№2 форма, овоз сотиб олиш. Партиялар парламентга келиш учун қандай йўллардан фойдаланмоқда?

379

Қирғизистонда 4-октябрда парламент сайлови ўтади. Пандемия ва ёзнинг бошида коронавирусга чалинганларнинг кескин ўсиши партияларнинг режаларига ўзгаришларни киргизди. Масалан, партиялар съездларини офлайн режимда ўтказа олмадилар,  одатда бундай йиғинга регионлардан кўплаб одамлар келар эди.

Шунга қарамай, партияларнинг штаби ўз ғояларини агитаторлар орқали жамоатчиликка етказиши мумкин. Сайловолди ташвиқоти 3-сентябрдагина  бошланиши кераклигига қарамай, унгача ҳам партия агитаторлари аҳоли билан иш олиб бораётгани тўғрисида кўплаб хабарлар келиб тушмоқда. Аслида иш усуллари шубҳали - улар сайловчиларнинг паспортларини сўраб,  у ёки бу партияга овоз берсалар, пул беришларини таклиф қилган ҳолатлар кўп. Шунингдек, партиялар регионлардаги  ёки қишлоқлардаги сайловчиларнинг Бишкек ва Ўш шаҳарларига вақтинча рўйхатдан ўтишларига ёрдам кўрсатмоқда.

«Клооп» партиялар сайловчиларни бир участкадан бошқа сайлов участкасига ўтказиш орқали регионлар, Бишкек ва Ўш шаҳарлари учун белгиланган 0,7  фоизлик сайлов бўсағасидан ўтишга қандай ҳаракат  қилаётганини ўрганиб кўрди.

Бу шундай ишлайди: Партия кўпинча сайловчига агар унинг пойтахтда ёки Ўшда қайди бўлмаса пул тўлаб бериб, уни мазкур шаҳарларни участкаларига  форма №2 орқали рўйхатдан ўтказади. Бу дегани сайловчининг овози у рўйхатдан ўтган ерда эмас, Бишкекда ёки Ўшда ҳисобга олинишини билдиради. Агар сайловчи овозини пул берган партияга берса, натижада партия қўллов йўқ бўлаётган шаҳардаги электоратини кўпайтириб олади.

№2 формаси бўйича оммавий қайта рўйхатдан ўтказиш ва овоз сотиб олиш

Партиялар ҳудудлардан ёки қишлоқлардан сайловчиларни олиб келиб, Бишкек ва Ўшнинг участкаларига рўйхатдан ўтказишаётгани ҳақида билдирувлар августнинг бошида интернетда ҳам, ОАВларда ҳам пайдо бўла бошлаган. Жумладан Бишкекдаги участкаларга қайд этилаётгани бўйича маълумотлар кўп тарқаган. Пойтахт турғунлари сайлов куни овоз беришга шошмаганларнинг рўйхатини тўлдиради.

Кўпроқ овоз бериш учун участкани алмаштиришга боғлиқ хабарларда  «Мекеним Қирғизистон» ва «Биримдик» партияларининг номи тилга олинади. Биринчи партиянинг Матраимовлар кланига алоқаси бор экани айтиб келинади, бу партияни пойтахтда қўллаганлар оз. Чунки Бишкекда бу оилага қарши митинглар ўтган. Иккинчи партияни эса ҳукумат билан боғлиқлиги айтилади, бу партия билан президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков сайловга отланмоқда.

«Kaktus.media» нашри эълон қилган ўқувчиларнинг билдирувига кўра, 22-августда «Ак-Орго» массивидаги №77 мактабнинг олдида кўп одам тўпланган. Бу мактабда сайлов участкаларидан бири жойлашган.

Аввалроқ, шу каби одамларнинг оммавий ташиб келиниши Бишкекдаги №47 мактабда аниқланган, у ерда ҳам сайлов участкаси бор.

№60 ўрта мактаб ўқитувчиларидан бири «Клооп»га мактаб ҳудудида №1115 ҳамда 1116 сайлов участкалари жойлашганини айтиб берди. Унинг айтишича, бу участкада «Мекеним Қирғизистон» партияси оммавий турда №2 форма орқали сайловчиларини рўйхатга олган. Тахминан кунига элликка яқин одам рўйхатга олинган.

Унинг фикрича, ҳукуматнинг партияси деб айтилган «Биримдик»нинг вакиллари участкаларда «Мекеним Кыргызстан»нинг сайловчилари рўйхатдан ўтаётганидан норози бўлиб, мазкур мактабнинг директорига босим ўтказишган. Ўқитувчи партия маъмурий ресурсни қўлланиб, директорни ўз истаги билан ишдан кетишга мажбурлади деб ҳисоблайди.

Ўқитувчи таъкидлашича, рўйхатга олиш учун олиб келинганларнинг кўпи процедура нимадан иборат эканини тушинаверишмайди ва уларга пул тўланиши кераклигига имо қилиб, ҳатто қўлларига берилган чекларни кўрсатишади.

«Агар бу ишда сиёсат бўлмаса, у ҳолда нимага бундай ҳаракатлар ўқув йили бошланиши арафасида қилинмоқда? Директорнинг пенсияга чиқишига 2-3 йилгина қолган, у бизнинг жамоани 15 йилдан бери бошқариб келган. Биз жуда хавотирланяпмиз, мен бу ноқонуний деб ўйлайман», — деб айтиб берди у.

Шунингдек, №60 мактабнинг ўқитувчилари директорни хизмат ўрнига қайтариш учун МСКга жамоанинг мактубини йўллашди.

Сайлов участкасини алмаштиришга рози бўлган айрим фуқароларнинг овозини ўзига олиш учун партиялар уларга пул тўлаб беришади. Гувоҳлардан бири «Биримдик» партиясидан пул олганини «Клооп»га айтиб берди. Унинг айтишича, овозни сотиб олиш ҳақида олдиндан гаплашилади. Сайловчи участкага келганда, у ерда уни бир одам кутиб олиб, бутун процедуралардан ўтишни назорат қилиб туради.

«Биз кабинетга кирдик, мени ўша участкага рўйхатдан ўтказишди, келиб овозимни беришим учун сайловчининг қоғозини беришди. Пулнинг ярмини бериб, қолганини овоз берганимдан кейин тўланишини айтиб, бармоқ изини олиб қолишди», — деди у «Клооп»га.

24.kg ахборот агентлиги 27-августда Бишкекда №1131 ва №1132 сайлов участкаларига Қант шаҳридан одамларни оммавий турда олиб келиб қатнашганини хабар қилган. Эшикда бу участкада овоз беришни истаган одамларни икки аёл кутиб олиб, керакли қаватга жўнатиб туришган. У ердан уларни сайловчи қатори расман рўйхатга олишган.

Қантдан ташиб келинган сайловчилардан бири «Мекеним Қирғизистон» партияси учун овоз бериши учун  4 минг сом ваъда қилишганини 24.kgнинг журналистига хабар қилди.  Унинг айтишича, унга сайлов манзилини ўзгартириш усун №2 формаси бўйича ариза топширишни айтиб, тўлдирилган бланк бериб, микроавтобус билан мактабга олиб келишган.

«Бу ерда навбат бор эди. Кўпчилик ёши катта одамлар эди. Ўттиз нафарга яқин одам икки маршрутка билан келишди. Улардан бири кетиб қолди. Бизга рўйхатдан ўтгандан кейин чек берилишини айтишди. Уни агитаторга бериб, шундан кейин у билан штабга бориш керак, пулни ўша ерда беришади», — деди у.

«Азаттык» радиоси Иссиқ-Ата туманининг Новопокровка қишлоғининг турғуни дуч келган воқеани эълон қилган. Аёлнинг айтишича, 24-августда сайловга қатнашаётган партиялардан бирининг вакилиман деган киши қишлоқдаги ҳар бир уйни айланиб, маълум бир сиёсий партияга овоз бераман деганларга пул берилишини айтган.

Рози бўлганларга 1000 сомдан бериб, қолган қисмини сайловдан кейин беришини ваъда қилишган.

«Мен биринчи бориб мактабдаги сайлов участкасига рўйхатдан ўтишим керак экан. Қайси мактаб, қандай йўл билан бориб рўйхатдан ўтаман  - сўрамадим. Мен: “пулни олгандан кейин сайловга боришим шартми?” деб сўрадим. Овоз сотишга ундаган аёл: “Сайловга бормай қўйсангиз, унда менга жарима солишади”, - деб жавоб берди. Улар бизнинг кўчадаги ҳар бир уйга кириб чиқишди», — деб айтиб берди Новопокровканинг турғуни.

№2 форма дегани нима?

Келгуси парламент сайловида бошқа сайловлардаги каби рўйхатдан ўтган еридан эмас, бошқа ердан ҳам овоз бериш мумкин. Бундай ҳаракатлар, масалан рўйхати Норинда, аммо Бишкекда яшаган одамнинг сайлов куни рўйхатдан ўтган ерига бориб овора бўлмаслиги учун қилинмоқда. Унга пойтахтдаги участкага рўйхатдан ўтиб, ўша ердан овоз бериш қулай бўлади.

Сайловчи участкасини алмаштириш учун 20-сентябргача Участка сайлов комиссиясига келиб, №2 формасини — «сайлов манзилини ўзгартириш бўйича ариза» ёзиши керак. Бундан ташқари, у участкада биометрик рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Шундан кейин сайловчи рўйхатга киргизилиб, қайд қилинган участкада овоз бера олади.

«Масалан, сиз Бишкекда қайд қилингансиз, аммо сайлов куни Ўшда бўласиз дейлик, бу ҳолда олдиндан шаҳарнинг ўзингиз истаган МСКсига ариза жўнатасиз, ўшанда овоз беришга бўлган конституцион ҳуқуқингиз бузилмайди», — деб таъкидлайди МСКнинг етакчи ўринбосари Абдижапар Бекматов.

Унинг айтишича, аввал ҳар бир одам бошқа фуқаронинг паспортининг нусхасини олиб келиб унинг учун №2 формани тўлдира оларди. Энди эса, янги талабларга кўра, овоз берувчи жойини алмаштириш учун фуқаро ўзи бориб ариза бериши керак.

«Унинг бармоқ излари олиниб, юз параметри идентификациядан ўтгандан кейингина сайловчининг манзили алмаштирилади. МСКнинг тизимига №2 формасини кимлар, қачон тўлдираётгани бўйича маълумот келиб туради», — деб тушунтиради Бекматов.

Сайловчиларнинг дастлабки рўйхатига кўра, бугунги кунда 3 миллиондан ортиқ қирғизистонлик овоз бериш ҳуқуқига эга.

Партиялар №2 формасини қандай қилиб фойдаланади?

Жогорку Кенешнинг депутатларини сайлаш тўғрисидаги Конституцион қонунга кўра, партия парламентга ўтиши учун бутун ўлка бўйича сайловчиларнинг 7%идан кам бўлмаган овозини олиши керак ва шунингдек ҳар бир вилоят ва Бишкек, Ўш шаҳарлари бўйича 0,7%дан кам овоз олмаслиги керак.

Агар партия қайсидир бир ҳудудда ёки шаҳарда у қадар таниқли бўлмаса, сайлов участкасини алмаштириш унга мазкур ҳудуд ёки шаҳардан 0,7% бўсағасидан ўтиш учун керакли сонда овоз олишга имкон беради. Партия ҳудудлардан қўлловчиларини топиб, уларнинг қўллови йўқ бўлаётган ҳудудга кўчиради.

Агар партия овозларнинг керакли фоизини ололмай қолса, парламентга ўтмайди.

МСКнинг аъзоси Кайрат Осмоналиев тушунтиришича, сиёсий партиядан депутатликка номзод ўз участкасида маълум бир овозга эга бўлиши керак. Агар у бундан овоз тўплай олмаса, партиянинг раҳбарияти уни кўп овоз олган номзоднинг фойдасига мандатидан бош тортишга мажбур қилади.

Осмоналиевнинг айтишича, партиянинг ичидаги рақобат сабаб партиялар сайловдан кейин номзодларининг рўйхатини алмаштиришади, аммо айни вақтда сайловчиларни сотиб олишга боришади. Маълум бир маблағ эвазига улар фуқароларни керакли участкада қайд этилиб, керакли партияга овоз беришни сўрашади.

Бундан ташқари, бу  янги массивлардаги турғунларнинг овозларини олиш имконини беради. Кўп ҳолларда улар ҳудудларда рўйхатдан ўтгани боис, яшаётган уйларининг ҳужжатлари йўқ.

Қирғизистонда сайлов манзилини ўзгартириш учун  №2 форма биринчи марта 2011-йили президентлик сайловида қўлланилган. Унинг муҳтожлиги ўлкада ички миграция ўсаётгани билан тушунтирилган.

Айни вақтда МСКдан билдирилишича, ўша вақтдан бери қанча сайловчи бу формани қўлланиб овоз бергани бўйича статистика ўтказилмайди.

«Биримдик» ва «Мекеним Қирғизистон»нинг реакцияси

«Мекеним Қирғизистон» партияси овоз сотиб олишга боғлиқ барча айбловларни инкор қилмоқда.  Партия овоз сотиб олмай ва ифлос технологияларсиз тоза, шаффоф сайловни қўллашини айтиб, сайловда ғалабага эриши учун ноқонуний ҳаракатларга бормаганини билдирмоқда.

«Ҳозир номаълум одамлар томонидан партиямизни қоралаш мақсадида шу каби видеолар чиқа бошлайди. Биз бошқа аргументлари йўқ бўлганда, курашнинг шундай ёмон усулларига ўтиб кетишини тушуниб, бунга тоқат билан муомала қиламиз»? — деб штабдан билдиришди.

«Мекеним Қирғизистон» партиясидан сайловга отланаётган журналист Элнура Алканова «Клооп»га ижтимоий тармоқларда тарқаётган бундай билдирувларни ҳуқуқ тартибот органлари пухта текшириши кераклигини билдирди.

У шунингдек, текшириб кўрмай, билиб-билмай бошқа бировларни «атайлаб бизга қарши қилмоқда» деб айбловдан улар узоқ эканини қўшимча қилди.

«Биримдик» партиясининг вакили Адилет Султаналиев бундай билдирувларнинг барини келаётган парламент сайловнинг олдида партияни қоралаш ҳаракати деб баҳолади.

«Ҳозирги вақтда турли даъволар ҳар бир партияга айтилмоқда, аммо кўпчилиги асоссиз. Менинг фикримча, бугунги Қирғизистондаги сўз эркинлигини, очиқ-ойдинликни ҳисобга олганда айтилаётган маъмурий ресурсни фойдаланиш деярлик мумкин эмас, аксинча  уни қўлланаман деган партияга хараринигина теккизади. Шу сабабдан “Биримдик” сиёсий партияси ҳеч қандай маъмурий  босимга бормайди. Бизнинг партия сайлов қонунларининг талабларини мустаҳкам сақлайди ва бошқа сиёсий партиялар ҳам бундайга йўл бермайди деб умид қиламиз», — деди у.

МСКдан нима дейишди?

Марказий сайлов комиссияси ҳам сайлов участкаларидаги бузарликлар бўйича эълон бўлган билдирувларга реакция қилди.

Марказий сайлов комитетининг етакчи ўринбосари Абдижапар Бекматов МСКнинг ишчи гуруҳи шаҳарнинг чет қисмидаги қишлоқларнинг яшовчиларини Бишкекдаги участкаларга гуруҳи билан рўйхатдан ўтказаётганда тасвирга олинди деган видеоларни текширишини билдирди.

Унинг айтишича, айтилган участкаларда сайловчиларни қайд қилишда қонун бузилгани тасдиқланса, ўша участка комиссияларнинг аъзолари жавобга тортилади.

«Агар бунга қайси бир партиянинг алоқаси бор бўлганини аниқласа, у ҳолда унга нисбатан чора кўрилади», — деб таъкидлади Абдижапар Бекматов.

Бундан ташқари, МСК аввалроқ сайлов қонунига ва Жазо кодексига қабул қилинган тузатишлар фуқароларнинг овозларини оммавий сотиб олиш ҳолатларини бартараф қилишга имкон яратишини айтган.

Янги низомларга кўра, овоз сотиб олишга гумонланганлар 5-категориядаги жаримага тортилади, аниқроғи 220 минг сомдан 260 минг сомга қадар жарима тўлашга мажбур бўлади. Агар сайловчиларни сотиб олиш оммавий турда юз берган бўлса, унда қонун бузган киши 2,5 йилгача озодликдан ажратилиши мумкин.

Бунга қарамай, МСК аъзоси Кайрат Осмоналиевнинг билдирувига қараганда, Бишкекда 50 мингдан ортиқ сайловчилар №2 формасини тўлдириб, овоз берувчи участкасини алмаштиришган.

«19-сентябрга қадар сайловчиларнинг охирги рўйхати тузалгунга қадар, фуқароларнинг рўйхатдан ўтказилган ерини алмаштириши давом этаверади. Нима учун одамлар сайлов участкаларини алмаштирмоқда? Кўп ҳолатда бу сайловчиларни сотиб олиш билан боғлиқ», — деб айтди Кайрат Осмоналиев.

Президент Сооронбай Жээнбеков ҳам партияларнинг № 2 формаси орқали овоз бериш учун участкаларни алмаштиришга ёрдамчи бўлишаётганига эътибор қаратди.

У бундай билдирувларнинг барига ваколатли органлар тарафидан қарорларни тезкор турда қабул қилиш бўйича текширувлар ўтказилиши кераклигини таъкидлади.