизгандан кейин гаплашишини» айтиб, кейин қўнғироқларга жавоб бермаган.
«Нима қилишни билмай қолдик. Энди фалокат экан. Даволанишига, ҳаммасига ёрдам берамиз деб ҳаракат қиляпмиз. Ўғлим ҳам шу ерда, иш давом этяпти. Бизни яқинлаштиришмаяпти», — деди у.
Бундан ташқари, бу қизнинг яқинлари уларга «шифокорга пул бердик деб айтсанглар, аризани қайтариб оламиз» деб таклиф киритишганини билдирди. Бироқ Мингбаев шифокорни ҳам, терговчини ҳам танимаслигини айтди.
“Булар асосан шифокорга қарши бўлишмоқда. Уни танимасак, кўрмасак қандай пул бердик деб айтамиз? Бировнинг айбини бўйнимизга олгимиз келмайди. Мен боламни қутқариш учунгина «унга пул бердим» деб айтолмайман”, — деди у.
Жалолободнинг яшовчиси Кундуз Усупбаева Ўш мерияси олдида бир ҳафтадан бери очликни давом эттирмоқда. У муддатсиз очликни 12 ноябрда бошлаган.
Усупбаева бу вақтгача синглисини машина уриб кетиб, юролмай қолганини, уриб кетганлар эса «жазоланмай», унинг даволанишига ҳам «тўсқинлик қилишаётганини» айтган. Бундан ташқари, Ўш вилоят ва шаҳар касалхонасининг шифокорлари унинг ташхисини «ўзгартириб, жиноятчилар билан бирлашиб олганидан» шикоят қилган.
У очлик эълон қилганидан бошлаб, унга шаҳар раҳбаридан бошқа бирорта ҳам ҳукумат вакилига эътибор бермаган. Бундан ташқари у мериядан комиссия тузилиб, бироқ унга ҳам «ишонишмаётганини» айтишмоқда.
Ўш мериясининг матбуот котиби Азамат Абсаттаров мерия томонидан қандай чора кўрилиши керак бўлса, буларнинг ҳаммаси бажарилаётганини маълум қилди.
«Тушунтириб ўтайин, биз мерия улар норози бўлган одамнинг қўлига кишан солиб қамай олмаймиз. Ёки улар ўйлагандай қарор чиқарувчи орган эмасмиз. Фақатгина назорат қилиш учун мер топшириқ берди», — деди Абсаттаров.
Ўш ШИИБининг матбуот котиби Замир Сидиков экспертиза қизнинг «танасига унча оғир зарар келтирмаган» деган хулоса чиқарганини, бироқ милиция бунга аралаша олмаслигини айтди. Шунингдек, у ШИИБдан ССВнинг Ўшдаги координаторига шифокорларнинг ҳаракатига юридик баҳо бериш бўйича хат юборилганини айтди.
«Иш судга ўтмаган. Техник экспертизанинг хулосаси чиқса, судга ўтади. [...] Иш қоидабузарлик моддаси бўйича тергов қилинаётгани сабаб қамаш мумкин эмас экан», — деди у.
У ҳозирда ШИИБда «Транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидаларини бузиш» моддаси бўйича судгача бўлган текширув бораётганини қўшимча қилди.
Усупбаева норози бўлаётган шифокорлар билан боғлана олмадик. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўш шаҳри бўйича координатори Киял Ташполотовдан тегишли жавоб олишнинг имкони бўлмади.