Бутун республикадаги норозилик намойишларининг иккинчи куни, 6 октябрь тонгида Садир Жапаров «президент бўлсин» ёки «премьер-министрликка лойиқ» деб бақирганлар пайдо бўлди. Кўпчиликда Садир Жапаров ким, бундай оғир вазиятда бошқа сиёсатчи эмас, мана шу Жапаровнинг ҳукумат бошига келишини талаб қилишга қандай асос бор деган савол пайдо бўлди.
Жапаров карьерасини умумий учга бўлиб қараш мумкин. Бу материалда сиёсатчининг босиб ўтган йўли сарҳисоб қилиниб, уни премьерликка «туртишда» қандай қонунбузарликлар бўлганини, бунинг ортида кимлар турганини айтиб берамиз.
1-бўлим. Садир Жапаров — Бакиевнинг тарафдори
Садир Жапаровнинг сиёсий фаолияти 2005 йилнинг мартидаги давлат тўнтарилишидан кейин, Қурманбек Бакиев президентликка келганда бошланган.
Жапаров мустақил бўлгандан тортиб 2005 йилгача колхозда ишчи, «Нурнефтегаз» кичик компаниясининг етакчиси бўлган. Март ойидаги тўнтарилишнинг шарофати билан парламентга депутат бўлиб қолди.
Икки йилдан кейин Қурманбек Бакиев конституцияга ўзгартириш киритиб, президент ваколатларини кенгайтирди. Жапаров ҳукуматнинг «Ак Жол» партияси билан парламент сайловига қатнашди. Унда оқ йўлчилар Жогорку Кенешдан кўп мандатга эга бўлган. Мухолифатнинг фақат оти бўлмаса, ҳукуматга қарши сўзлашга журъат эта олмаган. Давлат раҳбари ҳукуматни истаганча узурпация қилган.
Жапаров кўп вақт депутат бўлмади. Қисқа вақтда президент маслаҳатчиси бўлиб, Бакиевнинг яқин одамларидан бирига айланди.
Яна икки йилдан кейин кулгили давлат органи пайдо бўлди. Бакиев Коррупцияни олдини олиш бўйича миллий агентлик тузиб, унга раҳбарлик қилишни Садир Жапаровга топширди.
Бир йил ичида агентлик так-томири билан ўзгариб, Давлат кадр хизмати (давлат ходимларини олишга жавоб беради) билан бирлашди — бу Жапаров карьерасидаги ортга чекиниш бўлдими ёки коррупция амалдорларни ишга олишдагина бўладиган кўринишми, номаълум.
Мазкур агентликка раҳбарлик қилган бир йил ичида Жапаров кўзга кўринадиган иш қилмаган. Сабаби ўлкада коррупциянинг бошчилари Қурманбек Бакиев билан унинг кичик ўғли Максим бўлди.
2-бўлим. Садир Жапаров — «Ата-журтчи» ва Атамбаевнинг рақиби
2010 йили апрель ойида исён бошланганда Жапаров ўзининг ҳамкасби Камчибек Ташиевдай (Бакиевлар вақтида ФҲМнинг раҳбари бўлган) сиёсий майдондан икки ойча йўқолиб кетган. Уларнинг қораси ўша йилнинг июнь ойида миллатлараро можародан кейин кўринган.
Жапаров тарафдори Ташиев, Бакиевларнинг солиқ хизматининг олдинги етакчиси Ахматбек Келдибеков ва бошқа сиёсатчилар билан ўша вақтдаги воқеаларда фаол иштирок этган. Жапаров ўзининг китобида улар тўқнашувларни олдини олишга чора кўрганини ёзган. Бироқ айрим гувоҳлар сиёсатчилар этник қирғизлар гуруҳига ёрдам беришганини айтиб келишади.
Қирғизистон жанубидаги муваффақиятли ишларидан сўнг Жапаров, Ташиев ва Келдибеков «Ата-Журт» партияси билан 2010 йили парламент сайловига қатнашиб, Алмазбек Атамбаевдин КСДП ва Ўмурбек Текебаевнинг «Ата Мекен» партияларини ортга ташлаган.
Партия, унинг орасида Садир Жапаров вақтли ҳукуматни этник можарони олдини олмади деб ошкора танқид қилиб, ўзининг таъсирини ошириш учун миллатчилик маъносидаги сўзларни тез-тез айтиб турган.
Парламентда «Ата Журт» кутилмаганда кўпчилик коалицияга қўшилиб, Жапаров суд ва ҳуқуқ масалалари бўйича тармоқли қўмита етакчиси бўлиб сайланди. У суд ислоҳотини амалга ошираман деб сўз берган, бироқ бу тармоқ ани қизқитирган эмас.
2012 йилдан бошлаб Жапаров ўзининг вазифаларини бажариш ўрнига туғилган жойи Иссиқкўл вилоятида жойлашган «Қумтўр» конини миллийлаштиришни талаб қилиб, мазкур компания раҳбариятини экологияга катта зарар келтирмоқда, белигача коррупцияга ботган деб айтиб юрди. Натижада ҳамюртлари орасида қўллов топиб, бугун ҳам айримлар Жапаровга нисбатан симпатиясини йўқотишмаган.
Ярим йилдан кейин Жапаров билан Ташиев янги можаро марказида бўлишди — «Қумтўр»ни миллийлаштиришни талаб қилган тинчлик акциясида сиёсатчилар халқни бошлаб Оқ уйга келиб, Ташиев бошчилигида темир тўсиқдан сакраган. Натижада «Ҳукуматни куч билан босиб олиш ёки ҳукуматни куч билан ушлаб туриш» моддаси бўйича айблашган. Ярим йилдан кейин Бишкек шаҳар суди сиёсатчиларни оқлагани билан улар депутатлик мандатларидан ажратилган.
Жапаров бундан кейин ҳам тўхтамай, «Қумтўр»га қарши акцияларни давом эттириб, Қирғизистондаги энг йирик ишлаб чиқариш корхонасини миллийлаштиришни талаб қилди.
Бу кўтарилишлар ортидан яна бир жиддий воқеа бўлиб ўтди — 2013 йили Иссиқкўлнинг маркази Қоракўл шаҳридаги норозилик намойишлари вақтида Жапаров тарафдорлари билан ўша вақтдаги вилоят раҳбари Эмилбек Каптагаевни гаровга олишган. Жапаров бу фактни тан олмагани билан ҳукумат барибир иш қўзғаб, сиёсатчи ўлкадан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Кейин Каптагаев уни ҳеч ким гаровга олмаганини бир неча марта билдирган.
Қирғизистонга тўрт йилдан кейин қайтиб келган Жапаровни зудлик билан ушлаб, МХДҚнинг вақтинча сақлаш жойига киритишди. Шундан сўнг кучайтирилган тартибдаги колонияга 10 йилга ҳукм қилинди.
Жапаровнинг тарафдорлари бир неча марта Бишкекда митинг ўтказишган. Сўнги марта 2020 йилнинг мартида ўтган акция ҳам мақсадига етмай, йиғилганларни милиция куч билан тарқатган.
3-бўлим. Жапаров — премьер?
2020 йилнинг 5 октябрида Ала-Тоо майдонида парламент сайловидан ўтмай қолган 12 партиянинг тарафдорлари йиғилди. Уларнинг орасида актёр Тони Старкка ўхшаб, модали кўз ойнагини таққан Камчибек Ташиев ҳам бор эди. Йиғилган халққа назар солгандан сўнг (бир неча минглаган одамлар оқиб келган эди) қандай келса шундай ғойиб бўлиб, тунда шаҳарнинг марказий қисмида милиция билан халқ тўқнашгунча кўринмаган.
Эртаси куни тонгга яқин Ташиев тарафдорлари билан Садир Жапаровни қамоқдан олиб чиқиб, майдондаги халққа келди. Жапаров йиғилганларнинг олдига чиқиб сўзлади. Ташиев эса Жапаров кейинги премьер-министр эканини айтиб қичқирди. Йиғилганлар бунга қўшилиб кетишди.
Митингга чиққанларнинг бирдамлиги бунчалик тез тугаб кетади деб ҳеч ким кутмаган эди. Йўқ ердан пайдо бўлган Ташиев билан Жапаров бўлиниб, ўз сиёсатларини юргиза бошлашди.
6 октябрда кундузи Адахан Мадумаров, Жанар Акаев, Ўмурбек Бабанов, Альтинбек Сулайманов ва бошқалардан иборат Координация кенгаши ягона куч бўлиб, ўтиш даврида ҳукуматни изга солгандай сезилган. Бироқ кечга яқин Садир Жапаров уларнинг кенгашини тан олмаслигини айтиб, тарафдорлари ЖКнинг 6-чақирилиш депутатлари йиғилаётган «Достук» меҳмонхонаси атрофини қуршаб олишди. Депутатлар янги ҳукуматни легитимлаштиришга йиғилишган, бироқ ким янги ҳукумат эканини ҳеч ким тушунмай турди.
Ўлкадаги юзага келган вазиятда қонун бўйича парламент — ягона легитимли орган. Депутатлар ҳукуматнинг янги таркибини қабул қилади. Бунинг учун қуйидагилар бўлиши керак:
- Энг камида 61 депутатни бир жойга йиғиш;
- Кўпчилик коалиция тузиш;
- Премьер-министрни сайлаб, янги ҳукумат таркибини қабул қилиш:
Ҳукуматнинг янги таркибини президент қабулига бериш (президентдан ким сурарди дейишингиз мумкин) ёки уч кун оралиғида ҳукуматнинг легитимли бўлишини кутиш.
Бироқ бундай бўлмади — «Достук»га фақатгина 35 депутат келди. Улар бошқа 26 ҳамкасбининг ўрнига ишончнома орқали овоз беришган. Лекин йиғин ёпиқ эшиклар ортида ўтгани сабаб бунинг рост-ёлғонлигини аниқлашнинг имкони бўлмади.
Депутатлар Митибек Абдилдаевни янги спикер қилиб сайлашди. Олдин «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлган Абдилдаевнинг тайинланиши ҳам шубҳали ўйларга сабаб бўлди. Чунки спикердан кейин премьер-министрликка Садир Жапаров кўрсатила бошлади. Интернетдаги айрим видеоларга қарасак, унинг номзоди маъқулланди. Бу ҳам қонунни ва Жогорку Кенеш регламентини қўпол бузиш бўлиб саналади.
Парламент сайловининг натижасига қарши йиғилиб, ҳукуматнинг «Биримдик», «Қирғизистон» ва божхона тармоғининг собиқ раҳбари Раим Матраимовга тегишли бўлган «Мекеним Қирғизистон» партияларини овозларни сотиб олди деб айблаганларнинг митинги қизиқ ҳолга келди. Сабаби номи айтилган партияларнинг номзодлари «Достук»ка йиғилиб, кўп ўйланмай премьер-министр қилиб Садир Жапаровни сайлаб қўйишди.
2019 йил охирида бизнинг таҳририят «Азаттык» ва OCCRP билан биргаликда божхона хизматидаги коррупцияни текшириб, бу махинацияларга муассасанинг собиқ раҳбари Раим Матраимовнинг алоқаси борлигини айтиб чиққанимизда — Камчибек Ташиев Матраимовларнинг оиласини ҳимоя қилиб, Раим «оддий яхши йигит» деб билдирганини эслатиб ўтайлик.
«У катта лавозимларда ишламаган, оддий фуқаро. Кўп бўлса — божхонада ўринбосар бўлган, министр ҳам бўлмаган, депутат ҳам бўлмаган. У оддий йигит. Бундай одамни давлат миқёсида қоралаб, коррупция рамзига айлантириш тўғри эмас. Ҳақиқатдан ҳам фактлар бор бўлса, ҳуқуқ тартибот органлари чора кўриши керак. Биз коррупцияни так-томири билан йўқ қилмагунча, ривожлана олмаймиз», — деб Ташиев «Азаттык» берган интервьюсидан билдирган.
5 октябрдаги исёнга Матраимовларнинг «Мекеним Қирғизистон» партиясини парламентга келиши сабаб бўлгани эсга солсак, премьер-министрнинг вазифасини бажарувчи тарафдори халқ олдида Матраимовларни мақтаб юрган одамнинг сайланиши ҳеч бир логикага тўғри келмайди.
Албатта, Ташиев-Жапаров дуэти «қонундаги ўғри» УКТнинг фахрли аъзоси, Иссиқкўлнинг фарзанди, Матраимовлар билан илиқ муносабатдаги Камчи Кўлбаев билан алоқаси ҳақида тарқалган гаплар яна икки хил фикрга сабаб бўлади.