Қўшиқчи Бек Борбиев: Райим ўғлимнинг божхонага ўрнашганини билмаса ҳам керак

386
Искендер Матраимов ва Бек Борбиев «Мекеним Қирғизистон» партиясининг съездида.

Собиқ божхона ходими ва хонанда Бек Борбиев ўғли Хан-Бото Борбиевнинг божхона тармоғида ишлагани бўйича фикр билдирди. Бунгача журналистлар Али Токтакунов билан Болот Темиров «Матраимовнинг божхонадаги империяси» бўйича суриштирувида унинг номи ҳам айтилган.

Хонанда журналистларнинг суриштирувидан норози бўлиб, «болаларга осилиш бу жуда ожизлик» дейди. Шунингдек, у ўғлини ишга «дўсти, божхона хизматининг собиқ раҳбарининг ўринбосари Райимбек Матраимов орқали киритмаганини» айтмоқда.

«Боламни Райимнинг империясига қўшиб қўйган экан, саволлар кўпайди. Мени ўғлим божхонага яқинда келди. Танловга анчадан бери қатнашиб, бу йил навбати келибди. Райим билмаса ҳам керак, ўғлимни божхонага ишга кирганини», — дейди хонанда.

Журналистларнинг суриштирувида Хан-Бото Борбиевнинг «Манас» божхонасида тезкор навбатчилик бўлимида инспектор қатори ишлаши айтилган. Шунингдек, суриштирувда Райимбек Матраимовга алоқаси бор яна 30га яқин божхона ходимларининг номи очиқланган.

Хонанда Борбиев ўзи ҳам бу вақтгача божхона тармоғида ишлаган. У сайловда Матраимовларнинг кланига тегишли бўлган «Мекеним Қирғизистон» партиясининг съездига қатнашган. Шунингдек у бу партияга қўшиқ ҳам ёздирган.

Бироқ қўшиқнинг клипи ташвиқот ишларидан олдин берилгани учун МСК хонандага 7 500 сом жарима солган.

Суриштирув ва реакция

Қирғизистонда кўплаган йиллар давомида республика ҳудудидан контрабанда ташиб ўтишга йўл берган коррупция схемаси ишлаб келган. Бу ишларнинг бошида собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан бирга суратга тушган ва собиқ президент Жээнбековнинг қасамёд маросимига қатнашган бизнесмен Хабибулла Абдукадир турган.

Суриштирувда журналистлар бу коррупция схемаси борлигини исботлашган, манбаларнинг бири Аеркен Саймаити эса бу қандай ишлашини айтиб берган. Шунингдек у божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов божхонадаги коррупцияни яширганини, бу ўз навбатида яширин бизнеснинг ишлашини таъминлаганини билдирган.

Саймаити журналистларга ҳужжатларни топшириб, шахсан ўзининг ёрдами билан Қирғизистондан 700 млн доллардан ортиқ маблағ чиқарилганини айтиб берган. Кейин финпол бу маълумотни тасдиқлаб, бу сумма млрддан ошади деб билдирган. Саймаити суриштирув эълон қилингунча 2019 йилнинг ноябрь ойида Истанбул кафеларининг бирида ўлдирилган.

Қирғизистоннинг ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари билан махсус хизмат жамоатчилик талаби билан очиқланган фактлар бўйича текширув бошланганини билдирган, лекин натижа бўлмаган. Саймаити ўлимининг сабабларини ўрганиш бўйича депкомиссия ҳам тузилиб, бироқ ишнинг якуни Матраимовнинг қамалишига олиб келмаган.

Бироқ журналистик суриштирувга қирғизистонликлар реакция қилиб, улар бир неча марта коррупцияга қарши митингга чиқишган, айримлари эса фейк-аккаунтларнинг ҳужумига учраган. Фейк аккаунтлар суриштирувчи журналистларни ёмонлаб, Матраимовлар позициясини ҳимоя қилишган.

Матраимовлар бир неча нашрларни, уларнинг ичида «Клооп»ни судга беришган — улар суриштирувдан ўзларининг фамилияларини олиб ташлашни талаб қилиб, материал устида ишлаган барча журналистларнинг исмларини билгилари келган.