Бир кадр билан: Баткенлик ўқувчилар онлайн таълим учун гаджетлар етишмовчилиги сабаб ўқитувчининг уйида ўқимоқда

Бишкек шаҳрида яшовчи Умай Арикова ўзининг Фейcбук саҳифасида 17 нафар ўқувчи полда ўтирган ҳолда таълим олаётганининг суратини эълон қилди - ўқувчиларда мактаб столлари ва стуллари йўқ. Арикованинг сўзларига кўра, сурат Боткен шаҳрида олинган.

«Менда гап йўқ. Ушбу фотосуратни жанубдаги ўқитувчи юборган. Рақамлаштириш, онлайн таълим, дейсизлар. Бу болаларга нисбатан камситишдир», — деб ёзади Арикова.

24.kg. нашри боткенликлардан бирига таяниб ёзишича, мазкур ўқувчиларда керакли гаджетлар ва интернет йўқлиги учун улар ўқитувчининг уйида ўқишга мажбур. 

Интернет билан боғлиқ муаммолар, гаджетлар ва телевизорларнинг етишмаслиги кўпроқ регионлардаги аҳоли орасида сезилмоқда. Кўплаб ўқитувчилар ва ота-оналар масофадан ўқитишнинг янги шакли туфайли ўқувчилар сифатли таълим ололмаётганидан шикоят қилишда давом этмоқдалар.

Қирғизистон расмийлари 2020-йилнинг мартидан бошлаб мактабларда онлайн таълимни жорий қилган. Шу йўл билан улар болаларни коронавирус билан касалланишдан ҳимоя қилишни истамоқда.

Аммо ўтган ўқув йилининг тўртинчи чорагиданоқ Таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган махсус таълим дастурида кўплаб камчиликлар борлиги сезилган.

Ота-оналар таълим видеоматериали мактаб ўқувчиларига тушунарсиз эканини, ўқитув дастури мавжуд мобил иловалар ва сайтлар яхши ишламаслиги ёки умуман ишламаётганидан шикоят қилишган. Регионларда вазият янада мураккаброқ.