Миктибек Абдилдаев ЖК раиси бўлиб, Садир Жапаров премьерликка маъқулланди

571

Жогорку Кенеш раиси Дастан Жумабеков истеъфога кетгани ҳақида парламентнинг Бишкекдаги «Достук» меҳмонхонасида ўтган навбатдан ташқари йиғинида маълум бўлди.

Йиғинга келган ЖК депутатлари буни кўриб чиқиб, қабул қилишди. Маълумотга кўра, тезкор йиғинга 35га яқин депутат қатнашган. Бир қанча депутатлар ишончнома асосида овоз беришган. Дастан Жумабеков 6-чақирилишнинг раиси бўлиб 2017-йилнинг 27-октябрида сайланган эди.

Навбатдан ташқари йиғинга тўпланган халқ вакиллари янги спикер қатори «Бир Бол» фракциясининг депутати Миктибек Абдилдаевни сайлади. Унинг номзоди учун 67 депутат овоз берган.

Абдилдаев парламентдаги кўпчилик коалиция премьер-министрликка Садир Жапаров номзодини маъқуллаганини билдирди. Энди у Жогорку Кенешга ҳукуматнинг дастурини, тизимини ва таркибини таништириши керак.

Шунингдек янги раис Садир Жапаровнинг судлангани бекор қилинганини маълум қилди.

Олий суд судланган Садир Жапаровнинг оқловчиси Базарбековнинг қайта очилган ҳолатлар бўйича жиноий ишни янгилаб бериш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди. Жиноий иш судгача бўлган текширув учун ҚР Бош прокуратурасига юборилади. Судланган Жапаров зудлик билан қамоқдан бўшатилди. Олий суднинг қарори қатъий ва шикоятга ўрин йўқ.

Бу орада амалдаги премьер-министр Кубатбек Боронов истеъфога чиқди.

5-октябрда Бишкекда оммавий митинглар ўтиб, натижада 6-октябрда тунда «Оқ уй» босиб олинди. Кейин митингчилар МХДҚ биносига киришди. 6-октябрда эрталаб айрим партияларнинг вакиллари бир қанча давлат муассасаларини босиб олиб, ўзларини янги раҳбар деб атай бошлашди. Шу куни МСК 4-октябрда бўлган парламент сайловининг натижасини бекор қилди. 13 партия бирлашиб Координация кенгаши тузишди. Улар халқ ишончига эга бўлган халқ ҳукуматини қуришни режалаштиришмоқда.