«Ойига 5 минг сомга яшаш мумкин эмас». Почтачилар маошларини кўпайтиришни талаб қилишди

Бишкекда 11-ноябрда «Қирғиз почта»сининг ходимлари митингга чиқди. Эллик нафарга яқин одам асосий почта офиси олдига келиб, маошларини 50%га кўпайтиришни ва ваъда қилинган рағбат пулларини тўлаб беришни талаб қилишди.

«Ҳар ойда бериладиган мукофот пулини тўлашмаяпти, режа йўқ ва пул йўқ деб. Пул қаерда? Бизни ишимиз тўхтамаган. Биз пандемия вақтида ҳам ишлаймиз», — дейишади норозиликка чиққанлар.

Уларнинг айтишича, «Қирғиз почта»сининг саралаш ходимларининг маоши 7 минг 500 сом, почтачиларники эса — 5 минг 700 сомни ташкил қилади.

«Ҳозир бу пулга ким яшай олади? Болаларимиз бор, уларни кийинтириш керак. Ойликнинг ҳаммаси болага куртка ва спорт кийимларини олишга кетди», — дейди митингчилар.

Сурат: 24.kg

Талаблар бажарилмайдиган бўлса давлат ишхонасининг ходимлари президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаровга мурожаат қилиб, «Қирғиз почта»сини тарқатишни сўрашмоқчи.

Бишкек кўчаларида бугун 6 митинг ўтмоқда. Почта ходимларидан ташқари, «Караван» савдо маркази савдогарлари, электриклар, «Акнет»нинг ходимлари ва гепатит билан оғриганлар митинг қилишмоқда.

Асосий сурат: 24.kg