От-Бошида яшаётган помирлик қирғизга маҳаллий турғун уй қуриб берди

359
Помирлик Абибулла Мухаммадқул ўғли ва унинг оиласи. Сурат: «Турмуш» нашридан олинди

Норин вилоятининг Отбоши туманида 1,5 йилдан бери оиласи билан яшаб келган помирлик этник қирғиз Абибулла Мухаммадқул ўғли уйли бўлди. Унга Тераксув қишлоғига уй қуришга маҳаллий яшовчи Мирлан Ўмуракунов ҳомий бўлган.

Отбоши тумани ҳокимининг ўринбосари Динара Жунусова «Турмуш» нашрига билдиришича, Абибулла Мухаммадқул ўғлининг оиласига янги уйнинг калити 19 октябрда топширилади.

«Уйни ҳужжатлаштириш бўйича қишлоқ ҳукумати билан сўзлашиб, муниципал мулк қатори рўйхатдан ўтказиб қўйсакми деган таклифни айтяпмиз. Сабаби ҳар нарса бўлади. Агар кўчиб кетамиз деб қарор қилса, бу уй муҳтожларга қолаверади», — деб тушунтирган Жунусова.

Бундан ташқари, ҳокимнинг ўринбосари Мухаммадқул ўғлининг қирғиз фуқаролигини олиш учун тегишли қоғозларини Миграция хизматининг комиссияси кўриб чиқаётганини қўшимча қилган.

Афғонлик қирғизларни кўчиб келиши

Ҳукумат 2017 йилнинг охирида Афғонистондан Норин вилоятига 33 этник қирғизни олиб келган. Уларга билим олиш, даволаниш ваъда қилиниб, қолаверса бир оилага уй берилган.

Орадан ярим йил ўтгандан сўнг йигирмага яқин этник қирғиз Афғонистонга таътилга кетиб, Қирғизистонга қайтиб келмаган. Улар қайтишмаганини сабабини Қирғизистондаги ночор ҳаёт ва янги жойга кўникиб кета олмагани билан тушунтиришган.

2019 йилнинг декабрида Ўш вилоятининг Олай тумани Сари-Могол қишлоғига Афғонистондан ўн бир оила кўчиб келган. Улар эски мактабнинг биносига вақтинча жойлаштирилган. Сари-Могол қишлоқ ҳукуматининг раҳбари Рахматилла Саитовнинг айтишича, кўчиб келган помирлик қирғизларга уй қуриш учун мазкур қишлоқдан 7,5 гектар ер ажратилган.

Кейин Олай туманининг Талди-Суу қишлоғига Норин шаҳрида яшаётган помирлик қирғизлар учун уйларнинг қурилиши бошлангани маълум қилинган. Етти уйнинг қурилишига ғазнадан 10 млн сом ажратилган. Ер майдони 1,2 гектарни ташкил қилади. Саитов Талди-Сууга қурилаётган уйлар лойиҳа бўйича тўрт хонали бўлишини айтган.

Ҳозирда Помир қирғизлари — 1575-1930 йиллар оралиғида Афғонистонга доимий яшаш учун кетган қирғизларнинг авлоди. Улар оғир, билим олиш билан соғлигини мустаҳкамлаш учун шароитлари йўқ Юқори ва Кичик Помир тоғларида яшашади.

Помирлик қирғизларнинг бир қисмини 1982 йили турк ҳукумати Туркиянинг Ван ҳудудига кўчирган. Бу ерда ҳозир 50га яқин оила истиқомат қилади.

Муаллиф: Авазбек Садиров