Норинда блогерга итнинг боши жўнатилган. У буни ҳукуматни танқид қилгани учун деб тахмин қилди

285

Норинлик блогер, журналист Эркежан Исаковага 28 октябрда ўлдирилган итнинг бошини кимлардир уйига жўнатишганини фейсбук саҳифасига ёзди.

Эркежан Исакова «Клооп»га берган маълумотида қути Бишкек шаҳридан келганини айтди. Шунингдек, итнинг тили ташқарига чиқиб қолганини билдирди. Бундан ташқари, у сўнгги вақтларда коррупция ишларини ёритганини қўшимча қилиб, балки «бундай ишларга аралашма, чиқарма» деган асосда уни қўрқитиш деб тахмин қилди.

У сўнгги марта Отбоши туманидаги битмай турган, бироқ маблағ ажратилган болалар боғчаси масаласини кўтарган.

«Мен сўнги вақтларда коррупцияга аралашган ишларни блогер қатори ёритганман. Отбоши туманидаги битмай қолган болалар боғчасининг коррупция схемаси ҳақида халққа маълумот бериб юрдим. Бунга ким айбдор? Пулни кимлар еб кетган? Деган саволларга жавоб излаб, шу масалани кўтардим. Бундан бошқа кўп сиёсатга боғлиқ нарсаларни чиқардим. Ҳукуматни кўп танқид қилдим», — деди у.

Исакова қутини унга такси ҳайдовчиси олиб келганини таъкидлаб, ҳайдовчи қути юборган одамни танимаслигини айтган.

Ҳозир унга кўпчилик ёзиб, «пиар қилмаяпсанми?» деб сўрашаётганини билдирди. У пиар қилишни қизиғи йўқлигини, бўлган воқеани борича ёзганини айтди.

Блогер жўнатилган қути бўйича Норин вилоят ички ишлар бўлимига ариза ёзганини билдирди.

Норин вилоят Ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Кундуз Эсенгулова тергов ишлари Бишкек шаҳрида бораётганини билдирди.

«Бизга Эркежан Исакова ариза ёзиб мурожаат қилган. Уни рўйхатга олиб, Бишкек шаҳрига юбордик. Воқеа Бишкек шаҳридан бошлангани учун иш Ленин туман Ички ишлар бошқармасига ўтказиб берилди. Тергов ишлари бошланди», — деди Эсенгулова.

Исакованинг фейсбук саҳифасида амалдаги ҳукуматни танқид қилган постларни учратиш мумкин. Уларнинг бири собиқ божхона ходими Райимбек Матраимовнинг МХДҚнинг ходимлари томонидан қўлга олинишига боғлиқ. Унда блогер Матраимовнинг қўлга олинишини «шоу» деган позицияда бўлган.

Муаллиф6: Дилде Шатанова