Қорасув туманининг ҳокими Тилек Матраимов Ўзбекистонда қўлга олинди

369
Тилек Матраимов

7 октябрда қирғиз-ўзбек чегарасида Ўш вилоятидаги Қорасув туманининг ҳокими Тилек Матраимов ва унинг ўғли қўлга олинди. Ҳозирда Ўзбекистон уларни Қирғизистонга ўтказиб бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

Матраимов билан бирга бир қанча қариндошлари бўлганини «Кактус Медиа»нашри билдирди. Қўлга олинганлар орасида ЖК депутати Искендер Матраимовнинг ўғли бўлиши мумкин деб тахмин қилишмоқда.

Шунингдек, мазкур нашрда Матраимовлар қирғиз-ўзбек чегарасини дарё орқали ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қилаётганда ўзбекистонлик чегара ходимлари томонидан ушлангани маълум қилинди.

Матраимовларнинг оиласи Қирғизистонда таъсирли ҳисобланади. Уларнинг орасидан энг машҳури бу — божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов. Тилек Матраимов унинг укаси. У Қорасув туманини 2012 йилдан бери бошқариб келади.

Тилек Матраимов 24 сентябрда соғлиги сабаб бир ойлик меҳнат таътилига чиққани маълум.

6 октябрда Қорасув тумани маъмурияти олдига сайлов натижаларидан норози бўлган яшовчилар йиғилган. Улар ҳокимни кетишини талаб қилиб, бинога кириб боришган. Натижада вақтинча ҳоким Руслан Маматов бўлгани хабар қилинган.

Маматов Тилек Матраимов билан телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмаганини айтган. Собиқ божхона ходими, Қирғизистондаги коррупция схемаларининг фигуранти Райимбек Матраимовнинг вакил ўғли Мунарбек Сайпидинов Ўзбекистонга чиқиб кетганини билдирган.

Сайлов натижаси сабаб чиққан норозилик митинги

5 октябрда Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида сайлов натижасини тан олмаган партияларнинг аъзолари ва тарафдорлари навбатдан ташқари митинг бошлашган.

6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар Оқ уйни ва МХДҚ биносини босиб олишган.

Парламент сайлови натижаларини тан олмасдик бўйича митинглар Ўш шаҳрида ва ўлканинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлди. Бу орада ҳукуматнинг Баткен, Норин, Иссиқкўл, Талас ва Ўш вилоятидаги вакиллари ишдан кетишган. Шунингдек, ўлканинг айрим туманларининг ҳокимлари ҳам лавозимни топширишган.

6 октябрда «Бир Бол» партияси лидери, собиқ депутат Алмамбет Шикмаматов вақтинча бош прокурор бўлиб тайинланганини «24.kg» нашрига билдирган.

Шунингдек, у парламент сайловидаги қонунбузарликлар бўйича иш очилишини ва собиқ божхона ходими, журналистик суриштирувларнинг фигуранти Райимбек, Искендер ва Тилек Матраимовларга нисбатан жиноий иш қўзғалишини таъкидлаган. Бироқ Шикмаматов Матраимовларга нисбатан Жиноят ва жазо кодексининг қайси моддалари билан айбланишини айтолмаган. Кейин Шикмаматов ҳеч қандай бош прокурор бўлмаганини айтиб, у Бош прокуратуранинг биносига бош прокурор ва унинг ўринбосарлари билан сўзлашгани борганини билдирган.

Бу орада Марказий сайлов комиссияси 4 октябрда бўлган парламент сайловининг натижаларини бекор қилди.

Журналистик суриштирув

Райимбек Матраимов — Қирғизистондан 700 миллион долларга яқин маблағни яширин йўллар билан чиқариб кетилиши ҳақидаги журналистик суриштирувнинг фигуранти. Бу маблағларни 5 йил давомида курьерлар орқали ташиган Айэркен Саймаити журналистларга мазкур операцияларни Райимбек Матраимовнинг ёрдами билан амалга оширганини айтиб берган. Саймаитининг айтишича, Матраимов божхонадаги порахўрликни қўллаб, Абдукадирнинг яширин бизнесини гуллашига ёрдам берган.

Курьерлар тўсқинликларсиз Абдукадир оиласининг пулларини қонунийлаштиргандан кейин Саймаити ва унинг аёли Вуфули Бумайлияму маблағларининг бир қисмини Матраимовлар оиласига қарашли бўлган «Исмаил Ата» фондига ўтказишган.

Kloop, «Азаттык» ва OCCRPнинг биргаликда амалга оширган текширувлари эълон қилиниши арафасида Саймаити Истанбул шаҳрида ўлдирилган. Бу вақтгача Саймаитининг курьерлеридан бири Хусан Керимов қотиллик қурбони бўлган. Керимов ўша кеча тегишли манзилга етказиш учун нақд 1,6 миллион долларни олишга борган. Курьернинг жасади «Манас» аэропорти олдидаги машинанинг юкхонасидан топилди.

Хусан Керимовдан ташқари иш вақтида йўқ бўлиб кетган курьерлар ҳам бўлган. Керимов ўлдирилишидан бир ҳафта аввал «Мадина» бозоридан 37 ёшли савдогар Хуфур Абдурехманнинг жасади топилган. Бироқ у фақатгина савдогар эмас, «коллектор» ҳам бўлган — Абдурехман бошқа савдогарларнинг пулларини чет давлатларига чиқариш учун тўплаган.

Мазкур суриштирув жамоатчилик орасида резонансга сабаб бўлган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида минглаган одамлар «Оқ уй»нинг олдига коррупцияга қарши митингга чиқишган. Йиғилганларнинг асосий талаби Райимбек Матраимовни қамаш ва реал ислоҳотлар ўтказиш бўлган.

Матраимовларнинг оиласи Kloop, «Азаттык» ва «24.kg» (бу нашр суриштирувларда қатнашмаган, у суриштирувлар ҳақида ўз сайтида эълон қилган) нашрини 60 млн сомлик даъво билан судга бергандан кейин фуқаролар иккинчи митингга чиқишган. Митинг иштирокчилари парламент олдидаги революция ҳайкалининг ёнига йиғилиб, ОАВларига босим ўтказишни тўхтатишни талаб қилишган.

Кейинчалик Матраимовлар «24.kg» нашрига қўйган даъвосини қайтариб олган. Бироқ улар Райимбек Матраимовнинг «ор-номуси билан тадбиркорлик мавқейига» зиён келтирди деб Kloopдан 12,5 млн сом, «Азаттык»дан 22,5 млн сом ва журналист Али Токтакуновдан 10 млн сом талаб қилишмоқда.