Президентнинг вазифалари спикер Талант Мамитовга юкланди

402

Президентнинг ваколатлари Жогорку Кенешнинг раиси Талант Мамитовга 14 ноябрда ўтказилди. Бунга қадар давлат раҳбари вазифасини премьер-министр Садир Жапаров бажариб келган — у президентлик сайловига қатнашиш учун ваколатларини ўтказиб берди.

Мамитов ўз мурожаатида президент вазифасини бажарувчи қатори «халқнинг тинчлигини, ўлканинг бутунлигини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилишини» билдирди.

«Халқнинг талабини бажариш мақсадида конституциявий ислоҳотлар тайёрланмоқда. Энг асосий мақсад — 2021 йилнинг 10 январига белгиланган президентлик сайловини очиқ ва қонун доирасида ўтказиш. Ҳамма номзодлар учун бир ҳил шароит яратиш билан халқнинг эркин танловини таъминлаш. Шу сабаб давлат раҳбари вазифасини бажаришга киришаётиб, халқ олдида, давлат олдида шахсан жавобгар эканимни ҳис қиляпман», — деди Мамитов.

«Республика — Ата-Журт» фракциясининг депутати Талант Мамитов 4-ноябрда Жогорку Кенеш спикери бўлиб сайланган — у «Кыргызстан» партияси лидери Канат Исаевнинг ўрнига келди. Исаев президентлик сайловига қатнашиш учун спикерликдан кетганини айтган.

Бу вақтгача Мамитов Жогорку Кенеш йиғинларида бир нечта депутатлар билан парламент сайловидан олдин конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини айтиб келган. Бу фикрни Садир Жапаров ҳам маъқуллайди.

Талант Мамитов 2010 йили Садир Жапаров ва Камчибек Ташиев асос солган «Ата Журт» партиясидан Жогорку Кенешнинг бешинчи чақирилишига депутат бўлиб сайланган.

2012 йилнинг октябрь ойида Жапаров, Ташиев ва Мамитов Кумтўр олтин конини миллийлаштириш талаби билан Оқ уйнинг олдида митинг уюштиришган. Кейинчалик митингчилар Оқ уй тўсиғидан ошиб тушишга ҳаракат қилишган.

Уч депутат ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қўлга олиниб, уларга «ҳукуматни куч билан босиб олиш» айби қўйилган. Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2013 йили уларни айбдор деб топган. Кейин Бишкек шаҳар судида судья Курманкул Зулушев депутатларни оқлаган. Жорий йилнинг 20 октябрида Олий суд уларни тўлиқ оқлади.

Бугунги кунда Камчибек Ташиев МХДҚнинг раиси, Курманкул Зулушев Бош прокурор этиб тайинланган.