Бектур Искендер: Конституцияни сақлаш учун пиёда юришга чиқаман, бошқаларни ҳам даъват қиламан

957
«Клооп»нинг асосчиларидан бири

Биз охирги вақтгача ҳаммаси бу даражада ёмон эмас деган ўйда эдик. Бироқ ҳаммаси энг ёмон сценарий билан кетмоқда: Қирғизистондаги ҳукуматни узурпация қилишни истаган одамлар гуруҳи янги Конституциянинг ҳеч қачон йўл бермайдиган вариантини таклиф қилишмоқда. Бу Конституция Қирғизистон халқи ўн йиллар давомида курашиб келган қадриятларга қарши бўлади.

5 октябрда митингчилар Бишкекнинг марказида адолатсиз парламент сайловига қарши чиққанда улар Конституцияни ўзгартиришни талаб қилган эмас. Халқ биринчи навбатда сайлов бўсағасини ва сайлов гаровини озайтириш билан амалдаги Конституция бўйича қайта сайлов ўтказишни сўрашган.

Ҳозирги Конституциянинг айрим жойлари идеал эмас, бироқ ўзгача фахрланадиган бир неча ҳолатлар бор: президентнинг бошқарувини бир неча муддат билан чеклаш, сўз эркинлигини таъминлаш ва бир партиянинг парламентда эгаллайдиган ўринлари сонини чеклаш.

Қирғизистоннинг вақтинча лидерлари таклиф қилган вариант бу уч пунктни умуман йўқ қилади.


Бизнинг ўлкада президентга яна сайланишга ва қонун лойиҳаларини таклиф қилишга имкон бериш жуда ҳам хавфли — бу доим авторитаризмга олиб келади. Бу сафар ҳам яна шунга қараб бормоқда.


Лойиҳа муаллифлари 23-моддани таклиф қилмоқда, унинг ёрдами билан «одоб-ахлоққа зарар қилишни» тақиқлагилари келади — бу сабаб билан улар ҳаммамизни, журналистларни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини, қолаверса орамиздаги энг иймонли ва консервативларимизни оғзини ёпишмоқчи.

«Миллий Қурултой» деган ноаниқ аталишдаги идора бўйича ғоя жуда ҳам хавфли. Бу нима? Парламентнинг дубликатими? Ёки инқилоб сабаб ҳукуматга келиб олиб, ҳар бир қадамимизни назорат қиладиган гуруҳми? Уни бизга нима кераги бор?

Вақтли ҳукумат рақиблари билан дастлабки кунлардан бошлаб зўравонлик билан кураша бошлагани хавотирга солади — Садир Жапаровнинг тарафдорлари 9 октябрда криминалга қарши пиёда юришга чиққанларга ҳужум қилгани ёдимиздан чиқмайди. Изоҳларда бу одамнинг ғояларини танқид қилишнинг ҳар бир ҳаракати учун бир қанча таҳдидларни ёзишаётганини айтмаса ҳам бўлади.

Конституциянинг лойиҳаси кўпроқ октябрдаги сайловга қатнашган энг коррупциялашган уч партия депутатларининг ёрдами билан кўрсатилмоқда: «Биримдик», «Мекеним Қирғизистон» ва «Қирғизистон». Қирғизистонда бўлган инқироз учун шу одамларнинг айби бор.


Энди эса улар эркинлигимизни ўғирлашмоқчи бўлишаётганини ҳис қиляпман.


Ҳозир юз бераётганларнинг ҳаммаси — бу коррупцияга ботаётган эски сиёсатчиларнинг ва уюшган жиноятчиликни ўзларини сақлаб қолиш ҳаракати.


УЙҒОНИНГ!


Биз бу йил «Клооп»ни кўпчилик ўқиётганини биламиз. Келаётган якшанба куни ўқувчиларимизни камида ўндан бир қисми Конституцияни сақлаш учун пиёда юришга чиқса, унда биз ўлкамиздаги ҳукуматни тортиб олишга ҳаракат қилаётган гуруҳни ортга чекинтира оламиз.

Биз ўз нашримизда холис бўлганмиз — бизга, ҳақиқатни айтганда ким президент бўлиб сайланиши ёки қайси партиялар Жогорку Кенешга ўтиши барибир. Бироқ у қандай амалга ошиши хавотирга солади.

Таклиф қилинаётган Конституциянинг лойиҳаси — бу бизнинг эркинлигимизни чеклаш, бизнинг очиқ-адолатли сайлов ўтказишдаги мувозанатни сақлаш механизмига ҳужум.

Агар сиз Қирғизистонни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз, унда 22 ноябрда, якшанба куни соат 12:00га Бишкекдаги марказий темир йўл бекатининг олдидаги майдонга келинг. Конституцияни сақлаш учун пиёда юриш Эркинлик бульваридан Ала-Тоо майдонигача одатий маршрут бўйича ўтади.

Ўзингиз учун ҳаракат қилишдан қўрқманг.