Баъзи сиёсий кучлар ҳокимиятни ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринишган - Жээнбеков

543

Президент Сооронбай Жээнбеков сайлов натижасига норози бўлганлар «Оқ уй»ни босиб олгандан кейин халққа биринчи марта мурожаат қилди.

У ўз нутқида кеча тунда айрим сиёсий кучлар мамлакат ҳукуматини ноқонуний тортиб олишга ҳаракат қилганини билдирди.

«Сайлов натижаларини баҳона қилиб, улар жамоат тартибини жиддий бузишди. Шаҳар аҳолисининг тинч ҳаётини буздилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига бўйсунмай, шифокорларни калтаклаб, биноларга зарар етказишди. Мен қон тўкилмасин, бирорта ҳам фуқаронинг ҳаётига хавф етмасин деб, куч органларига ўқи чиқарманглар деб буйруқ бердим», — деди Жээнбеков.

Унга кўра, вазиятни кескинлаштирмаслик учун барча чоралар кўрилди, чунки мамлакатда барқарорлик «ҳар қандай депутатлик мандатидан ҳам қадрлироқдир».

«Мен МСКга қонунбузарликларни чуқур текширишни ва агар керак бўлса, сайлов натижаларини бекор қилишни таклиф қилдим», - дея таъкидлади Жээнбеков.

Шунингдек, у сиёсий партиялар раҳбарларини ўз тарафдорларини тинчлантиришга ва ҳуқуқий майдонга қайтишга чақирди.

«Сиёсий партияларнинг лидерларига ўз тарафдорларини тинчитиб, тўпланган ерлардан чиқариб кетишни таклиф қиламан. Барча юртдошларимдан тинчликни сақлаб, провокация кучларига алданмай ноқонуний қадамларга бормасликни илтимос қиламан», — деган президент мурожаатида.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳукуматни қўллаб-қувватловчи “Биримдик” партияси ва Матраимов клани билан боғлиқ бўлган “Мекеним Қирғизистон” партияси 4 октябрь куни бўлиб ўтган Жўғўрқу Кенгаши сайловларида ғолиб чиққан. Шунингдек, «Қирғизистон» партияси ва қисман мухолифатда бўлган «Бутун Қирғизистон» парламентга кириши мумкин.

Бишкекнинг «Ала-Тоо» майдонида ҳуқуқ тартибот органлари билан сайлов натижасига қарши чиққан бир неча минг намойишчилар ўртасида 5-октябрда тўқнашув бўлди. Унинг натижасида 6-октябрь куни тонги соат учларда митингчилар «Оқ уй» билан МХДҚ биносига кириб боришди. Бундан ташқари Бишкек мэриясининг ҳам биноси митингчилар тарафидан олинган.

Татибсизликлар вақтида жароҳат олган 590 киши касалхонага турли жароҳатлар билан мурожаат қилиб, бир киши вафот этди. Ҳозирда 13 киши реанимацияда ётибди.