Қорасув туманининг собиқ ҳокими Тилекбек Матраимовда икки томонлама зотилжам аниқланди. Бу ҳақда 30 октябрда унинг акаси, депутат Искендер Матраимов билдирди.
Унинг айтишича, Тилек Матраимов икки томонлама пневмония касаллиги сабаб 15 кун олдин касалхонага ётқизилиб, ҳозирда даволанмоқда.
Шунингдек, Искендер Матраимов укаси Қорасув тумани маъмурияти бошчилигига қайтиб келди деган маълумотни инкор қилди. Бу вақтгача ижтимоий тармоқларда Тилек Матраимов яна ҳоким бўлиб ишламоқда деган маълумотлар тарқалган эди.
Тилек Матраимов сайлов натижасидан норози томонлар Бишкекда Оқ уйни босиб олгандан кейин 6 октябрда ҳокимлик ваколатларини ўтказиб берган. 6 октябрь куни у Ўзбекистон билан чегара орқали ўлкадан чиқиб кетаётганда қўлга олиниб, Қирғизистоннинг МХДҚга ўтказиб берилган. Шунда унинг яқинлари Тилек Матраимовнинг қўлга тушгани ҳақидаги маълумотни ёлғон деб айтишган.
9 октябрда Ўш шаҳар суди Тилек Матраимовнинг қўлга олинишини қонуний деб топиб, бир ойга МХДҚнинг Ўш вилояти бўйича вақтинча сақлаш жойига киритган. Бироқ суд 15 октябрда Тилек Матраимовни уй қамоғига чиқарган.
Тилек Матраимов 2012 йилдан бери Қорасув тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган. Мазкур туман қирғиз сиёсати учун жуда аҳамиятли — унда 440 мингдан ортиқ одам истиқомат қилади. Бу Талас ва Норин вилоятларининг аҳолисидан ҳам кўп.
5 октябрда Бишкекда парламент сайловининг натижасида қарши митинг бўлган. Сайловнинг натижаси бўйича парламентдаги кўпчилик ўринга Жеэнбековларнинг кланига тегишли бўлган ҳукуматнинг «Биримдик» партияси ва Матраимовлар клани билан алоқаси бор дейилган «Мекеним Қирғизистон» партияси эга бўлган.
Матраимовларнинг клани — қирғиз сиёсатчиларидан ва амалдорларидан иборат таъсирли оила. Искендер Матраимов «Мекеним Қирғизистон» партиясидан парламентга ўтиши керак эди. Кланнинг яна бир таъсирли аъзоси — божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари ва коррупция билан контрабанда ҳақидаги журналистик суриштирувнинг фигуранти Райимбек Матраимов.
Парламент сайлови олдидаги ташвиқот вақтида «Биримдик» билан «Мекеним Қирғизистон» партияларини овоз сотиб олиш, маъмурий ресурсдан фойдаланиш ва бошқа қонунбузарликларда айблаб келишган. Шунингдек, икки партия ҳам рақибларини қоралаган кўплаб фейк аккаунтлардан фойдаланишган.
Сайлов натижасидан норози бўлганларнинг тинчлик митинги 5 октябрь куни кечга яқин норозилик акциясига айланиб, Оқ уйни босиб олинишига олиб келган. «Мекеним Қирғизистон»нинг аъзолари партиянинг ташвиқот постларини ўчира бошлашган, партиянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси ҳам йўқ бўлиб кетган.
Матраимовлар кланининг бошқа аъзолари қаерда?
Искендер Матраимов билан унинг тарафдорлари собиқ депутат Садир Жапаровнинг ҳукумат раҳбарлигига номзодини қўллашган, шунингдек улар президент Сооронбай Жээнбековга импичмент эълон қилишга қарши чиқишган.
Депутат Искендер Матраимов Жапаровни қўллагани ҳақидаги маълумотни сиёсатчи Миктибек Абдилдаев билдирган. Бундан ташқари, 6-чақирилишнинг бошқа депутатлари қамоқдан 5 октябрда бўшатилган Садир Жапаровнинг премьерлик хизматига тайинланиши фойдасига уларга нисбатан таҳдидлар бўлганини айтишган.
Райимбек Матраимов 20 октябрда ушланган, ўша куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди уни икки ойлик муддатга ҳеч қаерга чиқмаслик ҳақидаги тилхат асосида бўшатган. У тергов билан ҳамкорлик қилиши ҳақидаги келишувни имзолаган.
Райимбек Матраимов божхона тармоғидаги коррупция ишларида гумон қилинмоқда. Бу вақтгача ўзининг «жиноий ишлари» сабаб келтирилган зиённи — 2 млрд сомни тўлаб беришга тайёрлигини айтган. Бу сумма МХДҚга қарашли Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан аниқланган. Муассасанинг матбуот хизмати у МХДҚнинг ҳисобига мазкур сумманинг 80 миллионини ўтказиб берганини билдирган.
Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Кенжебек Дуйшўбаев Матраимовнинг ушланишини «театрлаштирилган шоу» деб атаган. Унинг айтишича, журналистик суриштирувлар ва фактлар бор бўлишига қарамай, бирорта ҳам муассаса Райим Матраимовга қарши жиноий иш қўзғамаган.
“Яқинда кўрдингиз, уни қўлга олиб, сўроқдан сўнг чиқаришди. Ўша ерда «Матраимов айбдор экан, унинг жиноий ишидан давлатга икки миллиард сом зарар келибди, 80 миллионини тўлай бошлади» дейишди. Матраимовга олдин бирорта жиноий қўзғалмаган бўлса, унда қаердан унинг айби аниқланди? Ким аниқлади? Қандай аниқлади? Халққа очиқлашмайдими шуни. Бугунги кунда Матраимов айбдор деган айб қўйилмаганди. Жапаров уни кетмаслик бўйича тилхат билан озод қилиш қарорини шахсан ўзи қабул қилганини билдирди. Бироқ унга бу ваколатларни ким берди? У ким прокурорми? Судми? Терговчими? Конституцияда унинг бундай ҳуқуқи йўқда. Ҳуқуқий асосга қанчалик тўғри келади?” — деб сўраган Дуйшўбаев.