18-октябрда ижтимоий тармоқларда Ўш вилояти Новқат туманининг 26 ёшли яшовчиси Мухаммед Канибек ўғли «милиционерларнинг қийноқларидан кейин вафот этди» деган видео тарқади. Унда марҳумнинг яқинлари «болани уриб ўлдириб қўйишган» деб айтган.
«Милиция шуни қилган бўлса… [йиғлаб]. 15идан 16сига ўтар кечаси олиб келишган ўликхонага… Боламиз шунчалик шафқатсизларча ўлдирилган...», — деб йиғлайди марҳумнинг қариндошларидан бири.
Лавҳадаги яна бир яқини «биз кириб танасини [марҳумнинг] кўрсак, ҳаммаёғи кўкарган. Қаттиқ жисм билан уришган… қонун доирасида ҳуқуқ тартибот органларига чора кўрилсин» деб айтгани эшитилади.
Марҳум Мухаммед Канибек ўғли 15-октябрда Қизилқия шаҳридаги «Айбек» бозоридан Ўш ВИИБининг ходимлари томонидан қароқчиликда гумон қилиниб ушланган. Милициянинг матбуот хизматининг маълумоти бўйича, жорий йилнинг 5-октябрида Ўш шаҳрининг 21 ёшдаги яшовчиси уни номаълум кишилар тўнаб, 4 млн 230 минг сом пулини ва машинасини тортиб олишгани ҳақида милицияга ариза билан мурожаат қилган.
Шунингдек, ариза эгаси ўғрилар таҳминан 25-30 ёшдаги яшовчилар эканини айтиб, тўппонча билан қўрқитишганини билдирган. Мазкур факт Жиноятларнинг ягона реестрига «Қароқчилик» моддаси билан судгача бўлган текширувга олиниб, тергов ҳаракатлари бошланди.
Бу ишга алоқаси бор деб олдин Ўш шаҳрининг Ўн адир кичик туманининг 27 ёшдаги яшовчиси қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилган. Уни сўроқ қилинган вақтда гумондорларнинг бири Канибек ўғли экани маълум бўлган. Милициянинг пресс-релизида у бу вақтгача «қароқчилик» моддаси билан судлангани таъкидланган.
«15-октябрда тахминан соат 20:50лар атрофида милиция ходимлари гумондорни Ўш ВИИБининг тергов хизматига олиб келиш учун Қизилқия шаҳрига борган вақтда милиция ходимлари қуролли қаршилик кўрсатгани ҳаракат қилган. Унинг ёнидан “Форт-12РМ” русумидаги ўқ отувчи қурол 4 ўқи билан олинган», — деб ёзилади Ўш ВИИБнинг маълумотида.
Бундан ташқари пресс-релизда гумондорни Ўш ВИИБига олиб келган вақтда ҳушидан кетиб, ходимлар томонидан «Тез ёрдам» хизматига етказилган вақтда ҳушига келмай вафот этгани айтилади. Суд-тиббий экспертиза тайинланиб, воқеа бўйича терговни МХДҚ назоратига олгани маълум қилинади.
«Танасига пичоқ сайишган, тепкилашган, эркаклик аъзосини янчиб ташлашган»
Канибек ўғлининг жияни Арсланбек Ташов «Клооп»га билдиришича, марҳумни милиционерлар томонидан гумондор қатори ушлангани бўйича унинг яқинларига хабар қилинмаган.
«Бугун милицияга кирсак ёнидан тўппонча чиқди деди. Нарсаларининг ҳаммаси тўппончага айланиб қолибди... қаранг улар нақадар инсофсизлик қилишяпти. Сизлардан илтимос, менинг ҳолим сизларнинг бошингизга ҳам тушиши мумкин, тушганлар ҳам бор, буни шундай қолдирмаслигимиз керак. ким айбдор? Ёрдам беринглар, бу ишга бефарқ бўлманг. Шу болани [марҳумни - ред.] жасадини бир ой бўлса бир дафн қилмай, шу иш битмагунча моргдан олиб чиқтирмайман», — дейди Ташов.
Ташовнинг ўзи ўликхонага кириб, марҳумнинг жасадини кўриб чиққанини айтди. Унга ҳуқуқ тартибот органи ходимлари Канибек ўғли юрак ҳуружидан ўлганини айтишган.
«Боланинг танасига пичоқ сайишган, тепкилашган, жинсий аъзосини эзиб ташлашган, тирноқнинг остини эзишган, шунчалик йиртқичлик билан ўлдиришган. Эй одамлар, мен аҳмоқ бўлсам, менинг атрофимдагилар аҳмоқ эмас, “приступ” билан ўлган боланинг танаси тоза бўлиши керак! Унинг [марҳумнинг — ред.] танасининг ҳамма жойи кўкарган, буйрагининг ҳеч нарсаси қолмаган, тепкилаб ўлдиришган», — дейди Ташов.
Унинг айтишича, марҳумнинг ёнида умумий 520 минг сомга яқин пули, уяли телефони бўлган. Бироқ кейин улар йўқ бўлган.
Акаси Киличбек Гайбалиевнинг айтишича, унинг укасининг жасади Ўш шаҳридаги ўликхонада эканини фуқаролар кийимидаги милиция ходими 17-октябрда хабар қилган. Унинг билдиришича, марҳумнинг машинасини ДАН ходимлари автобазага олиб кетишган. Яқинлари Канибек ўғлининг машинасини топишгандан сўнг ўликхонага йўл олишган. Уларга ҳудудий милиционер етарлича маълумот бермагани учун жасадни уч соат қидириб, аранг топишган.
«Бизни оқловчими милицияга кирса “икки оперативник олиб келган, кейин юраги ҳуруж қилиб ўлганда, моргга олиб боришган” дейишибди. Ҳаммаси ёлғон! “Айбек” бозоридаги видеокамераларни кўрсак, “оперативниклар” иккита эмас, бешта бўлган. Бештаси югуриб ўтиб кетиб, кейин укамни ушлаб келиб машинага солиб кетишган», — деб тушунтирди акаси.
Бундан ташқари, марҳумнинг акаси қариндошлари мустақил экспертиза тайинлашни талаб қилишини қўшимча қилди.
«Мустақил экспертиза Қирғизистонда йўқ бўлгани муаммо бўлмоқда. Ҳеч бўлмаса Бишкекдаги республика экспертизасидан вакил келиб, натижа чиқариб бериши керак. Акс ҳолда милиция ўз манфаати учун хулоса чиқариб олиши мумкин», — дейди у.
Канибек ўғлининг онаси Айтолгон Мамаюнусова ўғли бу вақтгача соғлигидан шикоят қилмаганини билдирди. Ўғли унга 15-октябрда Бишкек шаҳрига аёли билан набирасини олиб келишга боришини айтган. Шу сабаб ўғлининг телефонга жавоб бермаганидан хавотир олган.
«...Олти ойлик боласини, ёш келинимнинг тақдири нима бўлади?! Уларнинг уволичи? Мени болам юраги ҳуруж қиладиган бола эмас эди. Ёшлик қилиб 2015-йили судлангани билан шундан кейин уйланиб, турмуш қуриб, болали бўлиб, ўз тирикчилигини қилаётган бола эди», — деб онаси кўзига ёш олди.
«Милиционерлар жазога тортилишсин»
19-октябрда марҳум Мухаммед Канибек ўғлининг яқинлари ва оқловчиси ОАВларига матбуот йиғини ташкил қилиб, ҳукумат вакилларига ва МХДҚнинг етакчиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилишди. Улар иш адолат билан тергов қилиниб, «милиционерлар жазога тортилишини» талаб қилишди. «Агар боламизни қийнаганлар қамалмай, ҳақиқат қарор топмаса, боламизнинг жасадини Ўшдаги майдонга олиб чиқиб ва Қирғизистоннинг ҳар бир вилоятига бориб кўрсатамиз», — деб яқинлари билдиришди.
«15-октябрда “қидирувнинг болалари” Мухаммедни Ўшга олиб келиб, “розыскнинг” иккинчи қаватида қийнашган. Нимани сўрашгани бизга номаълум. Мен ўзим моргга кириб кўриб чиқдим, бошининг икки миясига травматик милтиқ билан отгандау турибди, буни ҳам экспертиза аниқлайди. Унинг қўлларида, ичларида соғ ери йўқ, оёғининг сонини уч жойига ўткир тоғли нарса билан сайилгани кўриниб турибди, пичоқми ёки бошқа нарсами номаълум», — дейди марҳумнинг яқинларини оқловчиси Мамат Шаиев.
Бундан ташқари матбуот анжуманига келган марҳумнинг яқинлари милиционерларнинг кўрсатмалари бир-бирига мос келмаётганини айтишди.
«Милиция ходимларининг бири Новқатдан йўлда келаётганда “ўлди” дейди, бири эса “тез ёрдамда ўлди” дейди, навбатчи эса “шахсий” машинада тунги соат 1:30лар атрофида олиб келиб, иккинчи қаватга олиб чиқиб кетишди дейди», — деган марҳумнинг яқинлари.
Ўш ВИИБининг матбуот котиби Женишбек Аширбаев «Клооп»га воқеа тергов қилингандан кейин қийноқ фактлари аниқланса, милиционерлар жазога тортилишини билдирди. Унинг айтишича, ҳозирда марҳумнинг ёнидан топилган тўппончага баллистик экспертиза тайинланган.
«Гумондорни қўлга олиш вақтида у қаршилик кўрсатди деб айтишмоқда. Шунингдек унинг ёнидан тўппонча топилган экан. Шу тўппончани тортиб олиш учун милиция ходимлари “кўтариб йиқитгандир” ёки бошқа қилишгандир. Экспертизанинг хулосаси чиқмагунча биз бирор нима деёлмаймиз. Бироқ ушлаган ходимлар “қаттиқ куч ишлатмаганмиз, фақатгина тўппончасини олганмиз” дейишди», — деди Аширбаев.