«Қирғизча қўшиқ айтиб бўлмайди». «Империя пиццы» кафесининг раҳбарияти кечирим сўради

439

Ижтимоий тармоқларда Бишкекдаги кафеларнинг бирида овқатланиш жойининг маъмури мижозга «қирғизча куйлаш мумкин эмас» деб айтгани тасвирланган видео тарқалди. Воқеа «Империя пиццы» кафе-ресторанида бўлгани аниқланди.

Видео муаллифи унга қирғизча куйлашни тақиқлашаётганини айтган. Овқатланиш жойининг маъмури эса уларнинг “караоке” дастурида қирғизча қўшиқлар йўқ деб билдирган. Бироқ мижоз «мен дастурда Гүлнур Сатилганованинг [қўшиқларини] топдим» деб айтишига қарамай, қирғизча айтиб бўлмайди деган жавоб олган.

Бунинг сабабини маъмурият «компаниянинг шартлари шундай деб» асослаган. Бу жавобдан кейин видеонинг муаллифи компанияни судга беришини айтган.

«Нима учун Қирғизистонда қирғизча куйлаб бўлмайди?», — деб охирида савол берган у.

Кейинчалик лавҳанинг қаҳрамони Интиш Абдилдаев экани маълум бўлди. У фейсбукга «Империя Пиццы» компаниясининг ривожлантириш директори Мээрим Аманованинг мурожаатини жойлади. Аманова уларнинг овқатланиш жойларида қирғизча қўшиқларни куйлаш тақиқланмаганини билдирди.

«[Видеодаги] администраторнинг фикри компаниянинг позициясига тўғри келмайди. Меҳмонимиз билан нотўғри вазият яралди, шу сабаб кечирим сўраймиз. “Хато қилмайдиган оғиз, қоқилмайдиган оёқ йўқ” дейди, шу сабаб ҳар бир хатони кейин такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Бизнинг компания ҳар бир тилга, ҳар бир миллатга ҳурмат билан муносабатда бўлади», — деди Аманова.

Қирғизча қўшиқни сўраган Абдилдаев можаро тўхтатилганини билдирди.

«Империя Пиццы» компанияснинг Қирғизистондаги франшизаси 2007-йили очилган. Компаниянинг бош офиси Россиянинг Москва шаҳрида жойлашган.