Садир Жапаров Иссиқкўлдан бошқа барча вилоятларнинг етакчиларини алмаштирди

302

Президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров бир ҳафтага етмаган вақт ичида ҳукумат таркибини ўзгартирди. Бундан ташқари у Иссиқкўлдан бошқа барча вилоят раҳбарларини алмаштиришга улгирди. Бу лавозимларга кимлар келганини кўрамиз.

Ўш вилояти

Ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили этиб Жарасул Абдураимов тайинланди. Абдураимов — ҳусусий тадбиркор, «Ишеним» партияси сиёсий кенгашининг раиси ва Футзал федерацияси президенти.

У 2013-йилнинг ярмидан бошлаб 2015-йилгача «Кумтөр голд компани» ЁҲЖда маҳаллий ускуналарни ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлагани маълум. 2019-йилнинг май ойидан сентябригача иқтисод министрининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Жалолобод вилояти

Жапаров Жалолобод вилояти раҳбарлигига «Мекенчил» партиясидаги партиядоши Абсаттар Сиргабаевни тайинлади.

У 2005-2010-йиллари финполда ишлаб, кейин Сузоқ тумани Барпи қишлоқ ҳудудининг раҳбари бўлиб ишлаган. ОАВларининг маълумотида Сиргабаев Камчибек Ташиевнинг ҳамқишлоғи экани, қолаверса унинг «вакил боласи» экани айтилмоқда.

Ташиев Садир Жапаровнинг сафдош дўсти бўлиб ҳисобланади. Улар бирга «Мекенчил» партиясини тузиб, 2010-йили ўтган сайловга «Ата Журт» партияси қаторида бирга қатнашган.

Чуй вилояти

Ҳукуматнинг Чуй вилоятидаги мухтор вакили бўлиб «Ордо» партиясининг лидери Мирбек Мияров тайинланди.

Мияров 2005-2010-йиллари Бишкек шаҳар телефон тармоғида инженер бўлиб ишлаб, 2012-йилдан 2019-йилгача «Моби строй» қурилиш компаниясига раҳбарлик қилган.

Ҳукуматдан Мияровни мазкур лавозимга тайинлаш ҳақида қарорни «кадрлар потенциалини янгилаш ва давлат хизматига ёш мутахассисларни жалб қилиш» мақсадида қабул қилинди деб тушунтиришди.

Талас вилояти

Талас вилоятининг янги раҳбари бўлиб Айбек Бузурманкулов тацинланди. У 2010-2015-йиллари тижорий банкларда ишлаб, кейинчалик жамоат ишлари билан шуғулланиб, «Янги авлод» ҳаракатини бошқарган.

Бузурманкулов фуқаровий фаол қатори Талас вилоятидаги «Жерүй» олтин кони ҳақидаги масалани бир неча марта кўтарган. У ҳукуматнинг кондан фойдаланиш бўйича танлови қанчалик қонуний ўтганини текширишни талаб қилган.

Жорий йилнинг 24-июнида Бузурманкулов депутат Болот Шернинг таъзиясидан қайтиб келаётганда уни милиция ходимлари ушлашган. Фаол ўша куни «Жерүй» кони бўйича навбатдаги митингни уюштиришни режалаштираётган эди.

Милиция ходимлари Бузурманкулов билан профилактик сўзлашувларни олиб бориб, қўйиб юборишган.

Норин вилояти

Норин вилоятига ҳам янги раҳбар тайинланди. Бу лавозимга Ташиевнинг «Мекенчил» партиясидаги яна бир партиядоши — Сабиркул Ашимбаев келди. Номзодларнинг рўйхатида у ишсиз деб кўрсатилган.

Юстиция министрлигининг маълумот базасида Ашимбаев «ABN ва Со қирғиз-қозоқ компанияси»нинг етакчиси деб кўрсатилган. Расмий маълумот бўйича у улгуржи савдо билан шуғулланади.

Ашимбаев 2010-йили «Ата Мекен» партияси таркибида депутатликка номзодини қўйган. У ўша вақтда «Аалам» газетасининг бош директори бўлган.

Боткен вилояти

Ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили этиб Жанибек Жалалов тайинланди. У олдин Баткен мэри бўлиб тайинланган эди, бироқ 2016-йили ўз ихтиёри билан ваколатларини топшириш бўйича ариза ёзган.

Бундан бир неча йил олдин ҳукумат унинг ишини қониқарли эмас деб топиб, бироқ ишдан четлатмаган.

Иссиқкўл вилояти

Бу вилоятнинг раҳбари алмашмади. Бу вақтгача Бишкек мэриясининг аппарат етакчиси бўлган Балбак Тулўбаев ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили бўйича қолмоқда.

Депутатларнинг бир қисми регламентни ва Конституцияни четлаб ўтиб, Садир Жапаровни премьер-министр вазифасини бажарувчи қилиб тайинлашганда уни қўллаган амалдорларнинг бири Тулўбаев бўлган. У Жапаровни ўлканинг премьер-министри қилиш — бу «ягона қонуний йўл» деб айтган.