Ўш вилоятининг Қорасув тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажаришга тайинланган Руслан Маматов маҳаллий ОАВларига интервью берди.
Унда у 6 октябрда мазкур туманда сайлов натижаларидан норози бўлган яшовчилар билан бирга маъмурият олдига келганини айтди. Шунингдек у собиқ ҳоким Тилек Матраимовнинг тарафдорлари билан тўқнашиб, улар йиғилганларни бинога киритмай анча вақт ушлаб турганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, у журналистларнинг «юқоридан босиб олиш бўйича кўрсатма келдими?» деган саволига, ёшлар ўз ихтиёри билан йиғилганини айтиб, кейин уларга қаршилик кўрсатган Матраимовларнинг тарафдорлари ва оға-инилари кетиб қолишганини билдирган.
«Неча йиллардан бери Матраимовларнинг оилавий босимидан жабрланиб келамиз. Қорасувни миниб олган Матраимовлардан қутилганимиздан хурсандмиз. Ҳозирда Матраимовлар қаерда эканини билмайман, вакил болаларига, катталарига қўнғироқ қилиб чақиряпмиз. Келинглар, қонун доирасида яна бирга ишлайлик деб, бироқ келгани келди, келмагани ҳамон йўқ», — деган Маматов.
Шунингдек, Маматов Қорасув туманининг собиқ ҳокими Тилек Матраимов билан телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмаганини қўшимча қилди. Собиқ божхона ходими, Қирғизистондаги коррупция схемаларининг фигуранти Райимбек Матраимовнинг вакил боласи Мунарбек Сайпидинов ҳозирда Ўзбекистонга чиқиб кетганини билдирган.
«Халқ олдида шуни айтиб қўяйин, бундан кейин Матраимовларнинг вакил болаларига, қудаларига, қариндошларига бу ерда ўрин йўқ, олдинги ишларга йўқ қўймаймиз энди», — деб билдирди Маматов.
33 ёшли Руслан Маматов ҳозирда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётганини айтган. У олдин Қашқар-қишлоқ қишлоқ кенгашида беш йил депутат бўлганини билдирган.
Қирғизистонда нуфузли деб ҳисобланган Матраимовларнинг оиласи Қорасув туманидан бўлади. Матраимовлар орасидан энг таниқлиси бу — божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов. Қорасув туманини эса ака-ука Матраимовлардан бир Тилек бошқарган. Матраимов мазкур лавозимга 2012 йили тайинланган. Тилек Матраимов соғлиги сабаб бир ойлик меҳнат таътилига 24 сентябрда чиққан.
Бу вақтгача «Клооп» таҳририятига Қорасув тумани яшовчилари 6 октябрда маъмурият олдига йиғилмоқда деган маълумот келган. Шундан кўп ўтмай «24.kg» нашри ҳоким Тилек Матраимовнинг иш кабинетига кириб борган яшовчилар бошқа бир кишини ҳоким қилиб сайлаб, унга фотиҳа бераётган видеони тасвирга олиб ютубга жойлаган.