ОАВ: Мелис Мирзакматов Туркияга кетди, бироқ яна қайтиб келади

301
Мелис Мирзакматов (6 октябрдаги сурат)

Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзакматов 27 октябрда шахсий ишлари билан Туркияга учиб кетди. Бу ҳақда бир қатор ОАВлари Мирзакматовнинг яқинларига таяниб ёзди.

«У вақтинча шахсий ишлари билан кетди. Яқин орада қайтиб келади. Мелисбек Жоошбаевич — эркин одам, у мамлакатнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам юра олади», — деб билдиришган унинг яқинлари.

«Vesti.kg» нашрининг манбалари собиқ мер тўққиз кунда қайтишини билдиришган.

Мирзакматов Ўш шаҳрига 7 октябрга ўтар кечаси учиб келган, у 2014 йилдан бери Туркияда яшайди. Мирзакматов сайловга норози бўлганлар Бишкекда митингга чиқиб, Оқ уйни босиб олгандан кейин Қирғизистонга қайтиб келган.

Мелис Мирзакматов 2009-2013 йиллари Ўш шаҳрининг мери бўлган. 2013 йилнинг охирида у парламентнинг собиқ спикери Акматбек Келдибековни қўллаган митингга чиққан — ўша вақтда Келдибеков коррупцияда айбланиб, қамоққа олинган эди. Премьер-министр Жантўрў Сатибалдиев биринчи Мирзакматовни ваколатидан чиқмасликка чақириб, икки кун ўтиб уни ишдан олган.

Мирзакматовнинг ўзини айтишича, уни ишдан кетишига ҳукуматдагилар, ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевга ва унинг президентни социал-демократлар партиясига очиқ қарши тургани сабаб бўлган.

Сиёсатчини ишдан бўшатилиши Ўшда митингларнинг янги тўлқинига сабаб бўлган. Бироқ собиқ мер ўз тарафдорларини тинчликка чақириб, уларни уйларига кетишга ундаган.

Кейин Мирзакматовга нисбатан жиноий иш қўзғалиб, унга Ўшдаги эстакада кўпригини қуришда «лавозимини суиистеъмол қилган» деган айб қўйган. Тергов Мирзакматов 27 млн сомни самарасиз сарфлаган деб айблагани билан собиқ мер ўзи «ҳар бир тийин» учун жавоб беришга тайёрлигини билдирган.

2014 йили Мирзакматов Ўш мерлигига номзодини қўйиб, бироқ шаҳар депутатлари унинг ўрнига «ҳукумат» номзоди Айтмамат Кадирбаевни сайлаган. Мирзакматов чет ўлкага чиқиб кетишга мажбур бўлган, 2015 йили эса суд уни сиртдан 7 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Мирзакматов Ўшга қайтиб, бир қанча сиёсатчилар билан музокаралар олиб борганини айтган — уларнинг орасида депутатлар Асилбек Жээнбеков ва Искендер Матраимов ҳам бўлган.

Кўп ўтмай Мирзакматовнинг иши қайта кўриб чиқилиб, Ўш шаҳар суди уни оқлаган. Ўш вилоят ва Олий суд бу ҳукмларни ўз кучида қолдирган — уч инстанциянинг суд мажлислари тўрт кун ичида тугаган.