Суриштирув. Аеркен Саймаитини ёлланма қотиллар қандай ўлдиришган?

411
Иллюстрация: Светлана Тюрина

Аеркен Саймаити журналистларга яширин контрабанда империяси ва уни амалга оширишга йўл берган таъсирли қирғиз амалдори ҳақида айтиб берган. Ҳозир қўлимизга теккан ҳужжатлар уни қандай қилиб йўқ қилингани ҳақида хабар беради.

Айнан ўтган йилнинг шу вақтида ўзини «пул қонунийлаштиришнинг мутахассиси» деб таништирган Аеркен Саймаитини Истанбулдаги қаҳвахонада отиб кетишган.

Туркия полицияси бу жиноятга диний экстремизм сабаб бўлганини билдирган. Шубҳали тўрт кишининг иккиси исломий жангарилар деб сифатланиб, ҳамон тергов қамоғида. Полициянинг билдиришича, улар Саймаитини «мусулмон бўлмагани учун ўлдиришган».

Аеркен Саймаити. (Манба: Аеркен Саймаити)

Бироқ бу воқеанинг ортида қанча сир борлиги ҳақида шубҳали фикрлар пайдо бўлган.

Отиб ўлдирилгунча 37 ёшдаги Хитойда туғилган уйғур йигит яширин ноқонуний йўл орқали Қирғизистондан юз миллионлаган долларни чиқариб кетишда ўзи бажарган ишлар ҳақида батафсил маълумотларни, материалларни берган.

«Азаттык» радиоси, «Уюшган жиноятчиликни ва коррупцияни ўрганиш» лойиҳаси (OCCRP), унинг Қирғизистондаги ҳамкори Kloop медиаси биргаликда олиб борган суриштирувда Давлат божхона хизмати етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матримов билан кўпчиликка номаълум Хабибулла Абдукадирнинг яширин бизнеси порахўрликнинг ва коррупциянинг майдонига айланганини Саймаити ошкор қилган.

Бу суриштирувлар эълон қилингандан кейин Қирғизистонда порахўрликка қарши норозилик акциялари ўтиб, октябрдаги парламент сайловидан кейинги халқ қўзғолонига ҳам туртки бўлди.

Хавотирда эканини яширмаган Саймаити ўлдирилишидан олдин Матраимовнинг сирларини «бошқалар билан бўлишсанг, биз сени ўлдириб кетамиз» деб огоҳлантирилганини журналистларга айтган.

Энди журналистларнинг қўлига теккан терговнинг қоғозлари, унинг ичида Саймаитининг бевасини кўрсатмаси, Саймаитини ўлдирилиши учун гумондорларнинг сўроқда берган кўрсатмаларининг стенограммаси бу жиноятнинг сабабини батафсил очиб бериб, унга исломий экстремизм сабаб бўлган деган маълумот шубҳага сабаб бўлмоқда.

Саймаитига ўқ отган гумондорнинг айтишича, уни одам ўлдиришга ўзаро келишув асосида бир жангари ёлланган. Бу жангари жиноий ишга диний кўз қараш сабаб бўлганини айтиб тушунтирган. Бундан ташқари терговнинг материаллари кўрсатишича, Саймаити отиб ўлдирилган куннинг эртасига унинг аёли Вуфули Бумаилиаму куёвини ўлдиришни у яширин ишларини журналистларга очиқлаган Матраимов билан Абдукадир «уюштириб бошчилик қилган» деб кўрсатма берган.

“У «менга бирор нарса бўлса, шу одамлар ўлдирганини полицияга айтиб беришинг керак» деб айтган”, — деган Бумаилиаму.

Райимбек Матраимов. (Манба: OCCRP)

Турк полицияси бу кўрсатмага қай даражада эътибор бергани ва бундан кейин ҳам аҳамият бериши ҳозирча номаълум. Ҳужжатлар полиция Саймаитини отиб ўлдирган йигитдан Абдукадир ҳақида сўраганини, у бундай одамни танимаслигини айтгани кўринади.

Мухбирлар боғланганда, Саймаитининг беваси Бумаилиуаму полицияга берган кўрсатмасининг мазмунидан тонмаган, бироқ Матраимов билан Абдукадир ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. Изоҳ сўраган илтимосномамизни Абдукадир ва турк полицияси жавобсиз қолдиришди.

Журналистларга юборган электрон хатида* Райимбек Матраимов Саймаитининг ўлимига «ҳеч қандай алоқаси йўқ» эканини билдириб, турк полицияси бу жиноятни амалга оширганларни жавобгарликка тортганини қўшимча қилган.

*Матраимовнинг жавоби журналистларга унинг туғишганининг ёрдамчисига тегишли почтадан келди: kaimova.adelaida@mail.ru

Ҳозирча бундай суд бўлгани ҳақида маълумот йўқ. Матраимов Саймаити ўлдирилган кунлари Истанбулда бўлганини, турк полицияси бирор марта сўроққа чақирмаганини таъкидлаган.

Сиздирилган ҳужжатларни қандай текширдик

Туркия полициясининг ҳужжатлари аноним манбалар орқали мухбирларнинг қўлига тегди. Унинг айримлари октябрь ойининг бошида фейсбукдаги Қирғизистонга алоқаси бор гуруҳнинг саҳифасида ҳам эълон қилинди.

Турк полицияси қўлдаги ҳужжатлар ҳақидаги саволларимизни жавобсиз қолдирса ҳам, мухбирлар мустақил манбалар орқали ундаги маълумотларнинг кўпини текшириб ва тасдиқлаб олишди.

Қўлимиздаги ҳужжатлардаги маълумот, унинг ичида икки манбанинг айтганлари 2020 йилнинг март ойида бу ишнинг текширилиши ҳақидаги Истанбул полициясининг очиқ эълон қилган ҳужжатдагиларга мос келади.

Полициянинг ҳисоботида Бумаилиаму ўз кўрсатмасида унинг ўлдирилган турмуш ўртоғи билан икки одам ўртасида «муаммоли масалалар» чиққанини, уларнинг бири Қирғизистонда етакчилик хизматида турганини айтиб, Матраимовнинг исмини очиқ айтмаган.

Саймаитининг ўлимини текширган Қирғизистоннинг парламент комиссияси эълон қилган хулоса ҳужжати ҳам бизни қўлимизга теккан материаллардаги маълумотни тасдиқлайди. Депутатларнинг хулосасида турк полициясидан олинган тўрт гумондорнинг кўрсатмаларига иқтибос қилинади. Улардаги бир қанча аҳамиятли фактлар биздаги ҳужжатларда айтилганларга мос келади.

Депутатларнинг хулосасида Саймаитининг ўлимига боғлиқ Матраимовнинг ёки Абдукадирнинг номлари айтилмайди, уни танқид қилганлар парламент комиссиясини «коррупция схемасидаги Матраимовнинг ролини йўқ қилиб тозалаб берди» деб айблашган. Комиссия аъзолари Саймаитининг бевасини кўрсатмаси билан танишган-танишмагани номаълум.

Қирғизистоннинг ички ишлар вазирининг ўринбосари июнь ойида парламент комиссиясига маълумот бераётиб, Туркия Саймаитининг ўлими бўйича терговнинг тўлиқ маълумотини беришдан қочаётганини айтган.

«Адем» исмли одам

2019 йилнинг 12 ноябрида, Саймаити ўлдирилгандан 48 соат ўтмай, Туркиянинг жанубий томонидаги Адана шаҳрининг полицияси бу иш бўйича икки қирғиз фуқароси ва Суриянинг бир фуқароси қўлга олинганини билдирган.

Қирғизистон ҳукумати кўп ўтмай Ахметалиев ва Энвер қирғиз фуқаролари деган маълумотни инкор қилган.

Полиция билдиришича, бу уч киши чегарадан Сурияга ўтишга ҳаракат қилганда қўлга олинган. Тўртинчи гумондор уйидан Саймаитига ўқ отилган эҳтимолий қурол топилганда ушланган.

«Азаттык» радиосига берган интервьюсида Адана полициясининг расмий вакили Адан Килич жиноятда гумон қилиб ушланган Ахметалиев билан Энвер Суриядаги исломий гуруҳларга алоқаси борлигини айтган. Саймаитини ўлдиришга тахминий сабаб қатори полициячи «марҳумнинг динбузарлигини» айтган.

«Сўроқ вақтида улар Саймаитини «мусулмон эмас» деб ўлдиришганини айтиб беришди», — деган Килич.

Бироқ бизни қўлимиздаги кўрсатмага қараганда, Саймаитини отиб ўлдирган йигит марҳумни танимаслигини ва шунчаки ўртадаги шартномага кўра шу ишни қилган. Гумондорлар билдиришича, уларни Сурияда «Адем» исмли жангари шундай диний сабабни айтган, шу жангари жиноий ишнинг ташкилотчиси бўлган.

«Нима учун бу одамни ўлдиришимиз керак?» деб сўраганда, Адем: «У мусулмон эмас, динбузар, уни ўлдириш керак» деб жавоб берганини Саймаитига ўқ отган деб гумон қилинган Энвер турк полициясига айтган.

Кўрсатмага кўра, Адем бу ёлланма қотиллик операциясини бошдан охиригача ташкил қилиб, пул масаласидан такси чақиришгача бўлган ишларни шахсан ўзи назорат қилиб, Энверга Истанбулга бориб иккинчи ёлланма одам Ахметалиев билан учрашиши кераклигини айтган. Саймаитининг суратини, манзилини, машинасининг рақамини, йўлга деб 1500 долларни шу Адем берганини Энвер полицияга айтиб берган. Адем ҳар бирига шу ишни бажариши учун 50 минг доллардан беришга ваъда берган.

Журналистлар Адемнинг асл исмини, қаердан эканини аниқлай олишмаган. Энвер уни ўзбек миллатига мансублигини, 28 ёшдалигини, сочи қирилган қорачадан келган йигит деб тасвирлайди. Унинг айтишича, Адем пулдор, Сурияда аёли ва камида бир боласи билан яшайди.

Энвер турк полициясига Адемга Суриядаги жангариларнинг машғулот лагерига йўлиққанини, бу лагерь «Катиба ал-Тавхид вал-Жихад» гуруҳига қарашли эканини айтган. Кўпчилиги ўзбек миллатидаги ва Марказий осиёлик бошқа халқлар вакилларидан иборат лагердаги бу ҳаракат олдин «Ал-Каида» ташкилотининг Суриядаги қаноти бўлиб ҳисобланган «Ан-Нусра Майдани»га қарашли бўлган.

Энвер Адемни террор гуруҳнинг ташкилий ишларини қўлга олган етакчи қатори тасвирлаб, «озиқ-овқат, ичимликлардан бошлаб, қурол-яроққача зарур бўлган нарсаларни сотиб олиш хизматини қилади» деб қўшимча қилган. Энвер ўзи Сурияда мазкур ташкилотнинг лагерида беш йил яшаб, қурол-яроқдан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтганини билдирган.

Ўш билан алоқаси

«Катиба ал-Тавхид вал-Жихад» гуруҳининг лидери, Абу Салох исми билан машҳур, 30 ёшдаги қирғизистонлик Сирожиддин Мухтаров. У икки террор ҳужумида: 2016 йили Хитойнинг Бишкекдаги элчилигидаги ҳудкушнинг портлатиши ва 2017 йилнинг апрелида Санкт-Петербург метросидаги портлашни уюштиришда айбланган.

Мухтаров Ўш вилоятидаги Қорасув туманининг Қашқар-Қишлоқ қишлоғида туғилган. Қорасув тумани – Матраимовлар туғилган жой ва таянчи. (Саймаитини ўлдириш бўйича гумондорларнинг яна бири — Ахметалиев ўз кўрсатмасида Ўшда туғилганини айтган).

Мухтаров Суриядаги жангари ташкилотнинг раҳбариятидан 2019 йили кетганини Миллатлар ташкилотининг хавфсизлик кенгаши ҳам тасдиқлайди.

Қотиллик

Энвер Истанбулга Саймаитини ўлдиришдан уч ҳафта олдин келганини, унгача унинг эҳтимолий шериги Ахметалиев улар нишонга олувчи киши ҳақида маълумот тўплаганини айтади.

Иккиси Саймаитининг ҳаракатини икки ҳафтагача кузатишган.

Энвернинг кўрсатмасига қараганда, икки шерикнинг биринчи уриниши охирги дақиқаларда қўрқиб кетгани учун муваффақиятсиз бўлади. Шундан сўнг «Адемга қўнғироқ қилиб, нима бўлганини айтдик» дейди.

“Адем: «Отиб ташланглар. Агар отолмасангиз пулни қайтаринглар, олдинги берилган пулларга қўшиб», — деб жавоб берди. Биз унга: «Маъқул, уни ўлдирамиз», — деб жавоб бердик”.

2019 йили 10 ноябрнинг кечида улар Саймаитининг ортидан «Кунлун» меҳмонхонасига боришган. У икки дўсти, уларнинг бири шу меҳмонхонанинг эгаси билан ташқаридаги кафеда ўтиришган.

Саймаитига ўқ отиш вазифаси Энвернинг зиммасида бўлган, Ахметалиев яқин жойда

Истанбулдаги кафеда Саймаитининг отилишидаги ҳолат. (Манба: Bishkek24 Videoдан олинган скриншот)

машинада кутиб ўтирган. Энвер полицияга айтиб беришича, бу сафар ҳам унинг виждони безовта қилади, бироқ у тўппончани тепкисини босиб ишни тугатишга қарор қилди.

Кўчадаги хавфсизлик камерасидаги видеода кечки соат саккиздан бироз ўтганда у ташқаридаги қаҳвахонанинг зинасидан тушиб келиб, Саймаити томон бурилиб, қуролини олиб бир неча марта ўқ отганини кўриш мумкин. Шундан сўнг ортга бурилиб, зина билан юқорига кўтарилиб, қора машинага ўтириб, кўздан ғойиб бўлади.

«Уни неча марта отганим эсимда йўқ», — деган Энвер полицияга сўроқ бераётиб.

Саймаити нимани билган?

Агар Энвернинг хронологияси аниқ бўлса, Саймаитининг журналистлар билан охирги 2019 йили октябрнинг ярмидаги учрашуви қотиллар уни ортидан кузатиб юрган вақтга тўғри келган.

Истанбулнинг машҳур «Чигиран-Палас» меҳмонхонасидаги учрашувда у журналистларга анчадан бери айтганларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг яна бир қисмини берган. Улар Саймаитининг ўзини иш берувчиси Абдукадирнинг ёрдамида анча пулнинг ноқонуний манбасини яшириш учун — унинг орасида Матраимовга тўланган пораларни ҳам — қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб дунёнинг ҳар томонига жўнатиб турганини кўрсатади.

Матраимов ва Саймаити

Журналистларга юборган электрон хатида Райимбек Матраимов Аеркен Саймаити билан қачондир ва бирор бир молиявий ёки бошқа томондан алоқада бўлганини тўлиқ инкор қилади:

«Мен сизларнинг суриштирувингизда номи айтилган кишиларга ҳеч қандай алоқам йўқлигини такрорлашдан чарчадим».

Суриштирувнинг олдинги қисмида Саймаити журналистларга берган молиявий маълумотномада ва электрон пул ўтказиш ҳужжатлари Матраимовларнинг оилавий хайрия фондига ва қимматбаҳо кўчмас мулк объектларини сотиб олишга юз минглаган доллар маблағ сарфлангани кўрсатилган.

Бироқ Саймаити журналистлар билан кейинги учрашувга келолмаган. У бу сафар Матраимовнинг алоқасини тасдиқлайдиган қўшимча ҳужжатларни беришга ваъда берган. У нимага келмаганини тушунтирмаган. Кейинчалик ўз ҳаётидан хавфсираётганини, унга нисбатан таҳдидлар кучайганини айтган. У қотиллик бўлган кунгача журналистлар билан учраша олмаган, бироқ алоқани узмай маълумот-материаллари билан бўлишиб турди.

Саймаитининг беваси Бумаилиаму турк полициясига берган кўрсатмасида охирги йилда унинг куёвига босим кучайиб, у бутунлай босим остида юрганини айтган.

Саймаитининг беваси Матраимов билан Абдукадир пулга боғлиқ муаммо сабаб «куёвимни ўлдирамиз деб қўрқитиб юрган» деб айтган.

Хабибула Абдукадир (ўнгда) Хитойда туғилган уйғур тадбиркор. Қозоғистон паспортидан фойдаланади, Марказий Осиёда юқори даражадаги сиёсий алоқалари ва Евроиттифоқ ҳудудида, Бирлашган Араб Амирлигида қимматбаҳо мулклари бор. (манба: OCCRP)

2019 йили Саймаити «Азаттык» радиосининг журналистига молиявий ҳужжатларнинг бир қисмини берган. «Азаттык» биринчи суриштирувини ўша йилнинг май ойида чиқарган.

«Ўша интервьюдан кейин таҳдид кучайди», — деган Бумаилиаму.

Аёл Матраимов билан Абдукадир унинг куёвини дўстини ўлимини «ортида туришини» ҳам айтган. Саймаити ўлдирилишидан уч ҳафта олдин Бишкекнинг «Манас» халқаро аэропортида тўхтатилган машинанинг юкхонасидан қўл-оёғи боғланган эркак кишининг жасади топилган.

«Жуда яқин дўстлар»

Матраимов билан Абдукадирни айтганда, Саймаитининг беваси уларнинг расмий исмларидан фойдаланмайди.

Матраимовни у Райимбекни туркча шаклда «Rahim» деб атаб, «ўша вақтда Қирғизистоннинг божхона вазири бўлган» деб янглиш сифатлайди. (Матраимов 2015-2017 йиллар оралиғида Қирғизистон Давлат божхона хизмати раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган).

Компьютерга ёзилган кўрсатмаларида Бумаилиаму Абдукадирни «Эбибулла Абдулкадар Пехливан» деб атаб, Абдукадирнинг тахминан янглиш ёзилган исмини айтади, унга туркча «Палван» деган номни қўшиб, уларнинг кўп ҳолларда айтилган оилавий фамилиясини айтади. (Абдукадирнинг яқин қариндошлари Хадер, Палван, Абибулла каби бир неча фамилиядан фойдаланиб юргани маълум).

Бу икки одамни қандай атаса ҳам, Бумаилиаму раҳматли куёви улар билан олиб борган бизнес ҳақида жуда яхши хабардор бўлади.

Бумаилиаму ўз кўрсатмаларида Матраимов билан Абдукадирни «Қирғизистондаги юк ташувчи компанияларнинг эгалари» ва «жуда яқин дўстлар ва бизнес ҳамкорлар» деб тасвирлаган.

У полицияга: «Кувим ўша одамларнинг пулларини Дубайга, Германияга, Британияга ва Америкага ўтказиб турган», — деб айтиб берган.

Бумаилиаму журналистларнинг қўлига теккан кўрсатмасида куёвининг дўстини исмини айтмагани билан стенограммадан у Хусан Керимов эканини билса бўлади. 39 ёшдаги такси ҳайдовчиси Саймаитининг пул ташувчи курьери бўлиб ишлаган.

Саймаити журналистларга айтишича, Керимов катта миқдордаги нақд пулни Қирғизистондан Туркияга самолётда ташиган. Саймаити Керимов йўқолган туни Истанбулга 1,6 миллион доллар нақд пулни кўтариб келиши керак бўлган, бироқ бу амалга ошмаган.

Қирғизистон ҳукумати Керимовнинг ўлимига боғлиқ тўрт кишини айблаган. Уларнинг ичидан Ўшдан чиққан иккиси шу кунга қадар озодликда. Бу ҳақда парламент комиссиясининг июнь ойидаги хулосасида айтилади.

Саймаитининг аёли турк полициясига: «Мени куёвимнинг дўсти Туркияга пул олиб келаётганда ўлдирилган, бизнинг пулимизни аэропортдан ўғирлаб кетишган» деб айтган.

«Куёвим «шу ишнинг ортида ҳам ана шу иккиси туради» деб айтган», — деган Бумаилимау полицияга Матраимов билан Абдукадирни кўрсатган.

Райимбек Матраимов электрон хатида Керимовнинг ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдириб, марҳумнинг номини янгиликларни ўқиб билганини қўшимча қилган.

Биргаликдаги журналистик суриштирувнинг аввалги қисмида маълум қилинганидай, Керимов каби курьерлар Истанбулдаги Саймаитига нақд пул олиб келганда баъзан улар чегарада декларация тўлдирганда «маблағ Абдукадирга қарашли Palvan İnşaat Turizm Lojistik Sanayi Ticaret Limited деган компанияга тегишли» деб ёзишган.

Истанбул полицияси Саймаитининг ўлими бўйича суриштирув ҳисоботини бергандан бир неча ҳафта ўтмай мана шу компания Туркия президенти Режеп Тайип Эрдоган бошлаган коронавирус инқирози вақтида фуқароларга ёрдам бериш жараёнида 170 000 доллар хайрия ёрдамини кўрсатган. Компания турк лидери эълон қилган ҳаракатнинг энг асосий ҳомийларидан бири бўлиб қолди.

Туркиянинг хайрия ишларини назорат қилган Оила, меҳнат ва ижтимоий хизматлар вазирлиги Абдукадирнинг компанияси кўрсатган ёрдамга боғлиқ бу ташкилотнинг фаолияти ҳақида бирор бир текширув бўлган-бўлмагани ҳақидаги саволимизга изоҳ бермаган.

Мақола Kloop, OCCRP, "Радио Азаттык" ва Bellingcat ҳамкорлигида тайёрланди