«Истеъфога чиқишга ҳаққи йўқ». Роза Отунбаева президент Жээнбеков билан учрашди

90
Сурат: Султан Досалиев

Собиқ президент Роза Отунбаева давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков билан учрашганини «24.kg» нашри тасдиқлади. Отунбаева президентга ҳозирги вазиятда «ишдан кетишга ҳуқуқи йўқ» эканини айтган.

«Мен унга ҳозир кетолмаслигини айтдим. Фақатгина руҳий сабаблардан эмас. Сооронбай Жээнбеков ўзининг халқи олдида қасамёд қилган — республика, давлат, бутун қирғизистонликларга хизмат қилишга қасам ичган. Ҳозир у ўлка учун, ҳаммамиз учун темир қалқон бўлиши керак», — деди Отунбаева.

Собиқ президентнинг айтишича, Жээнбеков республикани ҳуқуқий майдонга қайтариш бўйича ваъдасини бажариши керак. Шунингдек, Отунбаева ҳозирги ҳолат бўйича биргина юристлар эмас, жамиятнинг барча тармоқларининг вакиллари ҳам муносабат билдириши кераклигини таъкидлаган — уларнинг орасида маданий ва илмий интеллигенция ҳам бор.

Бу вақтгача президент Сооронбай Жээнбеков агар ҳукумат таркиби қонуний қабул қилинса, у хизматдан кетишга тайёрлигини билдирган эди. Унинг сўзларини премьер-министрнинг вазифасини бажарувчи Садир Жапаров ҳам тасидиқлаган.

«Сооронбай Шарипович билан учрашдим. Агар сизлар ҳукумат таркиби билан тизимини қабул қилиб берсангиз, у ариза ёзиб кетаман деган гапни айтди», — деган Жапаров.

Бироқ Жапаровнинг премьер-министрликка тайинланиши гумон туғдирмоқда — Жогорку Кенешнинг бир нечта депутатлари уни ҳукумат раҳбарлигига қабул қилишга икки марта йиғилишган. Бироқ иккисида ҳам кворум бўлмагани айтилмоқда.

6-октябрда, 35га яқин депутат «Достук» меҳмонхонасида Садир Жапаровни премьерликка маъқуллаб, Миктибек Абдилдаевни спикер қилиб сайланган. Айрим депутатлар ишончнома бергани айтилиб, бироқ бу ҳужжатлар берилгани ёки йўқлиги номаълум. Шунингдек, ўша вақтда премьер-министр Кубатбек Боронов ишдан расмий турда кетмаган бўлган.

Иккинчи марта депутатлар президентнинг «Ала-Арча» резиденциясида 10-октябрда йиғилишган. Бу ерга премьерликка номзодини қўйган Садир Жапаров ҳам келган. Йиғинга 63 депутат қатнашгани хабар қилинган.

Парламентнинг ҳозирги раиси Миктибек Абдилдаев йиғинда 51 депутат ўтирганини, 10 депутат ишончнома берганини ва яна икки депутат мажлисга келаётганини билдирган. Халқ вакиллари бир неча соатдан кеийн Садир Жапаровни премьер-министрликка қўйган номзодини маъқуллаган.

Кўп ўтмай юристлар ва айрим депутатлар, сиёсатчилар Садир Жапаров легитимсиз премьер-министр эканини билдиришган. Уларнинг айтишича, кворум бўлиши учун 61 депутат йиғинда бўлиши керак, кейин ишончнома кучга киради — бу Жапаровнинг номзодлиги қаралган кворум бўлганини билдиради.

Жогорку Кенешнинг вице-спикери Аида Касималиеванинг фикрича, қонун бўйича вице-премьер Алмазбек Баатирбеков ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи бўлиб қолмоқда. Ўзи эса спикер вазифасини бажарувчи бўлиб саналади. Касималиеванинг айтишича, агар кимдир Жапаровни тайинлаш ҳақидаги ҳужжатга парламентнинг расмий қарори қатори қўл қўйса, «бундай ҳаракатлар ҳукуматни куч билан босиб олиш квалификациясига тўғри келиб қолади».

«Оммавий тартибсизликлар уюштириш» жиноий иши бўйича гувоҳ қатори ушланган «Социал демократлар» партиясининг аъзоси Темирлан Султанбеков 11-октябрда қирғизистонликларга ёзма мурожаат қилди. Унда уни қўрқитишаётганини айтиб, очлик эълон қилганини билдирди.

Унинг айтишича, у Бишкек ШИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилганда уни конвоир «Матраимовларникидай қийноқлар билан қўрқитган». Терговчи эса «ҳеч нарсани ҳал қилолмаслигини, у оддий терговчи» эканини айтган.

«Ҳозиргача мени нима учун ушлашганини ўзлари ҳам тушунишмайди. Бир кун аввал мен очлик эълон қилганман, чидаяпман, бироқ ҳақиқатдан ҳам тобим йўқ. Балки менинг ўлимим бирор нарсани ўзгартирар? Мени ҳеч қандай айбим йўқ, мени ҳукуматни очиқ, ҳақиқатни айтиб танқид қилганим учунгина қамашди!» — деб ёзган Султанбеков.

Султанбеков 10-октябрда Қўйтошдан собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг тан соқчиси Канат Сагинбаев билан бирга ушланиб, Биринчи май туман судининг қарори билан 48 соатга қамалган. Унинг иши бугун 12-октябрда, соат 17.00да Биринчи май туман судида кўриб чиқилади.

Оммавий тартибсизликларга боғлиқ қўзғалган жиноий иш асосида Алмазбек Атамбаев, яна бир тан соқчиси Дамир Мусакеев, президент аппаратининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов ва ИИМнинг собиқ ўринбосари Курсан Асанов қўлга олинган.

Айрим сиёсатчилар, фуқаровий фаоллар ва фуқаролар ижтимоий тармоқларда Темирлан Султанбековга қўллов кўрсатиб, уни озод қилишни талаб қилишмоқда. Улар Султанбековни «яхши кадр қатори баҳолаб, ҳукуматнинг ҳаракатидан норози» бўлишмоқда.

Султанбеков сайлов олди дебатларда фаол бўлиб, ўзининг оппонентларига бир қанча «ноқулай саволлар» берган. Айниқса, у Матраимовларнинг партияси бўлган «Мекеним Қирғизистон»ни «ўғриларнинг партияси» деб атаб, ҳукуматнинг «Биримдик» ва президент Сооронбай Жээнбековни танқид қилган.