Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси, собиқ депутат Азимбек Бекназаровнинг ўлкадаги вазият ҳақидаги интервьюси «Азаттык» радиосида 18 октябрда эълон қилинган. Унда Бекназаров Жээнбековнинг ишдан кетишига туртки бўлган уч сабабни айтди.
Элчи билдиришича, собиқ президент бир қанча сиёсий арбоблар билан учрашганда «мен аввалги позициямда тураман, янги сайловдан кейин кетаман» деган. Бироқ бир соатдан кейин [Садир Жапаров] ва Камчибек Ташиев келгандан кейин ўз фикрини ўзгартириб, ариза ёзиб берган.
“Менинг шахсий фикримча — тарих, вақт ўзи кўрсатади — биринчи сабаби президентга нисбатан катта шантаж бор. Иккинчи сабаби президент халқнинг қони тўкилмасин деди. Учинчидан ёнида бирорта ҳам жамоа бўлмаган. «Биримдик» ҳам йўқ, «Қирғизистон» йўқ, «Мекеним Қирғизистон» йўқ”, — деди Бекназаров.
Бундан ташқари собиқ депутат Жээнбековни «атрофидаги одамлар сотди» деган фикрда.
“Мен [Жээнбековдан] «Қани жамоа, қани 80-90 ўрин олган партиялар?» деб сўрадим. «Атамбаевнинг атрофидагилар ҳам сени сотади» деб қурултойда ҳам айтганмиз. Сотган сиёсатчилар кимда куч бўлса ўша томонга оғиб кетаверишади. Ҳозир ўша «Биримдик», «Мекеним Қирғизистон», ўша одамлар Садирнинг атрофида юришибди”, — деди у.
Шунингдек, Бекназаров Жээнбековнинг энг катта хатоси — «бизда тузилаётган коррупция системасини, сайлов системасини уч йилда қанча таклиф бўлса ҳам бирортасини қилмаган. Эски системадан фойдаланиб ўзининг партиясини олиб келаман деган бўлди» деган фикрда.
Сооронбай Жээнбеков 15 октябрда қирғизистонликларга мурожаат қилиб, президентлик хизматидан кетиш қарорини қабул қилганини билдирган. У бу қарорни «Қирғизистон тарихида қон тўкиб кетган, ўз фуқароларига қарши ўқ отган президент қолгим келмайди» деб асослаган.
Эртаси куни Жогорку Кенеш йиғинида депутатлар Жээнбековнинг истеъфога кетиш ҳақидаги аризасини ҳисобга олишган. Шу куни премьер-министр ва президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров унга собиқ президент мақомини берган.