Қорасув: Ер сотишда айбланган собиқ қишлоқ ҳукумат етакчиси ҳоким бўлишни истамоқда

315
Исмаилов. Сурат: Turmush

Ўш вилоятининг Қорасув тумани ҳокими хизматига мазкур туманнинг Папан қишлоқ ҳукуматининг собиқ раҳбари Эрмат Исмаиловнинг номзоди кўриб чиқилмоқда. Маълумотни Исмаиловнинг ўзи «Клооп»га тасдиқлади.

«Мен номзодимни ўзим таклиф қилдим. 1-2 кунда ҳал бўлади», — деди у.

Ҳукуматнинг Ўшдаги вакиллигининг матбуот котиби Нуркиз Кадирбек қизи «Исмаилов ҳоким бўлиб келади» деб ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди.

Шунингдек Кадирбек қизи унинг ҳоким бўлиб келишига қарши бўлган яшовчилар 11 ноябрда вилоят маъмуриятига келишганини қўшимча қилди.

“Бугун эрталабдан бошлаб «шу ер сотган олдинги қишлоқ ҳукумати раҳбари ҳоким бўлиб келса, унда биз митинг қиламиз» деб маҳаллий яшовчилардан уч киши келди. Вакил Бишкекда бўлгани учун биз қабул қилдик, хафаликларини билдириб кетишди”, — деди у.

«Ноқонуний ер сотган» собиқ қишлоқ ҳукумати раҳбари

Эрмат Исмаиловга 2018 йили Тўлўйкўн қишлоқ ҳукуматининг раҳбари билан бирга «ноқонуний ер сотиш» бўйича жиноий иш қўзғалган. Унда у «Эътиборсизлик» моддаси бўйича айбдор деб топилиб, бироқ жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабаб жазоланмай қолган.

Шу сабаб бир йил олдин Папаннинг яшовчилари Қорасув туман маъмурияти олдига норозилик билдириб йиғилишган – улар судланган қишлоқ ҳукумати раҳбарини хизмат ўрнига қайтарган собиқ ҳоким Тилек Матраимовни истеъфога кетишини талаб қилишган.

Шунингдек қишлоқ ҳукумати раҳбарини судлангандан кейин ҳам ишлашидан норози бўлишган.

Исмаилов жамоатчиликда собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг «яқин одамларидан бири» деб айтилади.

Жорий йилнинг сентябрида Тўлўйкўн қишлоқ ҳукуматининг Деҳқон-Қишлоқ қишлоғининг яшовчилари ушбу собиқ қишлоқ ҳукуматининг раҳбари Алмаз Абдикеримов билан Эрмат Исмаиловнинг «ноқонуний ишларига» норози бўлиб, уларнинг устидан шикоят қилишган.

Улар олдинги амалдорлар уларга ажратиб берилган ерларни тортиб олишаётганини айтиб, уларнинг «рэкетлари» уйларни бузаётганидан шикоят қилишган — ижтимоий тармоқларга бу ҳақда лавҳа тарқалиб, унда тўрт экскаватор бир неча уйларнинг пойдеворларини ва деворларини бузаётганини кўриш мумкин.

Мазкур қишлоқнинг яшовчиси Суюмкан Абитова олдинги амалдорларнинг одамлари уни калтаклаб кетганини айтган. Шу сабаб ишни криминал милициянинг ҳудудлараро бошқармаси тергов қила бошлаган. Шунингдек воқеага Исмаиловнинг иштироки бор-йўқлиги аниқланиши айтилган.

Собиқ ҳоким

Туманнинг олдинги ҳокими Тилек Матраимов 5 октябрдаги исёнлардан кейин ваколатларини ўтказиб бергани айтилган. Шунингдек тартибсизликлар вақтида яшовчилар маъмуриятга бостириб кириб, ўзларига «янги ҳоким қатори хусусий тадбиркор Руслан Маматовни» тайинлашган. Бироқ вазият барқарорлашгандан бери унинг вазифасини ўринбосари бажармоқда.

*Тартибсизлик вақтидаги тайинлашлар расмий ҳисобланмайди.

Ўша куни у Ўзбекистон орқали чиқиб кетишга ҳаракат қилганда чегарада қўлга олиниб, Қирғизистоннинг МХДҚга ўтказиб берилган.

9 октябрда Ўш шаҳар суди Тилек Матраимовнинг қўлга олинишини қонуний деб топиб, бир ойга МХДҚнинг Ўш вилояти бўйича вақтинча сақлаш жойига киритилган. Бироқ суд 15 октябрда Тилек Матраимовни уй қамоғига чиқарган.

Кўп ўтмай Тилек Матраимовнинг Қорасув тумани маъмурияти бошчилигига қайтиб келди деган маълумот тарқалган. Бироқ бу маълумотни акаси депутат Искендер Матраимов инкор қилди. Шунингдек, Искендер Матраимов укасида икки томонлама пневмония аниқланиб, даволанаётганини айтган.

Мазкур туман қирғиз сиёсати учун жуда аҳамиятли — унда 440 мингдан ортиқ одам яшайди. Бу Талас ва Норин вилоятининг аҳолисидан ҳам кўп. Матраимов бу туманни саккиз йилдан бери бошқариб келган.