Садир Жапаров «ЭлТР»нинг ва «Эркин-Тоо» газетасининг етакчиларини алмаштирди

273

Ҳукуматнинг матбуот хизмати 19 октябрда журналист ва «Супер Инфо» газетасининг собиқ директори Шаиста Шатманова «ЭлТР» давлат телерадио компаниясининг бош директори этиб тайинланганини маълум қилди.

2020 йилнинг январидан бошлаб бу хизматда ишлаб келган Керимбек Каликулов эгаллаган хизматидан бўшатилди.

19 октябрда ҳукуматнинг «Эркин-Тоо» газетасининг бош муҳаррири Дийканбек Керимбаев ҳам ишдан кетди. Ҳозирда бош муҳаррирлик хизматига журналист Бахпурбек Аленов келди.

Барча ўзгаришлар бўйича буйруққа премьер-министр Садир Жапаров қўл қўйди.

Янги ва эски кадрлар

2020 йилнинг август ойида Шаиста Шатманова «Супер Инфо» газетасининг директорлик хизматидан кетган. Шатманова билан бирга Super.kg порталининг директори билан бош муҳаррири ҳам ишдан кетиш бўйича ариза ёзган.

Шатманованинг айтишича, бунга сиёсий қарашларнинг турлича бўлгани сабаб унга кўрсатилган «босим» туртки бўлган. У олдин ҳам таҳририятга босим ўтказилаётгани ҳақида кўп марта айтиб келган.

«Супер Инфо» газетаси билан Super.kg порталини Божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг оиласи билан боғлашади. 2019 йилнинг май ойида мазкур ресурсларнинг эгалари алмашгани айтилган.

FactCheck.kg сайтининг муҳаррири Болот Темиров ҳам таҳририят Матраимовнинг газетага алоқаси бор-йўқлигини текшираётганини билдирган.

“Ҳозирча тугатмадик. Айрим маълумотлар бор. «Супер инфо»нинг янги эгалари Матраимовлар билан бир жойдан, Қорасувдан бўлишади. Эгаси алмашгандан кейин «Супер инфо»нинг жамоаси янги жойга, «Элдорадо» савдо марказига кўчган. Унинг эгаси бизга маълум бўлганидай, Минавар Жумаева ҳисобланади — Искендер Матраимовнинг аёли. Бу алоқалар бор”, — деди у.

Газетанинг асосчиси ва собиқ элчи Киличбек Султан бу маълумотни инкор қилди.

«Супер Инфо» газетаси Қирғизистон ҳудудида 2002 йилдан бери нашр қилинади. Бугунги кунда у энг машҳур қирғиз тилли газеталарнинг бири. Газетанинг Super.kg номли кўнгилочар ва янгиликлар чиқувчи портали ҳам бор.

Журналист Керимбек Каликулов «ЭлТР» каналидан бош директорликка 2020 йилнинг 13 январида собиқ премьер-министр Мухаммедкалий Абилгазиев буйруғи билан келган. Бунга қадар у «Ош шамы» газетасининг бош муҳаррири, ҳукуматнинг «Эркин-Тоо» газетаси бош муҳаррирининг Ўш вилояти бўйича ўринбосари, Ўш шаҳар мериясининг матбуот ходими бўлиб ишлаган.

2014 йилнинг июлидан 2020 йилнинг январигача Каликулов «ОшТВ Телеканалы» МЧЖнинг бош директори бўлган.

Журналист Дийканбек Керимбаев 2017 йили давлат «Эркин-Тоо» газетасининг бош муҳаррири этиб тайинланган. Ўша йили «парламент фаолиятини ёритишга қўшган ҳиссаси, ўз касбининг устаси ва фаол ишлари учун» фахрий ёрлиқ билан тақдирланган.

Журналист Бахпурбек Аленов 2009 йилгача президент матбуот хизматининг ҳудудий оммавий ахборот воситалари секторининг бўлим раҳбари хизматида ишлаган. Кейин «Кыргызфилмофонд»нинг директори этиб тайинланган.

Аленов, 2004 йилнинг мартида мустақил «Энесай» газетасининг бош муҳаррири бўлган вақтда қамоққа олинган. У Қонун чиқариш кенгашининг депутати Тайирбек Сарпашевнинг акасидан 800 доллар талаб қилиш бўйича айбланган. Унда ИИМ Аленов «Энесай» газетасига депутат Сарпашевнинг ноқонуний ишларини ошкор қилувчи материал чиқараман деб қўрқитиб, пул талаб қилган деб билдирган.

Аленов айбини тан олмаслигига қарамай, ИИМнинг матбуот хизмати Аленов сўроқ вақтида айбини тан олди деган хабар тарқатган. Апрель ойида журналист Парламентнинг халқ вакиллари кенгашининг олти депутатининг кафиллиги билан озод қилинган.