Ўшда болаларга «Биримдик» партиясининг логотипи бор шарлар тарқатилди

278

30 сентябрда Ўш шаҳридаги Жоомарт Бўкўнбаев ва Михаил Ломоносов номидаги мактаблари олдида ўқувчиларга «Биримдик» логотипи туширилган шарлар тарқатилди. Бу ҳақда фейсбукда «Реформа» партиясидан депутатликка номзод Мирбек Маматкасимов эълон қилди.

“Маъмурий ресурсининг кучига қаранг! 7 ёшли болаларни сайловга аралаштириб бўлмайдику! Мустақилликка қарши чиқишгани учун четлатилмаган партия, шарлар учун четлатилармиди? Агар кимдир буни қора пиар деб айтса, мен  тергов органларига гувоҳларни учраштиришга тайёрман. Улар кўрсатмалар беришади. Камерага ҳам тушган ҳаммаси », — деб ёзган у.

«Биримдик» партиясининг Ўшдаги вакили Медер Абдиманапов бундай шарлар тарқатилганини «Клооп»га тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, шарлар нафақат ўқувчилар ёки болаларга, балки бутун шаҳарга тарқатилган.

“Шаҳар аҳолисига «Биримдик» логотипи туширилган шарларни тарқатиш ташаббуси партиянинг “Ёшлар қаноти”нинг аъзолари томонидан илгари сурилган, бироқ «Биримдик» партиясининг аъзолари тарқатмаган. Улар бизга шундай таклиф билан мурожаат қилишган ва биз рози бўлганмиз. Бу аҳолининг кайфиятини кўтариш мақсадида қилинган тадбир», — деди Абдиманапов.

Шунингдек, у Маматкасимовнинг «маъмурий ресурслардан фойдаланиш» ҳақидаги фикрига қўшилмаслигини билдирди. Унинг айтишича, «Ёшлар қаноти» мактаб биносига кириб, шарларни ўқитувчиларга  бермаган.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулнара Журабаеванинг таъкидлашича эса, бу ҳаракат қонунга зиддир.

«Ушбу ҳолатни текшириш керак. Чунки партия аъзолари ўзларини тарқатса у ҳолда бу қонун бузилишидир. Агар бу бўйича билдирув тушча, МСКнинг ишчи гуруҳи уни махсус йиғилишда кўриб чиқиб, факт тасдиқланса, партияга жарима солиниши ёки огоҳлантирилиши мумкин», - деди Журабаева.

«Қирғизистон Республикаси Президенти ва Жогорку Кенгеш депутатларини сайлаш тўғрисида» ги қонунга кўра, ташвиқот пайтида вояга етмаганлардан фойдаланиш ва уларнинг фотосуратларини қўлланиш тақиқланади.

Аввалроқ  «Қирғизистон» партияси ҳам ўз баннерларида боланинг расмини ишлатгани учун МСК томонидан огоҳлантириш олган эди. 14 сентябрда партия барча баннерларни олиб ташлашга мажбур бўлган.