Садир Жапаровнинг парламент сайлови ва конституция реформаси бўйича фикри қандай ўзгарди?

276
Садир Жапаров, президентнинг матбуот хизмати

Президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров парламент сайловининг муддати яна жилдирилаётганини билдирган. У парламент сайлови 2021 йилнинг иккинчи ярмигача ўтмаслигини, унгача муддатсиз президентлик сайлови ўтиб, кейин Конституцияга тузатиш киритиш бўйича референдум бўлишини айтган. Шунингдек Жапаров президентлик сайловига ўз номзодини кўрсатишни режалаштирмоқда.

«Клооп» Жапаровнинг уч ҳафтагача давом этган сиёсий инқирозда такрорий парламент сайловини ўтказиш ва конституциявий ислоҳот ҳақида айтган сўзларини таҳлил қилди.

6 октябрь. Ҳозирча икки тизим ишлаб туради

“Раҳбарлар майли кетсин. Ўринбосарлар бор. Биз бугун, бугун бўлмаса эртага легитемлаштириб, бир кишини қўямиз. Эски тизим ишлайди. Агар эски тизим ишламаса, «бардак» бўлади, талон-тарожлик бўлади. Бунга йўл қўймайлик. Биз маданиятли йўл билан кетайлик”, — деб 6 октябрга ўтар кечаси бўлган тартибсизликлардан кейин бўшатилиб, «Садир — президент!» деган шиорлар билан Ала-Тоо майдонига етказилган Жапаров тарафдорлари олдида ваъда берган.

10 октябрь. Президент бўлади, премьернинг кераги йўқ, қурултой тизими ишлайди

«[…] Конституцияга ўзгартириш киритайлик, бир мандатли округдан қилайлик, кейин президент бўлсин, премьер-министр йўқ бўлсин, сўнгра қурултой тизимини киритайлик, президентнинг биргина вице-президенти бўлсин деганмиз. [...] Менинг фикрим 75 [депутат] қолдирсакми ёки 55гача камайтирсакми деган фикр. Бироқ бунинг ҳаммасини сиёсий кучлар, сизлар билан ўтириб, ҳал қилишимиз керак», — деб билдирган Жапаров депутатларнинг давлат резиденциядаги йиғинида. Бунга қадар унинг премьерликка номзодини ўз вақтдаги президент Сооронбай Жээнбековга қабул қилиш учун юборилган эди.

Депутатлар билан тортишув вақтида Жапаровга қонун ва Конституциядан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиришди. Такрорий сайлов МСКда, тегишли муддатда аниқланиши керак — бу масалани чўзиб бўлмайди.

«Албатта, қонунни бузмаслик керак, бироқ юзага келган вазиятни ҳисобга олиш керак», — деб жавоб берган бўлажак президентнинг вазифасини бажарувчи ва премьер министр.

Қайси йўналишда эканини аниқ айтолмаса ҳам, Конституциявий ислоҳотлар олиб бориш ташаббуси, бир пайтлар Жапаров дўсти Камчибек Ташиев билан бирга тузган «Мекенчил» партиясининг сайлов олди дастурининг асосини ташкил қилган.

19 октябрь. Уч ой ичида парламент ва президентлик сайлови қонун доирасида ўтади.

«Ҳозирда парламентда тегишли қонунга ўзгартиришлар тайёрланмоқда. Агар унинг натижасида қонунлар ўзгартирилса, президентлик сайловига қатнашаман. Бироқ ҳозир бу ҳақда айтишга эрта. Мазкур масала бўйича қарор қабул қилинмади», — деб айтган Жапаров Россиянинг «Россия 24» телеканалига берган эксклюзив интервьюсида.

Шу куни Жапаровнинг дунёга машҳур бошқа ОАВларига берган интервьюси эълон қилинди.

«Бизда яхши сўз бор, ҳақиқат ташқарига чиққунча, ташқаридаги ёлғон дунёни бир айланиб келади дейди. Мен ҳақимда айтилаётган ёлғонлар дунёни бир эмас, уч марта айланиб келди ҳозир. Шу сабаб дунё ҳамжамияти менга ишонмаяпти.

Олдингидай гумон қилиб, шу фикрларни айтиб юрибди, бошқа қўшни мамлакатлар, Европа иттифоқи ва Америка деганлари. Кўп куттирмай, айтган гапимизни иш билан исботлаймиз. Яқин орада, уч ой ичида президентлик сайлови бўлади, парламент сайловини ҳам ўтказамиз, қонун доирасидан чиқмай ўтказайлик деяпман», — деб билдирган Жапаров халқаро Al Jazeera телеканалининг 19 октябрда эфирга чиққан кўрсатувида.

Курултой — ҳаммасидан юқори туради

Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида Қирғизистон Конституциясини парламент системасиз кўришини айтган. Жапаровнинг айтишича, республика бир мандатли овоз бериш тизимига қайтиб, қурултойни ўлканинг асосий органи қилиш керак.

Унинг фикрича, қурултой олдида президент билан премьер-министр ҳисобот беради, қурултой улар ночор ишласа истеъфога чиқара олади.

«Биз парламент системасига эрта ўтиб олганмиз. Бизнинг халқнинг менталитети, маданияти ҳозир парламент бошқарувига эрта эканини айтиб турибди. Масалан, балки ривожланган давлатлар каби фуқароларимиз шунга тайёр бўлса, шунда парламент системаси билан кетсак бўлади. Балки 25-30 йилдан кейин биз [парламент бошқарувига] борармиз», — деб тушунтирди у.

22 октябрь. Парламент сайлови 1 июнгача ўтади, унгача Конституциявий ислоҳотлар бўлади.

Бу куни олтинчи чақирилишнинг депутатлари бир кун ичида такрорий парламент сайловининг муддатини 2021 йилга жилдириш ва Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ҳақидаги конституциявий қонунни уч ўқишда қабул қилишган. Бироқ МСК бунгача парламент сайлови кунини 2020 йилнинг 20 декабрига белгилаган эди.

Юристлар мазкур қонунни қабул қилиниши конституцияни бузади деб ҳисоблашади. Бироқ президент вазифасини бажарувчи ва премер-министр Садир Жапаров уни имзолаган. Бу қонун бўйича Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишига сайлов 1 июнгача ўтади, унга қадар конституциявий реформа бўлади.

23 октябрь. Парламент июнгача ўтирмайди.

“Сайловлар мартгача тугатилади. Парламент июнгача ўтирмайди. Кечаги қонунга «запас» вақт олайлик деб, реформалар июнгача битиши кераклигини белгилаб қўйишибди. Қисқаси, парламент июнгача ўтиради деб «ваҳима қилманглар», — деб билдирган Жапаров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳамда Телеграмда.

Бу конституциявий қонун имзоланган куннинг эртаси бўлган. Бу қонун Қирғизистон депутатларини ва президентни сайлаш ҳақидаги қонунни ишлаш вақтини тўхтатган. Жапаров сайловларни жилдирилишини «вазиятни барқарорлаштириш ва халқнинг ишончини кўтариш» билан тушунтирган.

25 октябрь. Парламент сайлови 2021 йилнинг биринчи ярмига бўлади

«2020 йилнинг 20 декабрида парламент сайлови бўлади деб нотўғри маълумот тарқатганларга ишонманглар. Олдин 2021 йилнинг 10 январида президентлик сайлови бўлади. Шундан сўнг ислоҳотлар олиб борилади. Кейин парламент сайлови бўлади», — деб ишонтирган Жапаров шу куни ижтимоий тармоқларда ва Телеграмда.

Натижада парламентга сайлов бўладиган кун ҳамон маълум бўлмаган. Шунга қарамай, МСК уни 2020 йилнинг 20 декабрига белгилаган, ҳозирда сайловни бекор қилиш бўйича суд жараёни ўтмоқда.

Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум қайси вақтга режалаштирилаётгани, қандай ўзгартиришлар киритилиши ҳам номаълум.

Ҳозир президентлик сайловини аниқ санаси маълум — 2021 йил 10 январь.

Контекст: Қирғизистонда уч ҳафтадан бери сиёсий инқироз ҳукм сурмоқда. 4 октябрда парламент сайлови ўтиб, овоз беришнинг дастлабки натижалари эълон қилингандан кейин Бишкекда митинг бошланган. Сайлов натижасига рози бўлмаганлар пойтахтнинг Ала-Тоо майдонига йиғилишган.

МСК эълон қилинган натижаси бўйича Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишига амалдаги ҳукуматга тегишли бўлган партиялар ғолиб бўлган. Улар — «Биримдик», «Мекеним Қирғизистон» ва «Қирғизистон» партиялари.

Шу куни тунда митингчилар билан ҳуқуқ тартибот органи ходимлари ўртасида тўқнашув бўлиб, натижада Оқ уй босиб олинган. Тартибсизликлар вақтида намойишга чиққанлар собиқ депутат Садир Жапаровни қамоқдан чиқаришган. Жапаров 2013 йилдаги одамларни гаровга олиш иши бўйича 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган бўлган.

Қамоқдан бўшатилгандан кейин Жапаровнинг тарафдорлари лидерига премьерликни ёки президентликни беришни талаб қилишмоқда. Охири уларнинг талаби ҳам бажарилди: олдин Жапаров премьер қатори легитимлашган. Бунга қадар бир қанча депутатлар томонидан Жапаровнинг номзоди таклиф қилингани билан Конституциянинг меъёрлари сақланган эмас. Учинчи марта процедура қонунга мувофиқ ўтган. Бироқ айрим депутатлар уларга таҳдид бўлганини айтишган.

Кейин Садир Жапаров тарафдорларининг президент Сооронбай Жээнбековни истеъфога кетиш талаби ҳам амалга ошди. Улар таҳдидлар билан янги давлат раҳбари сайлангунча президент вазифасини бажарадиган спикер Канатбек Исаев бу ваколатларни Жапаровга ўтказиб беришни талаб қилиб, бунга ҳам эришишди.