Ўшда қурилаётган янги касалхона октябрда фойдаланишга берилади

400
Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков 9-сентябрда Ўш шаҳрида қурилаётган янги юқумли касалликлар шифохонасининг қурилиши билан танишди. Бу ҳақдаги маълумот президентнинг сайтида эълон қилинди.

«Бугунги кунда касалхонанинг эски биноси тўлиқ бузилиб, бир қатор ишлар бажарилган. Тез қурилувчи конструкциялардан  қурилган объектни жорий йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган», — деб ёзилади маълумотда.

Касалхонада 100 ўриндиққан мослаштирилиб, уларнинг 28таси жонлантириш бўлимига қарашли. Жээнбеков қурилиш ишларини совуқ тушгунга қадар тугатилиши кераклигини айтган.

Касалхона қурилиши шу йилнинг июль ойи охирида бошланган. Унинг қурилишига 18 миллион сом маблағ ажратилиб, бир ярим ой ичида фойдаланишга топширилиши айтилган.

 «Қурувчиларни рағбатлантириш»

Ҳукумат коронавирус касали авж олган вақтда — июль ойининг охирида Бишкек шаҳрида ва Норин вилоятида ҳам юқумли касалликлар шифохоналарини бир ойда қуришни ваъда қилган. Афсуски қурилиш ишлар ўз вақтида тугагани йўқ.

Қурилиши 65 фоизга якунланиб қолган пойтахтдаги касалхона биносининг суратлари жамоатчиликда қизғин муҳокама туғдирди — қирғизистонликлар касалхонани «молхонага» солиштиришган.

Касалхона 100 ўринли бўлиб, унинг қурилишига 60 миллион сом маблағ ажратилган.

Ўшанда бош вазир Кубатбек Боронов халққа мурожаат қилиб, қурилиш ишлари тугамагунча танқид қилмасликларини илтимос қилди - у буни ишлаётган қурувчиларни рағбатлантириш зарурлиги билан изоҳлаган.