Таълим вазирлиги республика бўйича 11 ноябрдан бошлаб 1489 мактабда ўқиш аввалги тартибда бошланиши ҳақида билдирди.
Унга кўра, 1-синфдан 11-синфгача ўқувчилар мактабга боради. Бишкек билан Ўш шаҳарларида эпидемиологик вазият оғир бўлгани учун Давлат санитар-эпидемиология назорат департаменти мактабларда ўқишни бошлашга рухсат бермаган.
Ўқув тартиби аввалгидай бошланадиган мактабларнинг вилоятлардаги сони бўйича Ўш вилояти олдинда. Вазирликнинг берган маълумоти бўйича Ўш вилояти – 434, Чуй вилояти – 279, Жалолобод вилояти – 220, Баткен вилояти – 177, Иссиқкўл вилояти – 160, Норин вилояти – 142, Талас вилояти – 77 мактаб аввалги тартибда ишлай бошлайди.
«Икки ҳафта давомида анъанавий режимда ўқув жараёнини бошлаган мактабларда мониторинг олиб борилади. Агар вазият барқарор бўлса, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш органларининг розилиги билан бошқа мактабларга (синфларга) анъанавий режимда ўқишга рухсат берилади», — деб айтилади маълумотда.
Қирғизистондаги мактаблар 2020 йилнинг март ойидан бошлаб коронавирус пандемияси куч олганда масофадан ўқитишга ўтган. Баҳорда таълим вазирлиги мактаб ўқувчиларига махсус дастур ишлаб чиққан. Бироқ мазкур ўқитув усули бир қанча камчиликларни юзага чиқарган.
Ота-оналар муассаса ишлаб чиққан ўқитув материали ўқувчиларга тушунарсиз, ўқув дастури жойлашган сайт ва мобил иловалар ночор, баъзан умуман ишламайди деб норози бўлишган. Тегишли гаджет ва интернет йўқлигидан мактаб ўқувчилари билим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Муаммоларга қарамай масофадан ўқитиш янги ўқув йилининг биринчи чорагигача давом этди.