Бишкекда Гапар Айтиев номидаги тасвирий санъат музейини сув қоплади

340

Пойтахтдаги ёмғирдан сўнг Гапар Айтиев номидаги Қирғиз миллий бадиий санъат музейини сув қоплади. Музейнинг сув қоплаб кетган залларидан бирида олинган сурат ва видеолар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

 

Директор ўринбосари Кубат Каработоевнинг айтишича, системанинг ва паркетнинг таъмирига камида 100 минг сом маблағ керак. Музейни олдин ҳам сув қоплаган: ёмғир сувларини чиқарувчи тизимни таъмирлаш кўп йиллардан бери амалга ошмайди.

«Бу вақтгача ёмғир сувларини оқизувчи қувурларни таъмирлаганмиз, бироқ олдинги қилинган таъмирлаш ишлари учун ёлланма компанияга 224 минг сом қарзмиз. Ҳукуматдан ҳозирча бу маблағни тўлашга ва тизимни капитал таъмирига пул беришга имкони йўқ деган жавоб олдик», — дейди у.

Гапар Айтиев номидаги бадиий санъат музейи — Қирғизистондаги тасвирий санъатнинг энг яхши намуналари йиғилган асосий музей. Унда 18 мингга яқин суратлар, ҳайкаллар ва қирғиз ҳунармандчилигининг бетакрор коллекцияси билан 18-20-асрдаги таниқли рус рассомларининг асарлари сақланган.

Музей капитал таъмирга муҳтож эканлиги бир йил олдин айтилган — бу ҳақда музейнинг раҳбарияти ва Маданият вазирлиги ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбековга билдирган. Бироқ музейнинг таъмирлаш ишларига маблағ ажратилган эмас.