Жалолободда хусусий бола боғчаларининг ишига рухсат берилди

322

Жалолобод шаҳридаги хусусий болалар боғчаларининг ишлашига рухсат берилди. Жалолобод мэриясининг матбуот котиби Азамат Жээнбековнинг айтишича, бундай қарор фуқароларнинг илтимосига биноан қабул қилинди.

«Аввалроқ, хусусий болалар боғчалари санитар текширувдан ўтказилган эди, сўнгра 7-сентябрда шаҳар штабининг кенгашида рухсат берилди. Боғчалар болалар сонини 15 нафардан ортирмаслиги керак. Агар қайсидир бир болалар боғчаси санитария меъёрлари ва талабларига жавоб бермаса, у ёпилади», - деди Жээнбеков.

Унинг қўшимча қилишича, санитария текширувидан ўтган шаҳар болалар боғчалари 14- сентябрдан бошлаб ишлайди.

Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатдаги барча болалар боғчалари март ойидан бери ёпиқ.

Бунга қадар 25-августда Таълим ва илм вазирлиги мамлакатда давлат бола боғчалари Санитария-эпидемиология хизматининг ва маҳаллий ҳокимиятнинг рухсати билан ишлашини маълум қилган. Шунингдек, ишлашга рухсат олган бола боғчалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган санитария-эпидемиология қоидалари, меъёр талаблари ва алгоритмларига риоя қилишлари шарт.

Мамлакатда 1600дан ортиқ мактабгача таълим муассасалари мавжуд.

22-июлда Бишкек мерияси пандемия вақтида шаҳар мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг 12 нафар ходими  пневмония ва коронавирус инфекциясидан вафот этганини билдирган.

9 сентябрь ҳолатига кўра Қирғизистонда коронавируснинг 87 янги ҳолати қайд этилди. Шу билан Қирғизистонда COVID-19га чалинган беморларнинг сони 44613 кишига етди. 40 336 нафар бемор эса касалликдан тузалди. Инфекция жами 1063 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Муаллиф: Нуриза Абил қизи