COVID-19 юқтиргани учун компенсация фақат 147 шифокорга тўлаб берилди — ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усўнбаев брифингда маълум қилишича, компенсация тўловларини тайинлаш бўйича комиссияга 1 091 тиббиёт ходими ҳужжат топширган. 20 октябрдаги маълумотга кўра, моддий товон пулини 171 ходим олган. Унга яқинларини йўқотган оилаларга берилган тўловлар ҳам киради.

«200 минг сом миқдоридаги маблағ касалликка чалинган 147 ходимга ва 1 млн сомдан ортиқ маблағ касалликдан вафот этган 24 ходимнинг оиласига тўланди», — деб аниқлик киритди Усўнбаев.

Шунингдек у комиссиянинг 19 октябрдаги йиғинида яна 133 тиббиёт ходимига товон тўлаб бериш қарори чиққанини таъкидлади.

«130 касаллик юқтирган ходимларга ва вафот этган ходимнинг оиласига компенсация қаралади», — деб билдирди министрнинг ўринбосари.

Министрликнинг маълумоти бўйича коронавирус пандемияси вақтида Қирғизистон бўйича 3 545 тиббиёт ходими COVID-19 касаллигини юқтириб олган. Уларнинг орасидан 3 184 одам соғайиб, 84 бемор вафот этган.

Ўлкада коронавирус юқтирган тиббиёт ходимлари шунча кўп бўлишига қарамай, улар компенсация олиш жуда қийин бўлаётганини айтиб шикоят қилишган— ҳужжат йиғишда қийинчиликлар ва бюрократия бор. Бундан ташқари, юқтириш иш вақтида бўлганини исботлаш жуда оғир. Агар ходим иш вақтида касаллик юқтирганини исботлай олмаса, унга компенсация берилмайди.