Депутат Жумалиев ўзига 34, қариндошларига 61 компания қайд этилганини айтди

287

Жогорку Кенеш депутати Кубаничбек Жумалиев «Таатан», «Гоин» ва халқаро тиббиёт университетини ҳеч қандай алоқаси йўқлигини журналистларга билдирди.

4-октябрда финполиция ходимлари депутатга тегишли дейилган юқоридаги жойларни текширган эди.

«Таатан»нинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Халқаро тиббиёт университет деяпти, унга ҳам ҳеч қандай алоқам йўқ. «Гоин»га бошида мен борганман. Бугунги кунда у тўлиқ бошқа компанияга ўтиб кетган. Албатта, текширишга уларнинг [Финполиция] ҳуқуқи бор, бироқ шоу қилгани ноқонуний деб ҳисоблайман», — деди у.

Жумалиев шунингдек тегишли органнинг вакиллари унинг қариндошларига тегишли биноларга ниқоб ва қурол-яроқ кўтариб борганини танқид қилди.

«Нима улар террористмиди ёки биз қочиб кетадиган ё киритмай қўядиган одамлармидик. Шунчаки чақириб сўзлашса бўларди. Бу ерда Сиймик Жапикеев ўзининг лавозимидан фойдаланмоқда», — деди у.

Молия полициясининг амалдаги раҳбари Сиймик Жапикеев «Чоң Казат» партиясининг лидери бўлган вақтда депутатни ноқонуний бойлик орттиришда айблаган. Кейин Жумалиевга нисбатан бир қанча ишлар очилиб, судгача бўлган текширувлар бошланган. Бош прокуратура Жиноят кодексининг «Ноқонуний бойлик орттириш» ва «Хизмат ходимини тадбиркорликка ноқонуний аралашиши» моддалари билан жиноятларнинг ягона реестрига рўйхатга олинган. Бундан ташқари, финпол Жумалиевнинг уйида тинтув олиб борган.

Бироқ  Жумалиев унга қўйилаётган барча айбларни инкор қилиб келади.

«Биз қонуний давлатда яшаяпмизми ё аборигенлар даражасидаги давлатда яшаяпмизми? Шу сабаб Жапыкеевни лавозимидан фойдаланяпти деб қонун доирасида ариза ёзаман», — деди у.

Халқ вакили ноқонуний бойимаганини ва коррупция ишларига ҳеч қачон аралашмаганини айтмоқда. У ўзининг илмли ва қонунни ҳурмат қилган одам қатори кўради. Шу сабаб барча бойликларга ўз меҳнати билан эришганини таъкидлади.

«2005-йили ишдан кетганда [у вице-премьер-министр, биринчи вице-премьер ва транспорт вазири бўлиб ишлаган] биргина уйим бор эди, Аламудун туманидан икки ер участкасини олганман, ўша вақтда 20-30 минг сом бўлган», — деди у.

Бундан ташқари, аёли Роза Аманованинг ҳам икки ер участкаси бор эканини айтиб, бу ерларга болалари учун керакли нарсалар қилиб, уларга берганини қўшимча қилди. 2005-2017-йиллари бизнес билан шуғулланганини таъкидлади.

Жумалиевнинг номига рўйхатга олинган 34 компания

Кубаничбек Жумалиев шу вақтга қадар унинг номига 34 компания рўйхатга олинганини, ҳозирда унинг 9таси қолиб, қолгани ёпилганини айтди. 9 компаниянинг иккиси жамоат жамғармаси, ўчтаси таълим муассасаси, тўрттаси эса бугунги кунда ишлаяпти. Жумалиев у депутат бўлиб келганда бу компанияларни бошқаларга ишончнома билан ўтказиб берганига ишонтирди.

Шунингдек унинг номига рўйхатга олинган 34 компаниянинг 90 фоизи бир кун ҳам молия ишларини олиб бормаганини айтди. Жумалиев очилган компанияларни ёпиш қийин бўлгани сабаб улар ҳамон ёпилмаганини билдирди.

«Ёпиш қийин, 50га яқин банкдан маълумотнома олиш керак. Шу сабаб вақтида ёпилмай қолган. Бугун Юстиция вазирлигининг сайтига кирсангиз Жумалиев уларнинг ҳаммасининг уставидан чиққан ёки ёпилган деб туради», — деди у.

Қариндошларига тегишли 61 компания

Жумалиев тегишли органлар унинг қариндошларига қарашли 61 компанияни текширганини айтди. Уларнинг ичидан бир компания катта миқдордаги солиқни тўламаган.

«61 компаниянинг бир компаниясида 274 минг сом тўланмаган солиғи бор экан, шуни тўлаб беришди. Қолган компаниялардан чиқмади. Қариндошларининг 61 компаниясидан 15га яқини қолди. Уларнинг орасида ҳам деярли кўпи ёпилиш арафасида», — деди у.

Депутат бундан ташқари компанияларнинг 80 фоизи иш бошлаймиз деб очилиб кейин ёпилмай қолган. Сабаби келган сармоядорлар бу ердаги ҳолатни кўргандан кейин кетиб қолишган.

Жапикеев билан танишлиги ҳақида

Жумалиев Сиймик Жапикеев билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.

«Иккимиз ҳеч қачон тортишмаганмиз. Бир-биримизни танимаймиз. Бошқалар “шуни айтсанг, шундан бошласак бўлади” деб маълумот бериб кейин уни ортидан тушиб олди ўхшайди», — деди у.

Молия полицияси бу вақтгача Кубаничбек Жумалиевга Қирғизистон ҳудудидан четга чиқиш тақиқланганини билдирган. Чунки Жумалиевнинг Бош прокуратура рўйхатга олган мулки бўйича судгача бўлган текширув ишлари якунланмаган.