«Диктатуранинг кераги йўқ». Қишлоқ хўжалик вазири Конституциянинг янги лойиҳасига қарши чиқди

375

Қишлоқ хўжалиги вазири Тилек Токтогазиев фейсбук саҳифасида Конституциянинг янги лойиҳасига қарши фикр билдирди.

Токтогазиев янги Конституция жамиятни бўлиб, «ҳукумат тармоқларининг мувозанатини» бузади деб ҳисоблайди.

«Бизга бир кишининг диктатураси эмас, қонун устуворлиги керак. Ўйиннинг шартини фақат қонун аниқлаши керак. Ҳаммамиз мана шу жамиятнинг келишувларини ҳурмат қилишимиз керак.агар бу келишувдаги ўзгартиришлар жамиятнинг бир қисмига ёқмаса, куч билан тан олдириш тўғри эмас», — дейди Токтогазиев.

Шунингдек, у қонун лойиҳасининг муаллифларини референдум ўтказишга шошилмай, уни жамоатчиликнинг иштирокида муҳокама қилиб, ҳар бир пунктни алоҳида муҳокама қилишга чақирди.

«Конституция консенсус орқали қабул қилиниши керак. Акс ҳолда сизлар кейинги сиёсий кўтарилишларга жавобгар бўласизлар», — деб қўшимча қилди вазир.

Токтогазиев олтинчи чақирилишнинг депутатлари 17 ноябрда таклиф қилган Конституциянинг янги лойиҳасига қарши фикр билдирганларнинг биринчиси эмас.

Қонун лойиҳаси эълон қилингандан кейин юристлар, депутатлар ва жамоатчилик томонидан танқидий фикрлар ёмғирдай ёғила бошлади.

Асосан юристлар барча ҳукумат тармоқлари президент назоратига ўтиб, Конституциянинг янги лойиҳаси Қирғизистонни авторитаризмга олиб боради деб билдиришди.

Бундан ташқари, Жогорку Кенешнинг олтинчи чақирилиши легитимсиз бўлгани учун бундай аҳамиятли қонунларни таклиф қилолмаслигини юристлар олдин ҳам бир неча марта айтишган.

Шунингдек, жамоатчилик қонун лойиҳасида ОАВларини цензураси қаралганини таъкидлашди. Ижтимоий тармоқларда эса бош қонуннинг янги лойиҳаси «Ханституция» деб атала бошлади.

Бу орада жамоатчилик қонун лойиҳаси қабул қилинишига қаршилигини тинчлик юришида билдирмоқчи бўлди. Юриш 22 ноябрда Бишкек шаҳридаги Темир йўл бекатида бошланиб, марказий «Ала-Тоо» майдонида давом этади.