Миллий банк тижорий банкларга ишини тўхтатиб туришни тавсия қилди

506

Қирғизистон Миллий банки 6 октябрда тижорий банкларга ва молия институтларига ўз фаолиятини тўхтатиб,  хавфсизлик чораларини кучайтиришни тавсия қилди.

Улар мазкур қарор мамлакатнинг молия ва банк секторининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда молия-кредит ташкилотларининг активларини сақлаш мақсадида қабул қилингани айтилди.

Агар аҳолида молиявий хизматларни кўрсатиш бўйича муаммолар келиб чиқса, Миллий банк молия идораларининг онлайн хизматларидан фойдаланишни тавсия қилади.

«Муассасаларнинг иш-тартиби ҳақида маълумот ҳар бир идоранинг интернет сайтида эълон қилинади. Хавфсизлик чораларини кўриш зарурати туғилса, Миллий банк кузатиб туради ва чора қўлланади», — деб билдиришди Миллий банкдан.

Ҳозирда митинглар Бишкек, Ўш ва мамлакатнинг баъзи жойларида бўлиб ўтмоқда.

Бишкекда 6 октябрь куни тунги соат 3да  сайлов натижаларига қарши норозилик намойиши иштирокчилари Оқ уй ва Бош прокуратурани эгаллаб олган. Шунингдек, улар Бишкек шаҳар мэриясининг биносини ҳам босиб олишган.

Айни пайтда намойишчилар Оқ уйнинг ҳовлисида тўпланишмоқда. Улар партия раҳбарларидан кимнинг қайси лавозимга тайинланганлигини аниқ кўрсатиб беришни талаб қилмоқда.