Дастан Бекешев Хитойга бўлган қарзни фуқаролардан олинган солиқнинг ҳисобидан тўлаймиз

323

Халқ вакили Дастан Бекешев YouTube каналида Қирғизистон Хитойга нима учун 2 млрд доллардан ортиқ қарз эканини батафсил айтиб берди.

Сиёсатчининг айтишича, Қирғизистон билан Хитойнинг кредит тарихи тўқсонинчи йилларда бошланган, бироқ мустақилликнинг дастлабки йилларида олинган насияларни Қирғизистон тўлаб битган ёки Хитой кечган. Ҳозир ўлка сўнгги 12 йилда олган қарзини фоизлари билан қўшиб тўлаши керак.

Қирғизистонга насия асосан 20-25 йилга, йилига икки фоизлик устама билан берилади. Тўлашнинг енгиллаштирилган муддати 5 йилдан 11 йилгача. Бу насияларга ярим фоизлик комиссия ҳақи қўйилган.

«Агар бу пулларга товар ёки хизмат кўрсатишларни сотиб олсак, унда буни кўпроқ Хитойдан олишимиз керак бўлади. Насия шартномалари Хитой қонунлари билан назорат қилинади, тортишув бўлган ҳолларда тадбиркор Хитойнинг арбитраж судида қаралади. Кредитнинг ҳаммаси АҚШ доллари билан берилган, фақат биттаси юань билан берилган», — деб айтди Бекешев.

Насиялар қаерга сарфланган?

2008 йилдан бери Қирғизистон Хитойдан 10 йирик насия олган: 7 кредит йўл қуриш ва уч кредит энергетика хавфсизлиги учун.

Улар:

  • Ўш — Сари-Таш — Эркечтам йўлини таъмирлашга 75,29 млн доллар;
  • Бишкек — Норин — Торуғарт йўлини таъмирлашга 200 млн доллар;
  • Ўш — Баткен — Исфана ва Бишкек — Балиқчи йўлларининг икки қисмини таъмирлаш учун 129,83 млн доллар (икки марта насия олинган);
  • Шимол — Жануб муқобил йўлини қуришга 690,8 млн доллар (уч марта насия олинган);
  • Қирғизистон жанубидаги электр ўтказиш симларини модернизация қилишга 208 млн доллар:
  • Датка-Кемин юқори кучланишдаги электр линиясини ва Кемин подстанциясининг қурилишига 389,80 млн доллар;
  • Бишкек ИЭМни модернизация қилишга 386 млн доллар.

«Агар фоизлар билан бугунги кундаги барча кредитларни қўшганда Қирғизистон Хитойга 2 млрд 256 млн доллар қарз. Солиштирадиган бўлсак бизнинг 2020 йилдаги бюджетимиз 1 млрд 700 млн долларни ташкил қилди», — деди Бекешев.

Шунда кредитларни ким қайтариб беради? Спойлер — солиқ тўловчилар

Сўнгги бир ойда ҳукумат вакиллари қирғизистонликларга қарзни ёпиш учун пул йиғишнинг икки йўлини таклиф қилди. Парламент депутати ва «Аёллар кенгаши» жамоат бирлашмасининг раҳбари Айнуру Альтибаева 19 октябрда пул йиғиш бўйича кампанияни бошлашни таклиф қилган.

4 ноябрда президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров Жалолобод вилоятининг яшовчилари билан бўлган учрашувда махсус ҳисоб очилишини, унга хоҳловчилар Хитойдан қарзни ёпиш учун пул ўтказса бўлишини билдирган. Унинг айтишича, бу ғояни хусусий тадбиркорлар билан муҳожирлар кўтарган.

Худди шундай ғояни Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 2007 йили премьер-министр бўлган вақтда таклиф қилган. Унда иккита махсус ҳисоб очилиб, бироқ самарали бўлмаган. Миллий банкнинг маълумотида ҳозирда икки ҳисобнинг ҳаммаси ёпилган.

«Йиғилган маблағлар қаерга сарфлангани ҳақидаги маълумотни Молия вазирлигининг марказий ғазнасидан олиш мумкин», — деб билдиришган Миллий банкдан 2018 йили.

Биринчи ҳисоб Молия вазирлигининг марказий ғазнасида миллий валютада очилган. Беш йил ичида бу ҳисобга 20 минг доллардан ортиқ (803 минг сом) йиғилган. У 2012 йилнинг 24 июлида ёпилиб, йиғилган пулларни Миллий банк Молия вазирлигига ўтказиб берган.

Иккинчи халқ ҳисоби ҳам 2007 йили очилган, бироқ доллар валютада. Бу ҳисобга 3 350 доллар йиғилган. Бу ҳисоб 2012 йили ёпилган, пул эса сомга конвертация қилиниб (деярли 158 минг сом), Молия вазирлигининг ҳисобига ўтказилган. Шунингдек Дастан Бекешев давлат қарзни бюджет ҳисобидан тўласа ҳам бу пул барибир солиқ тўловчиларники эканини таъкидлайди. Сабаби 2020 йили ўлка бюджетини деярли 80%ини солиқ йиғувчилар ҳисобидан тузиш режалаштирилган. Демак, фуқаро ташқи қарзни ёпиш учун пул тўлаётганда у икки марта тўлаган бўлади.

«Ҳукумат 2007 йилдан бери фуқароларга қарзни тўлашга ёрдам беришни сўрайди. Бу йил ҳам Садир Жапаров халққа Хитойдан қарзни ёпишга ихтиёрий садақа учун банкда махсус ҳисоб очишни ваъда қилди. Лекин фуқароларимиз долларнинг курси кўтарилгани сабаб қарзни тўлай олиши гумон эканини таъкидлаб ўтиш зарур. Яқин орада Молия вазирлигидан хат олдим, унда қарзлар бўйича тўловлар ўз вақтида бажарилаётгани ва тўланмай қолиш хавфи йўқ деб айтилади. Демак, Хитойдан қарзни фуқаролардан олинган солиқ ҳисобидан тўлаймиз», — деб якунлади Бекешев.

2020 йили коронавирус пандемияси сабаб Қирғизистон иқтисодий қаттиқ жабрлангани учун Хитойдан қарзларни тўлаш муддатини жилдиришни бир неча марта сўраган.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков Си Сзинпин билан телефон орқали суҳбатлашиб, ташқи қарзни тўлаш муддатини узайтириш ва тўлаш шартини енгиллаштиришни сўраган. Сўнгги марта бу илтимос Хитой ТИВнинг раҳбари Ван И Бишкекка келганда айтилган.

Қирғизистоннинг Хитойга тобелиги

АҚШнинг Миллий иқтисод тадқиқоти бюросининг маълумотига кўра, Қирғизистон 2019 йили ўзининг ИУМдан Хитойга бўлган ташқи қарзининг улуши бўйича дунёда 5-ўринда турган.

Шунингдек, Кил бутун жаҳон иқтисодиёт институтининг маълумотига кўра, дунёда Хитойдан ташқи кредит қарзи уларнинг ИУМдан 25%дан ортиқ етти давлат бор ва Қирғизистон уларнинг бири. Бундан ташқари, бу рўйхатда Жибути, Нигер, Конго Республикаси, Лаос, Камбоджа ва Малдив бор.

Шу давлатларнинг тўрттасида президентлик бошқарув формаси ҳукм суради. Агар қирғизистонликлар янги Конституцияга овоз беришса, Қирғизистон ҳам президентлик мамлакат бўлиб қолади.

Глобал ривожланиш маркази аналитик ташкилоти қарзнинг шунча катта бўлиши Қирғизистонни Хитой олдида «молиявий жиҳатдан заиф» ҳолатга олиб келади деб ҳисоблайди. Агар Қирғизистон кредитни ўз вақтида ёпа олмаса, Хитой Гонконгда жойлашган халқаро суд орқали ўлканинг истаган активини талаб қила олади.