ФҲВнинг ёнғинга қарши хизматининг фахрийлари ҳукуматга мурожаат қилди

263
Матбуот анжуманидан скрин

Ўш шаҳрида Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг ёнғинга қарши хизматининг собиқ ходимлари 29 октябрда матбуот анжумани ўтказишди. Йиғинда улар ўт ўчирувчиларнинг муаммоларини айтиб, ҳукуматдан хизматни вазирлик таркибидан чиқаришни талаб қилишди.

ФҲВ таркибидан чиқариш

Ўш вилоят ва Ўш шаҳар ёнғинга қарши хизматининг фахрийлари кенгашнинг раиси Базарбай Борбуевнинг айтишича, қутқарувчилар энг оддий махсус форма ва воситалар билан таъминланмаяпти.

«Мен ўзим 2020 йилнинг сентябрида ишдан чиқдим. 12 йил ўт ўчирувчи ва қутқарувчи бўлиб ишладим. Охирида мен 5-6 йил бир этикни кийиб, йиртиб, ўша йиртиқ этикни уйга олиб бориб қўйдим. Сабаби бизни етарлича таъминламади. Ўт ўчиришга этиклар керак, кундалик формалар керак. Шуларни бермади», — дейди Борбуев.

Бундан ташқари, у ўт ўчириш хизмати ФҲВ таркибидан ажратилиб, алоҳида агентлик бўлса бундай масалалар ҳал бўларди деган фикрни билдирди. Унинг айтишича,. ФҲВда 7000 ходим бор, унинг кўпчилигини ёнғинга қарши хизматининг ходимлари ташкил қилади — 4500.

«Биз шунда ўзимизга керакли техникаларни, ўзимизга керакли ўт ўчириш воситаларини ва ўт ўчирувчи кўпикларни олиш масалаларини ўзимиз ҳал қилардик. Бизнинг ўзимизни ҳамёнимизда пул бўлар эди. Шу пулни биз керакли, қулай томонларга сарфлашга бизнинг ўзимизнинг имконимиз бўлар эди. ФҲВ таркибида бўлганимизда шу пул бизни чўнтакда эмас, уларнинг чўнтагида қолиб кетяпти», — деди Борбуев.

Баҳоланмаган меҳнат, қурбон бўлган одамлар

20 йил ёнғинга қарши хизматида ишлаган Касим Акимов ҳам ўт ўчирувчиларнинг меҳнати баҳоланмай қолганидан норозилигини билдирди.

«Қанча-қанча йигитларимиз ногирон бўлиб, ҳатто қурбон бўлган ҳолатлар бўлди. Бироқ шунга қарамай ФҲВнинг номи тилга олиниб, биз қолиб кетяпмиз.

Ўтган йили новқатлик Кулуев исмли ҳамкасбимиз ҳалок бўлди. Ёнғин чиққан уйнинг ичида тўрт одам қолиб кетган экан, у уйга уч марта кириб, уч кишини қутқариб чиқиб, бир киши қолганда кислород балонида кислород қолмай, тутундан заҳарланиб, тўртинчи одам билан бирга ўзи ҳам вафот этди. Ҳозирда ходимларда кислород у ёқда турсин, ҳатто каска ҳам йўқ», — деб койиди Акимов.

Ўш шаҳрининг Олай кўчасидаги №35 кўп қаватли уйда 27 октябрда ёнғин чиққан. Фавқулодда ҳолатлар вазирлигидан ёнғинга тўртинчи қаватдаги хонадонларнинг биридаги ёш болаларнинг гугурт ўйнагани сабаб бўлганини маълум қилишди. Натижада икки одам тутундан заҳарланиб, касалхонага етказилган, 60 яшовчи эвакуация қилинган.

«Олай кўчасидаги ёнғинга журналистлар гувоҳ бўлдингиз. Ўт ўчирган болалар охири кислород етмай қолганда оғизларига газламаларни намлаб боғлаб, кириб чиқишди. 60 одамни қутқариш осон иш эмас. Бизнинг ишимиз ҳақиқатда қаҳрамонларча, бироқ қаҳрамонларча баҳоланмаяпти. Бу меҳнатларнинг эгалари бўлиб ФҲВнинг ходимлари ҳисобланиши бизни хафа қилмоқда», — деди Акимовнинг сўзини давом эттирган Борбуев.

Квартираларда яшаган қутқарувчилар

Ўш вилоят ва Ўш шаҳар ёнғинга қарши хизматининг фахрийлар кенгаши аъзоси Эмилбек Эргешов матбуот йиғинининг асосий мақсади ўт ўчириш хизматининг ишини яхшилаш учун ҳозирги муаммоларни ОАВлари орқали ҳукумат вакилларига етказиш деб билдирди.

Шунингдек, Эргешовнинг айтишича, ёнғинга қарши хизматда ишлаганлар ФҲВнинг таркибига киргандан бери эътибордан четда қолишаётганини айтди.

«Кадр масаласини юқори даражага етказиб, ижтимоий ёрдамлар бўладими ёки бошқа ёрдамларми ёнғинга қарши хизматни ҳисобга олинглар деб талаб қўйяпмиз. Ўт ўчириш хизматида 30 йил ишлаган одам ҳамон квартирада яшайди, ФҲВнинг капитанлари, майорлари вазирлик берган уйда яшаяпти. Бу ҳам адолатсизлик», — дейди Эргешов.

Бундан ташқари, Эргешов матбуот анжуманига ФҲВнинг ўт ўчириш хизматида олдин ишлаб кетган фахрийлар кенгашининг вакиллари келганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозир ишлаётган ходимлар муаммоларини ишсиз қолишдан қўрқиб очиқ айта олишмайди.

ФҲВнинг матбуот хизмати телефон қўнғироқларимизга жавоб бермагани учун изоҳ ололмадик.