Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев Қирғизистондан қочқинлик мақомини беришни сўради

297

Ўзбекистонлик мухолиф журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Наталя Котикнинг айтишича, журналистнинг қочқин мақомини олиш тўғрисидаги аризаси қабул қилинган.

Унинг айтишича, агар ушбу масала бўйича ижобий қарор қабул қилинса, у ҳолда адвокатлар ўзлари ҳимоя қилаётган журналистнинг депортациясига қарши чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Адвокатлар БМТнинг Олий комиссариати ва Давлат миграция хизматига икки шикоят топширишган. Шикоятларни кўриб чиқиш тўхтатилмаган - ҳозирга қадар уни бирон бир давлат идораси рад этгани йўқ.

Шунингдек ҳимоячи тараф МХДҚ ходимларининг журналистга нисбатан қийноқ қўлланишгани сабаб судга мурожаат қилади.

Аввалроқ Абдуллаевнинг бошқа адвокати Тимур Қарабаев мижозининг очиқ хатини кўрсатган эди. Унда журналист ҳибсга олингандан сўнг, МХДҚнинг тергов изоляторидан унга адвокатсиз Ўзбекистонга жўнатиш тўғрисидаги қарорга имзо қўйиб беришни таклиф қилишганини айтиб берган. Бироқ, Абдуллаев ҳужжатни имзолашдан бош тортган ва кейинчалик тергов изоляторида уни қийнай бошлашган.

«Улардан бири мени темир каравотга ётқизиб, сочиқ билан бўға бошлади. Мен чидамай қолиб, чап қўлим билан ерга қулаб, ўнг қошим билан темир каравотнинг бурчакларига урдим. Чап қўлим ва ўнг қош тарафим ёрилди. Юзимдан қон кета бошлаганда тергов изолятори ходимлари камерани шоша-пиша ёпиб, чиқиб кетишди. Чап қўлим ва ўнг қошимда ўша ердан олган излар қолди», — деб ёзган Абдуллаев мактубида.

Журналистнинг хатида унга ҳужжатларга қўл қўйиб беришни нафақат Миллий хавфсизлик давлат тергов ҳибсхонасида, балки сўроқ пайтида ҳам таклиф қилинганлиги айтилган. Абдуллаевнинг адвокатларни чақириш ҳақидаги илтимосига «улар ўлиб қолган» деган каби жавоб беришган.

Абдуллаевнинг адвокатлари журналистнинг ҳибсга олиниши бўйича биринчи марта шикоят қилишаётгани йўқ. Бундай шикоятлардан бирини МХДҚнинг ТИЗОсига ёзишган.

Адвокат Наталя Котик уч адвокатнинг бирортасини ҳам икки ҳафталик карантин баҳонасида Абдуллаев олдига киргизмай қўйишганини хабар қилди. Шу билан бирга, адвокатлар МХДҚнинг ходимлари уларга журналистни ҳимоя қилиш борасидаги ишга тўсқинлик қилаётганини бир неча бор айтишган.

«Биз ваколатимизни суиистеъмол қилишаётгани бўйича масала кўтарганмиз, чунки адвокатларнинг фаолиятига бевосита тўсиқ бўлган», — деб билдирди иккинчи адвокат Тимур Карабаев.