«Полный комплект». Талант Мамитов Жогорку Кенешнинг спикери бўлиб сайланди

290
Талант Мамитов. Сурат: «Азаттык»

Жогорку Кенешнинг депутатлари 4 ноябрда «Ала Арча» резиденциясидаги йиғинда «Республика — Ата-Журт» фракциясининг депутати Талант Мамитовни парламент раиси қилиб сайлади. Мамитовнинг номзодини 100 депутат қўллаб, бир депутат қарши бўлди.

«Ата Мекен» фракциясининг лидери Ўмурбек Текебаев депутатлар Талант Мамитовнинг номзодини қўллашини билдирди.

“Талант Мамитов раис бўлгандан кейин «полный комплект» бўлишади. Ҳамма жойга ўз одамларини қўйишди. Биз буни қўллаб беряпмиз. Уч ойгача Садир Жапаровнинг барча ташаббусларини қўллаб берамиз деб халқ олдида айтганмиз. Тўсқинлик қилмайлик деб. Масъулият тўлиқ ҳолда шу жамоанинг зиммасига ўтади. Мен айтгандай «полный комплект» бўлди”, — деди Текебаев.

Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Канат Исаев президентлик сайловига қатнашишини билдириб, 4 ноябрда хизматини топширди.

Талант Мамитов 2010 йили Садир Жапаров ва Камчибек Ташиев асос солган «Ата Журт» партиясидан Жогорку Кенешнинг бешинчи чақирилишига депутат бўлиб сайланган.

2012 йилнинг октябрь ойида Жапаров, Ташиев ва Мамитов Кумтўр олтин конини миллийлаштириш талаби билан Оқ уй олдида митинг уюштиришган. Кейин митингчилар Оқ уйнинг тўсиқларидан ошиб ўтишга ҳаракат қилишган.

Уч депутат ҳуқуқ тартибот органи томонидан қўлга олиниб, уларга «ҳукуматни куч билан босиб олиш» айби қўйилган. Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2013 йили уларни айбдор деб топган. Кейинчалик Бишкек шаҳар судида судья Курманкул Зулушев депутатларни оқлаган. Жорий йилнинг 20 октябрида Олий суд уларни тўлиқ оқлаган.

Бугунги кунда Камчибек Ташиев МХДҚнинг раиси, Курманкул Зулушев эса Бош прокурор бўлиб тайинланган.