Президент қайтадан ФҲ режимини киргизди, аввалгиси парламентда кўриб чиқилмаган

313

Президентнинг матбуот хизмати Сооронбай Жээнбеков Бишкек шаҳри ҳудудига яна фавқулодда ҳолат (ФҲ) режимини киритганини билдирди.

Матбуот хизмати тушунтиришича, президент унинг ФҲ режими ҳақидаги олдинги фармонини парламент уч кун ичида кўриб чиқмагани сабаб шундай қарор қабул қилган. Қонунга мувофиқ, депутатлар фармонни уч кун ичида маъқуллаши керак, агар бундай бўлмаса ҳужжат кучга эга бўлмайди.

Жээнбековнинг фармонида фавқулодда ҳолат «фуқароларнинг ҳаётини ва соғлигини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат-сиёсий вазиятни тез орада тиклаш мақсадида» киритилди деб ёзилган.

Президентнинг фармонига кўра, фавқулодда ҳолат Бишкекда 12 октябрда соат 20:00дан бошлаб 19 октябрь соат 07:00гача давом этади.

Бишкек коменданти бўлиб яна ички ишлар вазирининг ўринбосари Алмазбек Орозалиев тайинланди.

Фавқулодда ҳолат вақтида одамларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб юришга ва фуқароларга бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, пойтахтда яшамаганларни шаҳардан четга чиқариб, уяли алоқага чеклов қўйилиши мумкин.

Президент бу вақтгача Бишкек ҳудудида 9 октябрдан 21 октябргача фавқулодда ҳолат режимини киритган эди. Парламент депутатлари 10 октябрда «Ала-Арча» резиденциясида йиғинга тўпланишган, бироқ улар бу фармонни муҳокама қилишмаган.

9 октябрда Садир Жапаровнинг тарафдорлари Ала-Тоо майдонидаги мухолифатнинг митингига қўшилгандан кейин президент фавқулодда ҳолат режимини жорий қилишга қарор қилган. Ала-Тоо майдонидаги митингчилар ҳукумат раҳбари лавозимига Ўмурбек Бабановнинг номзодини қўллаб, уларга ҳужум қилганлар Жапаровнинг номзодини қўллашган.

5 октябрда парламент сайловининг натижасига қарши бўлган бир неча минг одам иштирокида митинг ўтган. Натижада митингчилар билан куч органи ўртасида тўқнашув бўлиб, Жогорку Кенешнинг биноси босиб олинган. 6- октябрга ўтар кечаси намойишчилар собиқ президент Алмазбек Атамбаевни, собиқ премьер-министр Сапар Исаковни, собиқ депутат Садир Жапаровни ва бошқа бир қанча амалдорлар билан сиёсатчиларни қамоқдан бўшатишган.

Натижада парламентарийлар премьер-министрнинг вазифасини бажарувчи қилиб Садир Жапаровни тайинлашди. Бироқ юристлар буни легитимсиз деб ҳисоблаган, сабаби депутатлар Конституцияни ва бошқа қонунларни бузишган деб билдиришди.