Норин туман ички ишлар бошқармаси Чет-Нура қишлоқ ҳукуматида «овоз сотиб олишга» уринган қишлоқ ҳукумати етакчиси Азамат Мусуркановнинг воқеаси бўйича судгача тергов бошлади. Бу ҳақда ИИВнинг матбуот котиби Адинай Шаршеева билдирди.
Аввалроқ Мусурканов маҳаллий турғунлар билан учрашиб, уларни парламент сайловида «Биримдик» партиясининг номзоди Улан Бакасовни қўлловга чақирган видеоси тарқаган. Мусуркановнинг айтишича, номзод 300дан кам бўлмаган овоз учун 500 минг сом нақд олиб келмоқчи.
«Юқорида кўрсатилган видеодаги тўпланган гувоҳларнинг шахси аниқланиб, уларни тергов ишлари ўтказилиб, тушунтириш хати олинган», — деди Шаршеева.
Мазкур воқеа Жиноятларнинг ва қилмишларнинг умумий реестрида «Сайловчиларни сотиб олиш» моддаси билан қайд қилинди. Қонунга кўра, ушбу жиноятга айбдор деб топилган фуқароларга 180 мингдан 220 мингга қадар жарима солиниши мумкин.
«Биримдик»нинг номзоди қишлоқ ҳукумати етакчисини судга берди.
Айни вақтда «Биримдик» партиясининг номзоди Улан Бакасов Чет-Нура қишлоқ ҳукуматининг етакчиси Азамат Мусуркановни унинг «шаънига ва обрўсига путур етказгани учун» Норин шаҳар судига мурожаат қилгани маълум бўлди.
Бакасовнинг вакили Майрамбек Омурбаевнинг айтишича, қишлоқ ҳукумати етакчиси турғунларни тўплаб олиб, ҳақиқатга тўғри келмаган маълумотни айтган.
«Бу суҳбат кимдир тарафидан видеога олиниб ижтимоий тармоқларга тарқаб, жамоатчиликда Улан Бакасовнинг номига нотўғри фикрлар айтилган», — деб ёзган Омурбаев.
«Биримдик»нинг номзоди Мусуркановдан тарқатган маълумотига раддия беришни талаб қилмоқда.